Спорт | 13:14 / 01.05.2019
17579
15 дақиқада ўқилади

«Юлдузлар мос келганда». «Аякс»нинг зафарли юришига назар

«Аякс» ҳайрон қолдиришда давом этяпти. Бу эса, жамоа атрофидаги турли мулоҳазаларга сабаб бўлиши табиий. Кимдир 90-йиллардаги «Аякс» қайтганини айтса, яна кимдир Европада янги куч пайдо бўлаётганини иддао қилмоқда. Келаси мавсумда жамоанинг асосий юлдузлари сотилиб кетишини ўйлаб, уларга ачинаётганлар ҳам бор. Аввалроқ, «Манчестер Юнайтед» ҳақидаги мақолаларда «Аякс» номи тилга олина бошланди ва 2017 йилдаги Европа Лигаси финали эсланди. Ўшанда бу икки жамоа майдонга тушган ва инглизлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. «Икки йилда «МЮ» қанақа аҳволга тушди-ю, «Аякс»нинг етиб келган жойини қаранг. Мана менежмент, дейилади» баъзи мулоҳазаларда.

Биласизми, мен бу фикрларнинг бирортасига ҳам қўшилмайман ва «Аякс»нинг натижаларидан қандайдир оламшумул тенденция қидиришдан йироқман. Ўша 2017 йилда амстердамликларни бошқарган Питер Бош жамоани тарк этиб, Дортмундга борди ва у ердан истеъфога чиқиб ҳам улгурди. Ҳозир «Байер»да ишлаяпти. «Аякс»нинг ҳозирги мураббийи Эрик Тен Ҳааг билан Бошнинг орасида эса, яна икки мураббий ишлаб улгурди. Эрикнинг «Аякс»га келганига энди бир йилдан ўтди, холос. Ўша финал ўйинида «Аякс»нинг етакчи ўйинчиларидан бири бўлган Давинсон Санчес ҳозир «Тоттенҳэм»да, Деви Классен эса «Вердер»да... Ўша жамоанинг ҳужумдаги етакчиси Каспер Дольберг эса, асосий таркибдаги ўрнини Давид Нересга бўшатиб берган. Бугунги етакчи Тадич «Аякс»даги илк мавсумини ўтказяпти.

Яъни, «Аякс»ни уч йил Луи ван Гаал қўл остида маълум даражага етиб, Европани забт этган «Аякс-95»га ўхшатиш ҳам, жамоани 2017 йилдаги кўчатларнинг меваси сифатида қараш ҳам хато, менимча.

«Аякс» ўша биз билган ҳар доимги «Аякс». Ҳар доимгидек ёш юлдузчалар етарли бўлган, чиройли ўйин намойиш этадиган голланд жамоаси. Улар йигирма йилдан бери қилиб юрган ишларини давом эттиришмоқда, бу йилги натижа қандайдир ўзгариш, қандайдир доҳиёна тизим ёки муносабат маҳсули эмас.

«Манчестер Юнайтед» ёки «Барселона»да академиядан Маттейс де Лигт каби ҳимоячи чиқиб, суперюлдузга айланишини кутиш ҳам хато. Чунки топ-жамоаларда футболчига 16 ёшдан имкон берилмайди, 18 ёшда у жамоа сардорига айлантирилмайди. «Аякс» доим бундай сиёсатда ишлай олади, чунки ҳар 20 йилдаги мана шундай муваффақият бутун Европа уларга тан бериши учун етарли. Топ-жамоаларда бундай устунлик йўқ, улар ҳар йили, ҳар ўйинда кучли бўлишлари керак, ҳар сафар даъвогар мақомида қолишлари шарт. Шунинг учун ҳам, улар доимий равишда академиядан юлдуз ясашга уринмайдилар ҳам, ундан кўра тайёр юлдузларни сотиб олиш арзонроққа тушади ва натижага салбий таъсир кўрсатмайди.

Демак, «Аякс» тизимини футболда тренд сифатида қабул қилиш тўғри бўлмайди. Бугунги шароитларда ҳеч қайси топ-клуб бу йўлдан бормайди. «Аякс» ўзи каби «ПСВ» ёки «Порту» каби ўзига ўхшаган жамоаларга ўрнак бўлиши мумкин, шундоқ ҳам бу жамоаларнинг ишлаш принциплари аввалдан ўхшаш. Жамоа таркиби ҳам «таламон» бўлиб кетишига ишонмайман. Де Лигт ва Де Йонг шундоқ ҳам топ-клублар нишонида эди. Булар сафига яна ван де Бек ва Нерес қўшилар балки. Зиёш ва Тадич каттароқ ёшда ва улар бошқа клублардан келишган. Блинд ва Шёне фаолиятларини шу ерда тугатишса керак. 

