Жаҳон | 09:08 / 30.04.2019
8309
2 дақиқада ўқилади

Японияда императорнинг тахтдан воз кечиши билан боғлиқ маросимлар бошланди 

Фото: REUTERS

30 апрель эрталаб Япония императори Акихито синтоист ибодатхонасида тахтдан воз кечиш билан боғлиқ диний маросимларни бажо келтиришни бошлади. 

Маҳаллий телевидение императорнинг Касикодоро ибодатхонасига ўзининг кетаётгани ҳақида синтоист худоларига маълум қилгани кираётганини намойиш қилган. Сўнгра у ерда императорнинг тахтни эгаллайдиган тўнғич ўғли Нарухито ибодат қилган.

Бундан аввалроқ 85 ёшли император Япониянинг турли ҳудудларида 11 та шундай маросимни амалга оширган.  

Императорнинг тахтдан воз кечиш расмий маросими Токиодаги императорлик саройида маҳаллий вақт билан 17:00да бошланади. 

Маълум қилинишича, маросимда бош вазир Синдзо Абэ нутқ сўзлаб, императорга миннатдорлик билдиради. Шунингдек, Акихитонинг ўзи ҳам император сифатида сўнгги сўзини айтади. 

Маросимда императорнинг рафиқаси Митико, валиаҳд шаҳзода Нарухито, Япониянинг қонунчилик, ижрочилик ва суд ҳокимияти ҳамда маҳаллий бошқарув органлари вакиллари, жами 338 киши иштирок этади.

Император расман 30 апрель яримтунда истеъфога кетиб, 30 йил давом этган Хэйсэй – “Тинчлик ўрнатилиши” даврига якун ясайди. У бошқа ҳеч қандай расмий мажбуриятларни бажармайди. Акихито ҳаттоки ўғлининг тахтга ўтириши маросимида янги императорга халақит қилмаслик учун иштирок этмайди.

Янги императорнинг тахтга ўтириши билан Японияда “Рэйва” – “Ажойиб уйғунлик” даври бошланади.

1 май куни янги император Нарухито алоҳида маросимда императорлик регалиялари – қилич ва зеб-зийнатлар ҳамда 126-император эканининг исботи сифатида императорлик муҳрини олади. Кейинроқ у бош вазир ва жамоатчилик вакиллари билан учрашади.

Акихито Японияни милоддан аввалги 660 йилдан бери бошқариб келаётган сулоланинг 125-императори ҳисобланади. 

Японияда тахтдан 60 дан кўпроқ император воз кечган. Охирги марта бу 1817 йилда юз берган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид