Амир Темур Андижонда кимга қарши курашган?
Инсон ўзи яшаб турган макон тарихи ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишга интилиши табиий ҳол. Ҳар бир киши «Асрлар силсиласи, тамаддун менинг заминимда қандай кечган экан?», деган саволга жавоб ахтаради. Буюк Ипак йўлига дахлдор Андижон қадимги даврдан, бундан деярли 2,5 минг йилдан бери тамаддун саҳнасида ўз ўрнига эга бўлган азим шаҳардир.
Амир Темур ва Темурийлар сулоласи Андижонда узоқ йиллар ҳукмдорлик қилгани мозийдан барчамизга аён.
Соҳибқирон Амир Темур ҳамда темурийлар ҳақида таълим даргоҳлари ва оммавий ахборот воситалари орқали маълумотлар бериб борилса-да, ушбу шажара ҳақида барибир камдек. Мақола тайёрлаш жараёнида Андижон шаҳри аҳолиси вакилларидан Амир Темур бу шаҳарда бўлганини билиш-билмаслигига қизиқиб сўровнома ўтказганимизда деярли барча елка қисиш орқали жавоб қайтарди.
Сабабини эса борган сари китоб мутолаа қилувчилар сони озайиб бораётганидан излаш керакдек. Чунки, ўлкамиз ҳақида юқори савияда ёзилган тарихий китоблар жуда кўп.
Мақола ёзиш давомида тарихчи олимлар Рустамбек Шамсуддинов ва Абдураҳмон Исҳоқовнинг «Андижон тарихидан лавҳалар» китобидан фойдаландик.
Темурийлар даврида Андижон
«Андижон тарихидан лавҳалар»да келтирилишича, Андижон Амир Темур ва темурийлар даврида маълум бир маънода мустақилликка эга бўлган йирик иқтисодий ва маданий марказлардан бири бўлган. Бу шаҳар Моварауннаҳр вилоятлари ва бошқа мамлакатлар билан алоқаларни амалга оширган, бу ерда зарб қилинган пуллар бошқа жойларда ҳам муомалада бўлган.
«Тарихи Рашидий»да Амир Темурнинг Моварауннаҳр ҳудудларини бирлаштириш учун олиб борган ишларида Фарғона водийси, хусусан, Андижон вилояти ўзига хос стратегик мавқега эга бўлгани баён қилинган.
Амир Темур Шарқий Туркистонни ўз салтанати таркибига киритиш учун Жета улусига беш марта ҳарбий юриш қилган. Саркарда 1375 йил бошида Жета улусига қарши учинчи юришида Фарғона водийси ва Шарқий Туркистоннинг бир қисмини Чиғатой мўғулларидан тозалайди. Лекин Амир Темур қўшинига дуғлат уруғидан бўлган, Жета улуси ҳукмдорлигига даъво қилган амир Қамариддин жиддий қаршилик кўрсатади. Соҳибқирон учинчи юришида амир Қамариддин қўшинларини мағлуб этиб, уларни Қошғар тарафларга суриб чиқаришга муваффақ бўлган.
Амир Темур бу юришдан кейин, 1375 йил бошида Фарғона водийсининг бош шаҳри бўлган Андижонга амир Ҳамидни доруға, яъни ҳоким этиб тайинлайди.
Соҳибқирон 1376 йилнинг март ойида Хоразмга қилажак учинчи юришидан олдин амирлардан Сори Буғо, Одилшоҳ, Хитойи Баҳодир ва Элчи Буғони 30 минг лашкари билан яна хавф солаётган амир Қамариддинга қарши юборади. Қўшин водийга келгач, Сори Буғо билан Одилшоҳ фитна уюштириб, қолган икки амир Хитойи Баҳодир ва Элчи Буғони ҳибсга оладилар. Фитначиларга Андижон ҳокими амир Ҳамид ҳам қўшилади ва улар қўшинни жамлаб, Амир Темурнинг Хоразм юриш қилаётганидан фойдаланиб, Самарқандни эгаллаш учун ҳарбий юриш бошлайдилар. Амир Темур эса Хоразм юришини тўхтатиб, ортга қайтишга мажбур бўлади. Унинг келаётганидан хабар топган фитначилар Самарқанд қамалини тўхтатиб, Дашти Қипчоқ томон чекинадилар ва Ўрусхондан паноҳ топадилар.
