Ўзбекистон | 20:27 / 21.04.2019
7123
2 дақиқада ўқилади

«Ҳамдўстлик қалқони—2019» иштирокчилари машғулотлар режасини келишиб олишди

Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги

Бугун, 21 апрель куни «Фориш» тоғ дала полигонида «Ҳамдўстлик қалқони—2019» ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотларида иштирок этиш учун 20 апрель куни келган Туркия ҳамда Покистон ҳарбий делегацияси билан учрашув ўтказилди. 

Ўзбекистон, Туркия ва Покистон ҳарбий делегацияси раҳбарлари иштирокида ташкил этилган йиғилиш давомида 22—27 апрель кунлари «Фориш» полигонида ўтказиладиган машғулотлар режаси, ҳарбий хизматчиларнинг кун тартиби ва махсус-тактик ўқувлар ўтказиладиган жойлар муҳокама қилинди. Йиғилиш якунида бу ерда яратилган шароитлар томонларни тўлиқ қондираётгани сабаб ўқув режасига ўзгартириш киритмасликка келишиб олинди. 

Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги
Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги

Шундан сўнг меҳмонларга «Фориш» полигони ҳамда ундаги объектлар билан яқиндан танишишлари учун экскурсия ташкил этилди. Экскурсия якунлангач, Ўзбекистон Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамбли томонидан концерт дастури намойиш этилди. Ўзбекистонлик ҳарбий санъаткорлар томонидан покистон ва турк тилида куйланган дилтортар қўшиқлар меҳмонларни хушнуд этди.

Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги

Эслатиб ўтамиз, мазкур ўқув машғулотлари 2019 йилга мўлжалланган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Покистон ва Туркия қуролли кучлари ўртасида ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ бир қатор тизимли тадбирлар асосида амалга оширилмоқда.

Эртага, 22 апрель куни «Ҳамдўстлик қалқони—2019» ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотларининг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги
Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги

Мавзуга оид