«Аякс»нинг ЕЧЛнинг жорий мавсумдаги юриши эса, футбол учун қандайдир катта воқеа эмас. буни айнан бир турнир нуқтаи назаридан, сабабларни ҳам айнан мана шу ўйинлардан келиб чиқиб таҳлил қилган тўғрироқ бўларди, деб ўйлайман. Хўш, асосан қайси факторлар «Аякс»ни финал остонасига олиб келиб қўйди?

БОСИМ ЙЎҚЛИГИ ВА ТАРКИБ

«Тоттенҳэм»даги кечаги ўйиндан кейин кўпчилик «Аякс»нинг дадил ўйинини эътироф этди ва чорак финалда худди шу стадионда меҳмон бўлган «Манчестер Сити» билан қиёслади. Эсингизда бўлса, Пеп Гвардиола ўша ўйинда ўта эҳтиёткор тактика танлаган ва ўйин жуда ёпиқ ва зерикарли тус олганди. Кўпчилик ўшанда испаниялик мураббийни айблаган ҳам.

Албатта, гап бу ерда «Аякс» манчестерликлардан фарқли равишда Лондонда ҳужумкор ўйнай олиш салоҳиятига эга эканида эмас, Эрик Тен Ҳаагнинг ҳолати Гвардиоланикидан кескин фарқ қилишида. Пеп Гвардиола Манчестерга жамоани Европанинг энг кучли жамоаларидан бирига айлантириш ва шунингдек, Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиш учун ҳам таклиф этилган. Ўтган мавсумда АПЛни катта фарқ билан ютган мураббийдан энди еврокубокларда ҳам муваффақият кутишади. Ҳар қандай босқичдаги мағлубият «Манчестер Сити» учун катта муваффақиятсизлик саналади. Гвардиолада «Тоттенҳэм»га қарши дадилроқ ўйнаш имконияти ва бунинг учун ижрочилар савияси «Аякс»дан кўра каттароқ бўлса-да, айнан шу босим ундан эҳтиёткорликни тақозо қиларди. Яъни, Гвардиола жамоаси натижа устун бўлиб турган пайтда ўз ўйини ва услубига содиқ қолиш имкониятидан воз кечди. Шунга мажбур эди.

Нимчорак финал ва ҳатто гуруҳ босқичидан бери бундай талаб юқори қўйилмаган ва мағлубиятга доим тайёр бўлган «Аякс» учун эса, имкон қадар ўзи ўрганган услубда ва дадиллик билан ўйнаш шароити мавжуд эди. Ўз навбатида, рақибларда ҳам «Аякс»га бўлган муносабат бошқа топ-клублардан кўра бироз пастроқ бўлгани ҳам қўл келди. Эътибор берсангиз, Мадриддаги ўйинда ҳам, Туринда ҳам «Аякс»нинг кутилмаган тарзда дадил тўп суриши мезбонларни довдиратиб қўйди. Вазиятни ўзгартириш, тактика ё схемани эмас, айнан муносабатни «перезаргрузка» қилиш учун эса, одатда бир ўйинга ажратилган дақиқалар етмай қолади. «Аякс» бу довдирликдан муносиб фойдаланди ва бир бўлимда топ-клубга айланиб қолаверди.

Айтмоқчиманки, «Реал» ҳам, «Ювентус» ҳам, агар қайтадан «Аякс»га қарши ўйнашса, буни ҳисобга олишар ва яхшироқ натижага эришишган бўларди. Менимча.

Шу ўринда, жамоа таркиби ҳам идеал мутаносибликда эканини эътироф этиш керак. Жамоанинг ўртача ёши 23,4 бўлгани билан, ҳар бир чизиқда тажрибали футболчилар бор. Блинд, Шёне, Тадич ва ўрни келганда Ҳунтелар каби футболчилар таркибдаги мувозанатни сақлайдилар ва ўйин темпини назорат қиладилар.

