Фан-техника | 10:35 / 12.04.2019
6265
3 дақиқада ўқилади

120 млрд долларга баҳоланган Uber компанияси акцияларини биржага чиқаришини эълон қилди 

Фото: Eric Risberg / AP

Uber Technologies компанияси рақобатчиси Lyft Inc. компанияси ортидан ўз акцияларини Нью-Йорк фонд биржасида бирламчи жойлаштиришга (IPO) расмий ариза берди.

Аризада айтилишича, биржада 1 млрд долларлик акциялар жойлаштирилади. Гап комиссион тўловларни амалга ошириш учун зарур бўлган шартли сумма ҳақида бормоқда. Bloomberg ахборот агентлигининг таъкидлашича, компания жойлаштирадиган акциялар қиймати кўпроқ бўлиши мумкин, бу эса компанияга жорий йилдаги энг йирик IPO’га даъвогарлик қилишга имкон беради. 

Компания ўз аризасида молиявий кўрсаткичларини ошкор қилган. Унга кўра, компаниянинг 2018 йилдаги даромади 11,3 млрд долларни, соф даромади эса 997 млн долларни ташкил қилган. Оператив харажатлар 3,03 млрд доллар етган.  

Шу билан бирга Uber’да келгусида компания режалаштирилган даромадга эриша олмаслиги хатари мавжудлиги маълум қилинган. Бу ҳолат нархни тушираётган рақобатчиларнинг ҳаракатлари ҳамда турли давлатлардаги тартибга солувчи идоралар томонидан босим билан тушунтирилган. Компанияда таъкидланишича, мавжуд муаммоларга қарамай компания бир қатор давлатларда энг йирик ўйинчи ҳисобланади ҳамда унинг хизматидан 90 млндан кўпроқ одам фойдаланади.       

WSJ нашри ўтган йил октябрда Goldman Sachs ва Morgan Stanley компаниялари Uber’нинг IPO олдидан баҳоланишини ўтказиб, уни 120 млрд долларга баҳолашганини маълум қилган.   

Март ойида Uber’нинг асосий рақобатчиси Lyft Inc. ҳам IPO’ни амалга оширди. IPO қиймати 2,34 млрд долларни ташкил қилган ва бунинг эвазига жорий йилдаги энг йириги бўлган. Дастлаб компания акциялари 72 доллар турган, кейин нархи кўтарилган, бироқ охир-оқибат 61 долларгача арзонлашган. Бунинг оқибатида компаниянинг бозор нархи 17,4 млрд долларгача пасайган.    

Uber Technologies Inc. АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида жойлашган хусусий компания бўлиб, такси излаш, уни чақиртириш, ҳақ тўлаш ва таомлар етказиш учун мобил дастур ишлаб чиққан. Uber дастури ёрдамида буюртмачи машина буюртириб, унинг кўрсатилган жойдаги ҳаракатланишини кузатиши мумкин. Аксарият ҳолларда ҳайдовчилар ўз машиналаридан, таксопарклар ёки ҳамкорлар машиналаридан фойдаланадилар. Кўпчилик давлатларда хизмат ҳақининг 80 фоизи ҳайдовчи ҳисобига, 20 фоизи компания ҳисобига ўтказилади. 

Мавзуга оид