Фитна бостирилгач, Амир Темур 1376 йилнинг ёзида иккинчи ўғли Умар Шайх Мирзони Андижон вилоятига ҳоким қилиб тайинлайди. Бу пайтда Андижон Фарғона водийсининг асосий шаҳри бўлиб, ҳали тўла бўйсундирилмаган Шарқий Туркистон ва Қошғар ҳудудларини забт этишда Андижон асосий плацдарм вазифасини бажарар эди.
Амир Темурга қарши фитна барбод бўлганидан кейин Дашти Қипчоққа бориб, Ўрусхондан паноҳ топган амирлар Сари Буғо ва Одилшоҳ ўз қўшини билан Жета улусига келиб, амир Қамариддин билан иттифоқ тузади. Уларнинг маслаҳати билан амир Қамариддин Андижонга ҳужум қилиб, кўп жойларни вайрон қилади.
Бунинг устига қозоқ ҳазорасининг ҳам Умар Шайх Мирзодан юз ўгириб, душман томонига ўтиб кетиши вазиятни мураккаблаштиради. Кўп сонли душман олдида ожиз қолган Умар Шайх Мирзо Андижон шарқидаги тоғлик ҳудудга чекинишга мажбур бўлади. У Саман исмли кишини Самарқандга Амир Темур ҳузурига юбориб, душман «Андижонни зер-забар қилгани» хабарини етказади.
Амир Темурнинг Андижонга келиши
Амир Қамариддиннинг Андижонга ҳарбий юриш қилгани хабарини олган Амир Темур зудлик билан Самарқанддан водий томон йўл олади. Бу Соҳибқироннинг Жета улусига тўртинчи юриши эди. Бундан огоҳ бўлган амир Қамариддин чекинишга мажбур бўлади. Амир Темур бу юришда ҳам амир Қамаридинни тўла мағлуб эта олмайди. Саркарданинг катта ўғли, амирзода Жаҳонгир Султон Мирзонинг вафот этиши ҳарбий юриш вақтинча тўхтатилишига сабаб бўлган эди.
Тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асари таржимонлари ўз изоҳларида Соҳибқирон Амир Темур 1375 йилнинг баҳори ва ёзида Фарғона водийсининг шарқидан ғарбигача биринчи марта кесиб ўтганини қайд этишган.
«Андижон тарихидан лавҳалар» китоби муаллифлари андижонлик тарихчи олим Сайфиддин Жалиловдан шундай иқтибос келтиришади: «Бу ерда изоҳ талаб нуқталардан бири – Амир Темур Самарқандга қайтишда ҳам Андижонда бўлганми?», деган саволдир.
Соҳибқирон мўғулларга қарши набираси Жаҳонгир бошчилигида Фарғонага қўшин юбориб, ўзи ҳам Андижонга келган эди. Бу 1375 йил бошига тўғри келади. Амир Темур «Пайтак» (ёки «Байтак») мавзесида 53 кун туриб, қишни шу ерда ўтказгани иккала «Зафарнома»да таъкидланган.
Водий бўйлаб Самарқандга қайтишда қайси шаҳарларда бўлгани манбаларда кўрсатилмаган. Аммо, Соҳибқиронни Хўжанд ҳокими сертакаллуф Одилшоҳ Марғилонга келиб кутиб олган. Шундай бўлгач, Амир Темур Андижонга кетган икки йўлдан бири бевосита Андижон шаҳридан ўтиб, «Бобурнома»да тилга олинган Банди Солор карвон йўлига чиқар эди. Амир Темур қайтишда қайси шаҳар ва қишлоқларни босиб ўтганини аниқлаш ҳам ўлкашуносликнинг муҳим вазифаларидандир».
Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири,
сурат муаллифи: Жавлон Назаров
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
14:41 / 06.11.2024
5 сотих ерни фуқарога расмийлаштириб бермоқчи бўлган экология бўлими бош инспектори 20 минг доллар билан ушланди
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
11:52 / 02.11.2024