РАҚИБЛАР ҲОЛАТИ

«Аякс» ҳар қанча ҳайрон қолдирмасин, Европада энг яхши футболни намойиш этмаяпти, ижрочилар борасида ҳам айтайлик, икки йил олдинги «Монако»дан анча узоқ. «Монако»да Сильва, Фабиньо, Мбаппе, Лемар, Менди ва Бакайоко каби тайёр юлдузга айланган индивидуаллар кўпроқ эди, «Аякс»да эса, жамоавий ўйин яхши йўлга қўйилган. Топ-даражадан пастроқ ижрочилар билан юқори жамоавий футбол натижа кўрсатиш учун эса, албатта топ-рақибларда муаммолар бўлиши керак. Назаримда, бу мавсум мукаммалликка яқин ўйин кўрсатаётган «Барселона» ёки «Ливерпуль» жамоаларига қарши «Аякс»да имконият бўлмасди. Балки финалда бунга амин бўлармиз ҳам.

Куздаги «Бавария», ҳозирги «Реал» ва «Ювентус» ҳам аввало, ўзига мағлуб бўлганди. «Реал»да мавсумни қандай ўтказаётганини ва анча кучсизроқ жамоалар ҳам мадридликларга муаммо туғдираётганини алоҳида таъкидлаш шарт эмас. Бунинг устига «Реал» футболчиларида менсимаслик ҳолати ҳам бўлган, буни биз масалан, Рамоснинг жавоб ўйинини ўтказиб юбориб, чорак финалга тайёр бўлишни ният қилганида ҳам кўришимиз мумкин. Шундоқ ҳам муаммоли ўйин, мотивацияда ҳам камчиликлар билан майдонга тушиш, «Аякс» каби шаклланган жамоа учун тайёр ўлжа эди.

«Ювентус» аксинча хулоса уйғотиши мумкин, сўнгги беш ЕЧЛ финалини бой берган ва ниҳоят Криштианунинг келиши билан айнан шу совринни ютишга бел боғлаган туринликлар гўёки мукаммал жамоадек кўринишлари мумкин. Айниқса, «Атлетико» билан жавоб ўйини буни тасдиқлайди ҳам. Лекин биринчидан, бу тақлид эмоционал ўйинлар руҳан тескари таъсир қилади ва ўта қийин вазифани бажарган жамоаларда ўзига нисбатан хаддан ташқари ишонч пайдо бўлиб, кейинги ўйинларга тайёрлана олмай қолади. «ПСЖ»га қарши тарихий камбэкни амалга оширган «Барселона» ҳам шундай қопқонга тушганини эслаш мумкин.

Иккинчидан эса, аслида бу йилги «Ювентус» жамоа сифатида ўтган йилгисидан кучсизроқ, назаримда. Криштианунинг келиши ва асосий планга чиқиши бошқа етакчиларнинг айниқса, самарали ҳаракатлар борасида пасайишига сабаб бўлди. Ўтган йили биз Дибаладан ҳам, Манжукичдан ҳам, бошқа футболчилардан ҳам хавф кутишимиз мумкин эди. Масалан, ЕЧЛнинг 2017/18 йилги мавсумида туринликларнинг нимчорак ва чорак финалдаги голларини Игуаин (2), Дибала (2), Манжукич (2) ва Матиюди уришган. Бу сафар эса, барча беш гол Роналдунинг ҳисобига ёзилди.

Фақат ЕЧЛда эмас, А Сериядаги ўйинларда, Криштиану жароҳат олиб майдонга тушмаган пайтларда катта саҳнага ким чиқди? Дибалами? Манжукичми? Йўқ. 18 ёшли Мойзе Кин. «Ювентус»дек юқори амбицияли клуб учун мавсумнинг энг муҳим палласида 18 ёшли футболчининг голларига суяниб қолиш, менимча, яхши ҳолатдан дарак бермайди.

Ҳали жавоб ўйинида ҳаммаси ўзгариши мумкин, лекин агар кечаги ўйиндан келиб чиқсак, «Тоттенҳэм»да ҳам таркибда катта муаммолар борлиги, жамоа мавсумдаги энг ёмон ҳолатида эканини кўриш мумкин. Биринчидан, Ваньяма, Дайер ва Уинскнинг жароҳатлари сабаб, майдон марказида умуман футболчи қолмаган. Ҳужум чизиғида эса, асосий куч – Ҳарри Кейн жароҳатда, Сон Хон Мин дисквалификация туфайли ўйнолмади.

