Ўзбекистон | 14:10 / 07.04.2019
39803
4 дақиқада ўқилади

«Уй-жой амнистияси» тўғрисидаги фармон ижроси алоҳида назоратга олинган

Фото: Flickr

Ўзбекистон Президентининг ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни қонунийлаштириш ҳақидаги фармонининг ҳудудлардаги ижроси тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан алоҳида назорат олинган. 

Kun.uz’га келиб тушаётган хабарларга кўра, Тошкент вилоятида охирги икки кун давомида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишни асоссиз пайсалга солаётган ўнлаб масъул шахслар жавобгарликка тортилган, аризаларни кўриб чиқувчи комиссияларнинг барча аъзолари қонунбузарликка йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирилган, 2000дан ортиқ аризалар бўйича қарорлар қабул қилинган. 

Суҳбатлар жараёнида адлия органлари вакиллари томонидан фармон ижроси доирасида виждонсизлик билан мурожаат қилиш ҳуқуқини суиистеъмол қилаётган, акция эълон қилингандан кейин уй-жой, пойдевор кўтариб, уларни расмийлаштиришга ҳаракат қилаётган шахслар фаолиятига ҳам қонуний баҳо бериш бўйича ишлар алоҳида назоратга олиниши таъкидланган. Тошкент туманида бу борада жиноят иши ҳам  очилгани қайд этиб ўтилган. 

Юқоридаги мазмундаги адлия органлари томонидан президентнинг уй-жой амнистияси тўғрисидаги фармони ижроси бўйича қатъий чоралар кўрилаётгани ҳақидаги хабарлар Самарқанд, Жиззах, Андижон вилоятларидан ҳам келиб тушмоқда. Хусусан, куни кеча Самарқанд вилояти кадастр бошқармаси раҳбари жавобгарликка тортилгани ҳақида ишонарли маълумотлар мавжуд. Хабарларга кўра Тошкент вилояти ва бошқа ҳудудларда вазифаларига совуққонлик бир қараётган бир қатор мансабдор шахслар жавобгарликка тортилиши кутилмоқда.

2018 йил 20 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинган эди.

2018 йил 21 июнда Вазирлар Маҳкамаси Президент фармони ижросини таъминлаш юзасидан қарор қабул қилди ва шу асосда мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлади.

Низом тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жисмоний шахсларнинг қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини белгилайди.

2019 йил 1 майгача давом этадиган акцияда мулк ҳуқуқини эътироф этиш ва кадастр ҳужжатлари 2та шарт асосида берилади: ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ, тураржой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ерда жойлашмаган ва ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик талабларини, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса.

Қарор кўп қаватли уйларга ва уларга туташиб кетган ер участкаларига ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга, нотураржойларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Фуқаролар ўзбошимчалик билан қурган иморатга мулк ҳуқуқини олиш учун ўша ҳудуддаги давлат хизматлари марказлари орқали туман (шаҳар) ҳокими номига ариза билан мурожаат қилади. Аризага мурожаат қилувчининг паспорт нусхаси, оила аъзолари, ерга эгалик қилган муддат ва иморат қурилган вақт тўғрисида маҳалла фуқаролар йиғинидан маълумотнома тақдим қилади. Бундан бошқа ҳужжат талаб қилиш мумкин эмас.

Аризани кўриб чиқиш учун давлат хизматлари маркази томонидан йиғим ундирилмайди, фақатгина бир марталик акция доирасида энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида йиғим тўланади. Агарда мурожаат этувчи ёлғон маълумот тақдим этса, ариза рад этилади.

Ариза асосида кадастр хизмати томонидан ўрганиб, хулоса берилгач, туман комиссияси иморатга мулк ҳуқуқини эътироф этиш ёки рад этиш тўғрисида қарор чиқаради.

Мавзуга оид