Ҳиндистонда ўзбек тили мутахассислиги бакалавриат дастурига киритилиши мумкин
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг етакчи олий ўқув юртларидан бири – Жамия Миллия Исломия марказий университети ректори Мазҳар Асиф билан учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА
100 йилдан ортиқ тарихга эга Жамия Миллия Исломия университети ҳам Ўзбекистоннинг қатор олий билим юртлари билан яқин шериклик алоқаларини ўрнатган, улар ўртасида аҳдлашув меморандумлари имзоланган.
Профессор Мазҳар Асиф ахборот технологиялари, табиий ва гуманитар фанлар, журналистика ва бошқа йўналишларда замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаатли эканини билдирди.
Шунингдек, Жамия Миллия Исломия университетида фаолият юритаётган ўзбек тили курсларининг кўп йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, университетда бакалавриат ўқув дастурига ўзбек тили мутахассислигини киритиш масаласи юзасидан фикр алмашилди. Шу мақсадда амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирлар, хусусан, ўқув қўлланмалари тақдим қилиш, таълим жараёнига юқори малакали тилшунос мутахассисларни жалб этиш юзасидан келишувга эришилди.
Мазкур университетда Шарқ олимлари, жумладан, буюк ўзбек алломаларининг ноёб асарларини ўрганишга ҳам катта эътибор қаратилади. Таълим масканининг иккита биноси Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино номлари билан аталган.
Учрашув чоғида Ўзбекистон элчихонаси ва университет ўртасида аввал эришилган келишувга биноан мазкур олий билим юрти ҳудудида ўзбек халқининг қомусий олимларидан бирининг ҳайкалини ўрнатиш ишларини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди.
Мавзуга оид

17:06 / 17.04.2025
Сирдарёлик раҳбарлар ўзбек тили бўйича диктантда салбий натижа қайд этгани маълум бўлди

09:55 / 17.04.2025
Уруш туфайли Россия қурол экспортини камайтирди. Унинг жаҳон бозоридаги ўрнини Ҳиндистон эгалламоқда

08:32 / 17.04.2025
Ҳиндистон ва Ўзбекистон ҳарбийлари иштирокида ўқув машғулотлари бошланди

19:23 / 14.04.2025