Бернора Қориева: «Журналист менга атайлаб провокацион савол берди»
Ўтган ҳафта гўё бир гуруҳ зиёлилар Ўзбекистон қонунчилигига ўзгартиш киритиб, рус тилига расмий мақом бериш бўйича мурожаат билан чиққанлиги ҳақида хабар тарқалди.
Таклиф ОАВда эълон қилингач, у ўзбек жамиятида жуда жиддий резонанс берди, кўпгина норозиликларни келтириб чиқарди. Ўзбек зиёлилари, раҳбарлардан тортиб оддий фуқароларгача бу борада ўз фикрларини билдиришди ва бу мунозара ҳамон давом этмоқда. Kun.uz баҳсли фикрлар марказида турган инсонлардан бири, мурожаат муаллифларидан бири деб айтилаётган Бернора Қориева билан интервью ташкил қилди.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
«Охирги вақтларда ўзим ҳақимда ҳайрон қоларли гапларни эшитяпман. Гўёки мен шундай гапларни айтган эмишманки, бу гапларни ҳатто гумон ҳам қилмаганман, мен айтган бўлишим мумкин эмас. Шунинг учун бугун бу ҳақида тўғридан тўғри баъзи нарсаларни айтиб ўтмоқчиман.
Мен, албатта, улар тайёрлаган матнни кўрганим йўқ. Имзо қўйиш уёқда турсин, ҳатто кўрганим ҳам йўқ, у нима ҳақида эканини ҳам билмайман. Агар у ерда менинг имзом турган бўлса, демак, кимдир қўл қўйган. Афтидан, бунга қонун йўли билан жавоб бериш керак.
Журналистлар ҳақида икки оғиз гапиришни истардим. Уларга кўп нарса боғлиқ, чунки халққа яхшилик келтириш, одамларга нима бўлаётганини тушунтириш мақсадида ёзиш учун қўлларига қалам берилган. Улар халқни ёлғонга олиб борадиган сўзларнигина танлаб олмасликлари керак. Бу ерда, албатта, журналист тилининг ҳам айби бор.
Тил масаласига келсак, бу – энг муҳими. Менга айтишларича, у ерда рус тилига расмий тил мақомини бериш ҳақида гап кетган. Ахир бу абсурд-ку. Ҳар бир мамлакат албатта ўз давлат тилига эга бўлади. Ахир эс-ҳушим жойида, Ўзбекистонда ўзбек тили [давлат тили эканини] жуда яхши англайман. Ўзим ўзбек тилида гапирмасам ҳам, ўзбекчани тушунаман. Мен буни амалга ошириш [рус тилига расмий тил мақомини бериш] умуман имконсиз нарса деб ҳисоблайман. Рус тили – бизнинг одатий кундалик ҳаётдаги мулоқот тилимиз.
Касбим тақозоси билан кўплаб давлатларда бўлганман. Касбим шундайки, ишим давомида мен тилга эҳтиёж сезмайман. Бизда фақат саҳнага чиқиб, рақс тушиш керак. [Хизмат сафарлари вақтида] ҳатто мулоқот учун тил ҳам керак бўлмаган. Биласизми, мен борган мамлакатларда катта ҳажмдаги халқаро афиша-плакатларда Совет иттифоқининг катта балети деб кўрсатилиб, унда Бернора Қориева Ўзбекистондан деб албатта ёзиб қўйиларди», – дея вазиятга муносабат билдирди таниқли балерина.
Бернора Қориеванинг сўзларига кўра, ундан интервью олган шахс унинг сўзларини бузиб талқин қилган.
«Мен билан суҳбатлашган одам Озодлик радиосидан бўлганини биринчи марта сиздан эшитиб турибман. Қандайдир бир одам телефон қилди, ярим рус, ярим ўзбек тилида гапирди. «Мен Шуҳратман, сизга бир савол бермоқчиман», деди. Ўзини, кимлигини таништирмади. «Тургеневнинг шундай сўзлари бор: Россия бизсиз яшай олади, биз эса Россиясиз яшай олмаймиз. Сиз нима деб ўйлайсиз?», деб сўради. Мен эса нега менга арманча топишмоқ айтаётганини, бу менга нега кераклигини сўрадим.
«Хўп, айтинг-чи, сиз буни қандай тушунасиз?» сўради у. «Мен буни яхши тушунаман. Рус тилини биламан, лекин бошқаларни фақат рус тилида гапиришга чорламайман», деб жавоб қилдим. Шу мавзу яна давом этиб кетди. Мен унга Тургенев бу гапни юз йил олдин айтганини, ҳозир эса аллақачон бошқа ҳаёт эканини тушунтирдим. Ахир мен сиёсий тил ўқитувчиси эмасман-ку у билан бу мавзуда гаплашиб ўтирсам.
