Ўзбекистон | 13:57 / 11.04.2019
36512
2 дақиқада ўқилади

Айрим давлат идоралари сайтида порнографик маълумотлар жойлаштириб юборилган

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ташкил этилган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган “Ахборот хизматлари фаолиятига оид назарий ва амалий аспектлар” мавзусида икки кунлик ўқув-семинари бўлиб ўтмоқда.

Тадбирнинг кириш қисмида сўзга чиққан агентлик директори биринчи ўринбосари Авазбек Хожиметовнинг маълум қилишича, жуда кўпчилик давлат идоралари ахборот хизмати кўнгилдагидек ишламайди ва бу семинар айнан мана шу муаммоларни бартараф этишга қаратилган. 

Чунки бугунги кунда ягона ахборот сиёсатини юритиш, хуружларга муносиб ва холис жавоб қайтариш жуда муҳим масалага айланган.

Мисол учун, хорижий нашрлардан бирида пойтахт Тошкентда 30 мингдан ортиқ уйлар ноқонуний бузилаётгани ҳақидаги асоссиз маълумот эълон қилинган ва уни миллиондан ортиқ фойдаланувчилар кузатганлар. Буни рад этувчи жавоб икки кундан кейингина эълон қилинган.

Давлат ташкилотларининг расмий саҳифаларида ҳам муаммолар етарли. 159 давлат ташкилоти, 119 идоранинг (74 фоиз) расмий веб-сайтларида хабарлар мунтазам тўлдириб борилади, бироқ 40та ташкилот сайтида янгиликлар вақтида янгиланмайди, яъни ҳафтасига камида битта маълумот жойланмайди. Агентлик томонидан бу борада тегишли чоралар кўрилмоқда, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, тақдимномалар киритилмоқда. 

Баъзи давлат идоралари веб-сайтларда менталитетимизга ёт ҳавола ва гиперҳаволалар жойлаштирилган, уларнинг айримлари ҳатто порнографик характерда. Назоратсиз қолдирилган форумларда фойдаланувчилар истаган маълумотларини жойлаштирмоқдалар. 178 давлат идораси, 81 ташкилотнинг телеграм расмий канали йўқ, борларининг ҳам фаолияти қониқарли эмас.

Тадбир давомида етакчи мутахассислар томонидан ахборот хизмати фаолияти ва жамоатчилик билан муносабатларга оид тренинглар бўлиб ўтмоқда.

Мавзуга оид