Университетни иш тажрибаси билан битиришнинг 11 усули
Бу маслаҳатлар билан резюмега нима ёзиш борасида бош қотирмайсиз.
1. Олийгоҳингизнинг матбуот марказига ишга жойлашинг
Агар муаллиф ёки журналистга айланишни истасангиз, бу энг ютуқли вариант. Иш берувчилар бунда карьерангизнинг мантиқан тўғри бошланганини кўришади.
Янгилик, матн ва реклама тайёрлаш орзуингиз бўлмаса ҳам университетнинг жамоат ишларида иштирок этиш сизга фойда келтириши аниқ. Янги инсонлар билан танишасиз, фойдали алоқалар, ҳаётий тажриба ва қимматли кўникмалар орттирасиз. Эҳтимол, машҳур кишига айланарсиз.
2. Касаба уюшмасига аъзо бўлинг
Ўқув муассасангиз касаба уюшмасининг бир қисмига айланиб, муайян масъулиятни бўйнингизга оласиз ва фаол ҳаётий ўринга эга бўласиз. Масъулият ва фаоллик – иш берувчилар қадрлайдиган хусусиятлар.
3. Тадқиқотлар ўтказинг
Агар академик қизиқишларингиз бўлажак касбингизга алоқадор бўлса, буни резюмеда кўрсатишни унутманг. Бу илмий журналлардаги мақолалар, тадқиқотлар ва диплом иши ҳам бўлиши мумкин. Муҳими, улар сизнинг мавзуга профессионал қизиқишингизни акс эттирсин.
4. Ишлаб чиқариш амалиётига бефарқ бўлманг
Айрим талабалар ҳеч қандай иш буюрмайдиган, керакли қоғозларни имзо учун олиб бориш керак бўлган компанияларни излашга ҳаракат қилишади. Бошқалар эса ўзини қизиқтирган касбда синаб кўришни истайдилар, бироқ корхона бошданоқ амалиётчига эҳтиёж сезмаганлигига дуч келишади. Натижада талаба ҳеч нарса билан шуғулланмайди, вақтини бесамар ўтказади.
Ҳар икки ҳолат ҳам – вақтни бекорга ўтказиш. Бунинг ўрнига уни карьера йўлида сарфлаш мумкин.
Амалиёт учун иш жойини мустақил излаб топишга ҳаракат қилинг. Келажакда бормоқчи бўлган жойингиз бўлса жуда яхши. Компания ходими билан боғланинг. Нима иш билан шуғулланишингиз, вазифаларингиз нимадан иборат эканини олдиндан аниқланг.
5. Тажриба алмашиш
Амалиётнинг тажриба алмашишдан фарқи, у шахсий истак ва ташаббусга кўра ўталади. У ўқув жараёни билан боғлиқ бўлмайди ва одатда 2-3 ой давом этади. Бундан ташқари, тажриба алмашиш учун ҳақ тўланади.
Ижтимоий тармоқларда тажриба алмашиш мавзусига бағишланган гуруҳларни излаб топинг.
Ўзингиз ишлашни истаган компанияларга бевосита мурожаат қилинг. Улардан айримлари вакант ўринларни эълон қилмайди, бироқ сизни таклиф этишлари имконияти мавжуд бўлади.
Ёзги таътил учун мўлжалланган дастурлар ҳам мавжуд.
6. Кўнгиллига айланинг
Кўнгиллилик ёрдамга эҳтиёжи бўлганларга кўмак бериш, янги танишлар орттириш, маънавий қониқиш олиш ва дунё бўйлаб саёҳат қилиш имконини беради. Бундан ташқари, резюмега ҳам киритиш мумкин. Бу тажриба сизни ташаббускор ва зўриқишларга чидамли шахс сифатида намойиш этади.
Кўнгиллилик тажрибасининг мавжудлиги иш берувчига ҳар бир ходим учун зарур кўникмалар – жамоада ишлай билиш, муддатларга амал қилиш ва масъулиятни намойиш этади. Муҳими, унинг муайян вакансияга мувофиқлигини кўрсата билиш.