Ўзбек тилини тушунсам ҳам, ўзбекчада жавоб қайтара олмайман, лекин ўзбек халқини хафа қиладиган бирор гап айтганим йўқ. Биз ҳақиқатан ҳам рус мактабларида ўсганмиз, туғилганимиздан русчада гаплашганмиз. Шундай экан, мен ҳеч қанақасига ундай маънони назарда тутмаганман. У менга шундай провокацион савол бердики, бу менинг ҳам жаҳлимни чиқарди. Нега менга бундай савол бериш керак бўлиб қолди? Мен рус тилида гапиришимни у жуда яхши билади ахир. Тургеневнинг гапини ҳар куни ўқиб юрмайди-ку, демак у бунга тайёргарлик кўрган. Атайлаб, бир мақсадни кўзлаб шундай провокацион саволлар берган.
Мен унга жавоб бера олганимча жавоб қайтардим. Рус тили миллатлараро мулоқот тили эканини, биз шу тилда гаплашишимизни, шу тилда таълим олганимизни айтдим. Мен ҳатто қачондир рус тилини билишимдан фахрланганман ҳам. Лекин сўзларимнинг бир қисми ажратиб олинган. Журналистлар баъзида шундай ёзишадики, бир нечта гапларни алоҳида олиб берса, у умуман бошқача маъно англатадиган бўлади, тушуняпсизми. Энди буни тушунтириш керак бўлади. Мен мутлақо халқимизни назарда тутиб гапирмаганман. Мен ўзимдан келиб чиқиб гапирганман», – дейди Бернора Қориева.
«Агар ўз ватанимни севмаганимда, бу ердан аллақачон кетган бўлардим. СССР депутати бўлганимда Москвадаги йиғилишларда фақат Ўзбекистон ҳақида, Ўзбекистоннинг оёққа туриши, ўзини кўрсатиши учун нималар кераклиги ҳақида гапирганман. Мен фақат санъат ҳақида эмас, халқимизнинг турмуши ҳақида ҳам қайғурганман. Ўзбекистон учун нимаики қилган бўлсам, барчасини чин юракдан, самимий бажарганман. Албатта, қўлимдан келганича ҳаракат қилганман. Чунки ўшанда Марказий Осиёга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлишаётганини кўрганман.
Депутат сифатида мен, албатта, ҳимоя қилганман. Масалан, давлат режасида маблағни таққослаш масаласини муҳокама қилганмиз. Болтиқбўйи мамлакатларига аҳоли жон бошига 25 рублдан ажратилган бўлса, Ўзбекистон бир кишига 5 рублдан олган. Фарқ 25га 5. Нега? Нега бизнинг халқимиз атиги 5 рубль олиши керак? Мана шу саволни мен шунчаки ўтказиб юбора олмасдим. Гапириш, ҳимоя қилиш керак эди ва мен шундай ҳам қилганман. Ўзим учиб бориб, текшириб кўрардим. Ҳаммасини исботлаб берардим, ҳаракат қилардим, чунки бу жуда муҳим эди. Бундай пайтларда ҳатто рақсни ҳам унутардим. Чунки республика манфаатларини ҳимоя қилиш керак бўлган пайт эди.
Умуман, ҳаётимда халқим учун қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. Халқимизга муҳаббатим борлигини билишарди. Мисол учун, аҳоли жон бошига тўланадиган пулда бундай катта фарқ борлигини комиссия эшитмасди ҳам. Сьезд вақтида трибунадан туриб бу ҳақда гапирганман. Бу масалада оғиз очмаслик керак, дейишарди, мен: «Йўқ, трибунадан туриб гапириш керак. Буларнинг ҳаммасидан хабардор эканимизни халқимиз билиши керак», дердим.
Ҳаётим Ўзбекистон билан узвий боғлиқ. Бу боғлиқликни ҳеч қандай куч уза олмайди», – таъкидлади Қориева.
Мавзуга оид
21:43 / 22.10.2024
“Ўзимиз ўзбек тилини яхши билмаймиз” – фаоллар давлат тили мавқейи ҳақида нима дейди?
17:58 / 21.10.2024
“Тил – ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан масала” — Шавкат Мирзиёев
12:48 / 21.10.2024
“700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарининг 75 фоизида таомнома ўзбек тилида эмас” – Рақобат қўмитаси
18:37 / 02.07.2024