Жамият | 19:35 / 18.03.2019
14923
4 дақиқада ўқилади

“Ko‘ngil ko‘zi” – кўзи ожизлар учун улкан имкониятлар

Бугун, 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан “Kongil kozi” лойиҳаси тақдимотига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида дипломатик корпус, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, вазирликлар, идоралар, имконияти чекланган, жумладан кўришда муаммоси бўлган инсонлар билан ишлашга ихтисослашган давлат ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, шунингдек, кўзи ожизлар махсус мактаб-интернати ўқувчилари, журналистлар иштирок этди.

Тадбирда агентлик директори вазифасини бажарувчи Комилжон Алламжонов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда ногиронлиги мавжуд инсонларнинг ижтимоий ҳимоясини кафолатловчи қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигини таъкидлаб ўтди.

Имконияти чекланган инсонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва реабилитациясига кўмак беришга қаратилган давлат ва жамоат тузилмалари фаолият юритмоқда. Ногиронлиги мавжуд инсонлар учун махсус мактаб-интернатлари ташкил этилган. Улардан 12 тасида 3 минг нафардан ортиқ кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар таҳсил олади. Бундай мактабларнинг фаолият юритиши ногиронларнинг тарбияси, умумтаълим ва касб-ҳунарга ўргатиш, кейинчалик эса уларнинг ишга жойлашишига кўмак беради.

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда фоизли квоталар киритилмоқда. Бу эса уларнинг олий маълумотга эга бўлишини таъминлаб, жамиятга мослашиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Махсус қарорга мувофиқ “Кўзи ожизлар босмахонаси” корхонасининг матбаа ускуналарини модернизация қилиш, бинолари ва ишлаб чиқариш хоналарини таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган “Ko`ngil ko`zi» лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг тасдиқланган.

Маълум бўлишича, бу босмахона моддий-техник базаси эскирган, биноси 1967 йилда қурилган. Ундаги ускуналар ўтган асрнинг 60-80-йилларидан бери ишлаб келмоқда. Имкониятлар чеклангани боис махсус алифбодаги 48 турдаги дарсликларга эҳтиёж бўлгани ҳолда 18 тур дарсликларгина чоп этилмоқда.

Яқин келажакда Агентлик ушбу лойиҳа доирасида нафақат барча махсус мактаб-интернатларни зарур ўқув китоблари билан таъминлашни, балки ўқув материалларни тушунарли ва осон кўринишда етказиб бера оладиган “Ўргатувчи адабиёт”, А. Навоий, А. Қодирий, Чўлпон, Жомий каби адибларнинг машҳур асарларини ўзида жамлаган “Ўзбек адабиёти дурдоналари” туркум аудиокитобларини нашр этишни йўлга қўйишни режалаштирган.

Тақдимот якунида мавзу доирасида баҳс ва мунозаралар бўлиб ўтди, унда иштирокчилар “Ko`ngil ko`zi” лойиҳасини амалга оширишда Агентлик билан ҳамкорлик ўрнатиш борасида ўз қизиқишларини билдиришди.

Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан махсус мактаб-интернат ўқувчиларига совғалар топширилди. Болаларга аудио-эртакларни ўзида жамлаган колонкалар ҳамда Брайл шрифтида чоп этилган ўзбек эртаклари тўплами тақдим этилди.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги вакиллари эътибори яна бир масалага қаратилди: кўзи ожиз болалар ўртасида фақат икки фан – она тили ҳамда математикадан олимпиадалар ўтказиб келинмоқда, ҳолбуки оддий мактабларда 17 фандан олимпиадалар бўлиб ўтади.

Тадбирда иштирок этган Kun.uz вакилининг “Кўзи ожизлар босмахонаси” корхонасини модернизациялаш доирасида етакчи сайтларда махсус хайрия акциялари ўтказиш ҳамда сахий инсонларга ўз саховатларини амалга ошириш борасида имконият яратиш таклифи кўпчилик томонидан қўллаб қувватланди.

Мавзуга оид