Буларнинг ҳаммаси «Аякс»нинг хизматларига кўз юмушга сабаб бўлмайди, албатта. Рақибда ҳар қандай камчилик бўлмасин, бундан фойдаланиш ҳам катта иш. Хулоса қилиб айтганда, айнан шу муаммолар фонида «Аякс»нинг юқори савияли жамоавий ўйини самарали бўлиб чиқди. 

ЭРЕДИВИЗИЯ ВА УСЛУБ

«Аякс» бош мураббийи Эрик тен Ҳааг
Фото: Erwin Spek/Soccrates/Getty Images

«Монако» ўз вақтида ҳужум чизиғидаги футболчиларнинг юқори ижро маҳорати эвазига ярим финалгача борган. Айтайлик, Моуриньонинг «Порту»си тартибли ҳимоя, «Атлетико» ўз вақтида тажовузкор ўйин ёрдамида юқори даражага чиққанди. Ҳужумчиларнинг ижро маҳоратига назар ташласак, вазиятлардан фойдаланишда камчиликлар кўп, ижрочилар ҳақиқий топ-ҳужумчи эмасликлари билиниб туради. Дейли Блинд ёки Велтман тўп сураётган ҳимояни «Атлетико» билан солиштириш ҳам ноўриндек.

«Аякс»нинг ўйинида кўзга ташланадиган асосий жиҳат нимада?

Назаримда, «Аякс» ўйинида барчани жалб қилиб турган асосий фактор – ишонч. Баъзида Манчестерга сиғмаган Блинднинг хотиржамлиги, АПЛда ҳеч кимга керак бўлмаган Тадичнинг «Месси»га айланиб кетишида ўша ишончни кўрасиз. Ҳайрон бўласиз, бу оддий футболчилар нега бу қадар хотиржам, нега ҳақиқий топ-жамоалардек тўпни назорат қилишяпти?

Эътибор берсангиз, Мадридда ҳам, Туриндаги ўйинда ҳам, кечаям, мезбонларда вазиятни ўзгартириш учун етарли вақт бўлган. «Аякс» мақомидаги ҳар қандай жамоа рақибнинг даражасини ҳис қилар ва балки ўзи амалга ошириб қўйган ишдан қўрқиб кетиб, беркиларди. Аммо «Аякс»нинг ўйинларида бундай кўрмаяпмиз, ҳисобдан қатъи назар жамоа ўз услубига содиқ қоляпти, ҳужум қилишни унутмаяпти, рақиб дарвозасига хавф солишда давом этяпти.

Бу ерда «Аякс»да умуман бошқача ўйнаш амалиёти йўқлигини ҳам таъкидлаш керак. Эредивизия бошқа лигалар билан солиштирилганда анча пастроқ савиядаги турнир, у ердаги рақиблар ҳам шунга яраша. Мавсумдаги деярли барча ўйинларда «Аякс» биринчи рақамда тўп суради. Бор куч билан ҳимояланишга эҳтиёж сезмайди. Бутун мавсум давомидаги бу тажриба эса, энг муҳим паллада қўл келди.

Чемпионат савияси «Аякс»нинг айнан бугунги кунда юқори спорт формада етиб келишига ҳам сабаб бўлди, албатта. «Тоттенҳэм» мураббийи буни ҳам эътибордан четда қолдирмади – «Биз Англияда ҳар ҳафта кескин ўйинларда майдонга тушаётганимизда, «Аякс» Эредивизияда дам оляпти, бу уларга имтиёз беради», - деди Почеттино.

Лекин Тен Ҳаагнинг жавоби ҳам узоқ куттирмади – «Биз Эредивизиядамиз, тўғри, лекин Лигадан трансляциялар даромади сифатида инглизлардан ўн баробар кам пул оламиз. Таркибни шакллантириш учун ўн баробар кам имкониятга эгамиз. Бу борадаги тенгликчи?».

Албатта, бундай мантиқ билан Бельгия, Шотландия, Португалия каби кучсизроқ лигалардан ҳар йили янги «Аякс»лар чиқишини кутишимиз мумкиндек. Ундай бўлмаяптими, демак «Аякс»га қойил қолиш керак. Масала ҳам шунда, бу факторлар фақат биргаликда ва бир нечтаси йиғилиб қолганида иш беряпти холос. Бошқа пайтлар ҳатто шу «Аякс»ни ҳам баҳорги еврокубокларда кўрмаяпмиз-ку, тўғрими?

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид