Ўзбекистон | 10:25 / 14.04.2019
72167
6 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчилари неча соат ишлаши керак?

Фото: Dreamstime

Турли иштибоҳлардан холи  давлат сиёсати ўз йўналишини ижобий томонга ўзгартириб бормоқда. Қисқа муддат ичида катта марраларни забт этиш вазифаси қўйилди. Давлат ташкилотларига уларнинг асосий мажбурияти —  халқ билан мулоқот қилиш эслатиб қўйилди. Шунинг учун давлат хизматчилари олдига йирик масштабдаги топшириқлар бериляпти. Буни нимаси ёмон, дерсиз? 

Ватан равнақи йўлида тинмай меҳнат қилишни қоралаш ниятидан йироқмиз. Аммо масаланинг бошқа жиҳатини ҳам кўриб чиқиш лозим: кун-у тун фақат иш билан банд бўлган давлат хизматчиси оиласига қанча вақт ажратиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Айрим ҳукумат ташкилотларида маълум тизимга қўйилмаган иш вақти оқибатида жамиятда қандай муаммолар йиғилиб қолганлигидан хабардормисиз? Соҳадаги биргина вақт муаммоси қанчалик муҳим? Мавзу юзасидан фикр олишда ижтимоий ҳаётда ҳал қилувчи ўринга эга ўрта элит қатлам вакилларидан кўмак сўралди.

«Тизимли ёндашувни амалиётга татбиқ қилиш керак»

Социолог Завқиддин Гадоевнинг айтишича, давлат хизматларида фаолият олиб бораётган шахсларнинг вақт меъёрларига амал қилмасдан ишлаши шахсий ҳаёт ва саломатликка путур етказиши мумкин.

«Давлат хизматларини ташкил этишда тизимли ёндашув янада мукаммалашса, менимча, бюрократия анча чекинади, соҳа ходимларининг зўриқиб ишлашига ҳожат қолмайди. Тизимли ёндашув нималардан иборат? Электрон ҳужжатлар алмашинуви, электрон ҳисоботлар – бир сўз билан айтганда e-government (электрон ҳукумат)ни активлаштиришимиз керак», — дейди у.

«Ота-онанинг болага ажратаётган кунлик вақти ҳар йили 3 дақиқага камаймоқда»

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази лойиҳа раҳбари Феруза Акрамова эса ота оилада намуна объекти бўлиб, иқтисодий жиҳатдан таъминловчи шахслигига урғу берди. 

«Шунинг учун у асосий вақтини кўчада ўтказади. Лекин бу оиласига вақт ажратишни хоҳламайди, деганимас. Иложи борича фарзанд тарбиясига ҳисса қўшишни хоҳлайди. Ҳарбийларда тадқиқот ўтказганимизда, фарзандларига қанча вақт сарфлашлари бўйича савол бердик. Маълум бўлишича, улар кўпроқ вақтини оиласи билан ўтказишни хоҳлашади, аммо хизматчилик бунга йўл қўймайди. Ота-онанинг фарзандига ажратаётган вақти айни вақтда 10 дақиқани ташкил қиляпти. Ҳар йили 3 дақиқадан йўқотиб боряпмиз», —  дея қайд этган у.

Акрамованинг билдиришича, отанинг болага ажратадиган вақти унда шахсий фазилатларнинг шаклланишида, ўзига бўлган ишончини ошишида катта рол ўйнайди. 

«Мактабнинг юқори синф ўқувчилари (8, 9, 10) билан «Интеллектуал жиҳатдан истеъдодли ёшлар ўртасида ота-она муносабатларининг хусусиятлари» мавзусида тадқиқот ўтказдик. Шуни аниқладикки, отанинг суҳбати қиз боланинг тафаккурини шаклланишига ҳисса қўшса, ўғил боланинг эса хулқ-атворига таъсир қилади. Афсуски, ҳозирги вақтда оталар ҳатто ўғлига эътибор беролмаяпти. Бу қандай оқибатларга олиб келади? Фарзанд уйда онадан тарбия олса, боғча, мактаб, ундан юқори таълим муассасаларида аёл мураббийлардан сабоқ олиши бора-бора ўғил боладаги сифатларнинг йўқолишига олиб келади. Кейинчалик эса масъулиятсизлик, қатъиятсизлик, қарорларни мустақил қабул қилолмаслик, оилада ўз сўзига эга бўлмасликни юзага келтиради», —  дея қўшимча қилган Феруза Акрамова.

Жуда кўп ажралишларга сабаб бўлаётган омиллардан бири фарзанд тарбиясида отанинг ўрни йўқлиги, деб ҳисоблайди Акрамова. 

— Ҳаётда тўғри йўлни кўрсатувчи идеал модел вазифасини фақат она бажаряпти. Шунинг учун ўғил рафиқаси ва онаси ўртасида муносабатлар балансини сақлай олмаяпти. Натижада, сўнгги ҳал қилувчи қарорни ўғил қолиб она чиқаряпти. Менталитетда эркак киши асосан боқувчи сифатида қаралиши ҳам юқоридаги вазиятларга олиб келади, — дейди у.

«Ходим раҳбарга яхши кўриниш учун ҳам узоқ вақт ишлайди»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев отанинг оиласига кам вақт ажратиб, кўп вақтини ишда ўтказиши фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши аниқлигига ишонади.

«Бироқ бир нарсани ҳисобга олиш керак: ҳеч ким ўзи хоҳлагани учун атайин узоқ вақт ишда ўтирмайди. Бунинг маълум сабаблари бўлиши мумкин,бироқ шуни унутмаслик керакки, ҳар ким иш вақти тугаганидан сўнг ишдан уйига кетиши мумкин. Афсуски, раҳбарларга яхши кўриниш ва нормага солинмаган иш ҳажми сабабли айрим ҳолларда кўпроқ эркаклар ишдан ташқари вақтда ҳам ишда бўлишади. Бу меҳнат қонунчилиги талабларига зид», — дея қайд этади у.

Депутатнинг фикрича, шундай ҳолатда оилада она фарзанд тарбиясида ташаббусни қўлга олиб,оилада ота ва онанинг ўрнини тушунтириши,бола қалбига сингдириб бориши керак. Бунда аёлдан зукколик ва зеҳн талаб қилинади. Агар аёлда бундай хусусиятлар бўлмаса, ота ишдан ташқари вақтини оиласи билан ўтказгани маъқул.

Кам вақт сарфлаб ҳам улкан марраларни забт этиш мумкин. Бутун кун идорада қоғозга кўмилиб ишлаш кейинчалик самарадорликни оширишига ишонасизми? Юқорида айтилганидек, тизимли ёндашувни қўллаш вақти келмадимикин? 

Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қилинг: идораларда вақтни тўғри тақсимлаш (time management)га унчалик аҳамият берилмаяпти. Энг аввало, раҳбар ва ходимлар ўз вазифаларини аниқ белгилаб олишлари ва уни қандай қилиб бажариш мумкинлигини англаб етиши лозим. 

Шунингдек, оптимал ечимга «Давлат хизматчиси тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини расман қабул қилиш орқали эришиш мумкин. Унда давлат хизматчисининг вазифаси, мажбуриятлари тўлиқ ўз ифодасини топиши лозим. Қонунни тайёрлашга малакали психологларни ҳам жалб қилиш мақсадга мувофиқ бўларди. Бу кейинчалик пайдо бўлажак ижтимоий муаммоларни олдини олган бўларди.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид