Жамият | 19:02 / 12.04.2019
29655
2 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: Булоқбоши қирлари қизғалдоқлардан алвон тусга кирган кунлар..

Баҳорнинг авж палласи лолалар, қизғалдоқлар гуллаган пайтга тўғри келса не ажаб... Бобур таъриф берганидек, йигитликнинг энг юксак чўққиси гўё. Қизиллик, жўшқинликдан дарак беради. 

Айни пайтда Андижоннинг Булоқбоши тумани қир-адирлари алвон ранг қизғалдоқлар билан безанган. Эътибор берсак, сал тегинсангиз тўкилиб кетадиган баҳор гулининг нозиклигини ҳатто мавжудотлар ҳам билар экан. Атрофда ўтлаб юрган йилқи, мол-қўйлар ҳам қизғалдоқларга эҳтиёткорона муомалада.

Булоқбошига борувчи адир ичидаги довон йўлининг икки тарафида, йўл четлари, қир ёнбағирларига қизғалдоқлар беармон чиқибди. Бизга ҳамроҳлик қилган Ихтиёржон ва Ильдарбеклар билан ўзимизча, “Дунёнинг турли жойларидаги табиатга илҳақ бўлиб борамиз. Ўзимизнинг ҳудуднинг ҳам гўзалликда улардан қолар жойи йўқ”, дея фикрлашдик.

Ҳа, айтгандай.. Қалдирғоч келибди. Меҳмон қушчалар бокира табиат қўйнида қадрдон ўт-ўланлар билан суҳбатлашиб учиши, ўспирин қиз-йигитлар, кичкинтойларнинг гўзаллик билан танишаётганига ҳам гувоҳмиз. 

Фотоускунам ёрдамида Яратган қудрати билан ҳар бир чизиғи, ранги мукаммал бунёд этилган гўзал гуллар ва борлиқни суратга олдим. Томоша қилиб завқланинг. 

Муҳаммад Юсуфдан икки мисра шеър шу жойига ошиқчалик қилмас:

Қизғалдоғим, қирдан бўлак кошонанг йўқ,

Кокил ёйсанг, ердан бўлак тошойнанг йўқ,

Ўксиб-ўксиб турганингда ўзим бориб,

Пешонангдан ўпай десам, пешонанг йўқ...

Қадринг билган, дардинг билган, айт, киминг бор?..

Келиб-кетар баҳор сенга бевафо ёр,

Гўзалсанки, сенга бари гуллар ағёр,

«Оҳ» урсанг, бир оҳинг тинглар остонанг йўқ...  

Матн ва суратлар муаллифи: Элмурод Эрматов, Андижон.

Мавзуга оид