7. Хоббини афзалликка айлантиринг
Актёрлик тўгарагига қатнаяпсиз ёки видеоўйинлар ўйнайсиз. Ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Бироқ айрим касблар учун бунинг аҳамияти бор. Муҳими, бўлажак касб билан боғлиқ жиҳатларини топа билиш.
Агар омма олдида ўзингизни аъло даражада тутсангиз, актёрлик тажрибаси бошловчилик касбида ёрдам беради. Ишонтира олиш қобилияти эса – харидлар бўйича менежерликда.
Шунинг учун ҳам хоббини ривожлантиринг ва уни келажакда касбий фаолиятда қўллаш усулини топинг. Буни эса резюмеда албатта қайд этинг.
8. Блог юритинг
Блогда тадқиқотлар ўтказиш, шахсий кузатувларни тасвирлаш, уларни академик талабларсиз оммага тақдим этиш мумкин.
Ўзингиз учун ёзинг. Дўстлар ва танишларни таклиф этинг, уларни муҳокамаларга жалб этинг. Иш берувчилар ривожланиш истагини эътибордан четда қолдиришмайди.
Агар муаллиф ва журналист бўлишни истасангиз, блог – ёзиш кўникмасини намойиш этишнинг аъло даражадаги усули. Бўлажак SMM-мутахассислари ва маркетологлар учун эса бу контент-режани тузиш, ахборотни тарқатиш ва янги обуначиларни жалб этиш усули ҳамдир. Блог билан ишлаш ҳам иш, уни ҳам резюмеда акс эттириш мумкин.
9. Фрилансда иш топинг
Мос келувчи фриланс биржасини излаб топинг.
Катта пул ва тажриба орттирмайсиз. Бу бошланишига холос. Аммо тажрибага қанча вақт сарфлашни ўзингиз белгилайсиз. Тўғри, ноаниқ жадвал бўйича меҳнат қилиш жуда мураккаб бўлади.
Интизомли бўлсангиз, бу яхши. Бир неча ишни мисол тариқасида тўплаб, ўзингизни қизиқтирган вакансия бўйича суҳбатга боришингиз мумкин.
10. Шахсий лойиҳангизни ўйлаб топинг
Ўзингизга ўзингиз иш ўйлаб топинг: сайт яратинг, кимнингдир саҳифасида аудит ўтказинг, бирор фирманинг ривожланиш стратегиясини тайёрланг, ҳамжамиятни ижтимоий тармоқда оммалаштиринг, бир неча мақола ёзинг, тадбир ташкил қилинг.
Ҳа, сиз буларнинг барини бепул амалга оширасиз. Бироқ дастлаб ўрганиш, кейин эса тажриба орттиришга эришасиз. Иш берувчи эса буни юқори баҳолайди.
11. Ярим ставкали иш топинг
Кундек равшан вариант – компанияга тўлиқсиз кунга ишга жойлашиш. Талабани ишга олишга розилик берадиган иш берувчини излаб топиш осон эмас, бироқ албатта ҳаракат қилиб кўриш керак.
Юқоридаги маслаҳатларни қўлланг: ишга жойлашишга қанчалик қизиқаётганингизни кўрсатинг ва бошлиқни тўлиқ штатли мутахассис каби ишлашингизга ишонтиринг.
Ушбу маслаҳатлар сизга талабалик даврини бекорга ўтказмаслик, олийгоҳни битиргач, қайси йўналишда ишлашни аниқ билиш ва фаолиятни дарҳол бошлашда ёрдам беради.
Мавзуга оид
08:50 / 22.11.2024
200 мингдан ортиқ фуқаро иқтисодий ривожланган мамлакатларга ишга юборилиши мумкин
13:27 / 21.11.2024
Ўзбекистон фуқаролари Малайзияда қонуний асосда иш билан таъминланиши мумкин
12:33 / 21.11.2024
Қозоғистон ҳолдинги Ўзбекистондан 169 нафар мутахассисни иш билан таъминлайди
15:39 / 19.11.2024