Ўзбекистон | 16:00 / 15.05.2019
27486
5 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов: «Барча сайтларни ёпишни таклиф қилганлар ҳам бўлди»

Бугун, 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги катта залида суд органлари билан республика журналистлари ўртасида изчил ҳамкорликни ўрнатиш, уларнинг суд мажлисларидаги иштирокини таъминлаш, очиқ суд материалларини ёритишда ОАВдан фойдаланишни назарда тутувчи чора-тадбирларни такомиллаштириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов ҳам иштирок этди ва нутқ сўзлади.

«Ислоҳотлар олиб борилаётган вақтда жамиятни демократлаштириш, бунда оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш масаласида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Суд-ҳуқуқ тизимининг эркинлиги масаласида оммавий ахборот воситалари бўйича олдинда кўплаб ишлар турибди. Бу бўйича Олий суд, Адлия вазирлиги ва агентликка кўплаб вазифалар юклатилган. Суд мажлисларида транспарентликни ва шаффофликни таъминлаш масаласи қўйилган. Шунингдек, очиқ суд мажлисларида оммавий ахборот воситаларининг қатнашиши айтилган-ку, лекин очиғини айтиш керак, судья қарорига боғлиқ бўлгани сабабли бу масала судларнинг шаффофлигини таъминлашга халақит беради. Амалдаги қонунчиликда қайси ҳолларда оммавий ахборот воситалари хабардор қилиниши кераклигига ойдинлик киритилмаган. Суд жараёнида қатнашаётган журналист ва блогерлар ҳам етарли билим ва малакага эга эмас. Аслида, бўлиши керак. Ҳаммаси «сиздан угина, биздан бугина» бўлиши керак. Суд қанчалик очиқ ва шаффоф бўлса, журналистлар шунга яраша ўз устида ишлашлари зарур.

Бугунги учрашувда суд мажлисларида журналистларнинг қатнашиши бўйича регламентни муҳокама қилиш зарур. Регламент шундай бўлиши керакки, журналистларнинг йўли тўсилмасин. Танганинг иккинчи тарафи бўлганидек, журналистлар ҳам касб этикасига риоя этиши керак.

Бизда журналистлар ҳуқуқлари бўйича кўплаб қонунлар етарлича шаклланган, аммо уларнинг ижроси масаласида камчиликлар мавжуд. Инвесторлар билан гаплашганимизда, «Сизларда қонунчилик яхши шаклланган, фақат унинг ижроси қандай бўлади? Эртага бизнинг ҳуқуқий ҳимоямиз қандай бўлади? Бунинг учун суд-ҳуқуқ тизими ривожланган бўлиши керак», дейишади», дея таъкидлаган агентлик раҳбари.

Тадбирда иштирок этган журналистлар билан савол-жавоб бўлиб ўтди. «Адолат кўзгуси» газетаси мухбири ҳозирги кунда қонунчиликда баъзи масалаларга кўпроқ урғу берилиши кераклигини таклиф қилди. У ҳозирги кунда қонунчиликда «блогер» атамаси мавжуд эмаслиги, шу сабабли бу бўйича ишлар олиб борилиши лозимлигини айтиб ўтди. У судларда қатнашаётган журналистлардан таҳририят билан тузилган шартнома ва унинг гувоҳномасини кўрсатиш талаб этилиши кераклигини қўшимча қилди.

Шунингдек, бошқа бир журналист томонидан ҳозирги кунда кўплаб хатоларга йўл қўйилаётганлиги сабабли жавобгарлик янада қатъийлаштирилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Агентлик раҳбари эса бу таклифга ўз муносабатини билдирди.

«Журналистларга узоқ вақт давомида эркинлик берилмаганда эди, ҳозир жазо берсак бўлар эди. Ҳозир сайтларимиз, газеталаримиз танқид қилишгани, бошқачароқ айтганда «чақиб, чақиб олишлари» ортидан ижобий ишлар кўзга ташланяпти. Ҳозир ҳамма интернет сайтларни ўқимоқда. Орангизда газета кўтариб келган одам йўқ.

Биз энди матбуотга йўл очяпмиз. Шу пайтда уларни жазолаш масаласига келсак, кечирасиз-у қонунда ҳаммаси ёзиб қўйилган. Нотўғри маълумот учун жавобгарлик белгиланган. Баъзида менга барча сайтларни ёпиш таклиф қилинган ҳолатлар ҳам бўлди. Агар биз журналистни бўғсак, блогерни бўғсак, ҳамма жим бўлиб қолса нима бўлади? Сиёсий мазмунларни келтириб чиқаришни хоҳловчилар бизга раҳмат дейди.

Блогерлар масаласига келсак, ҳозир ҳаммада телефон бор. 20 миллион нафар блогер бор деб ҳисоблайверинг. Лекин қонун бор. Агар кимнингдир қонуний манфаатига зид келадиган нотўғри маълумот тарқатса, жавобгарлик бор-ку?

Журналистлар эркин ишлаши керак. Унинг ижод эркинлиги мавжуд. Уни ёз, буни ёз дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Буни ўзининг таҳририят сиёсатига қараб белгилайверади. Яна бир бор айтаман: эркин сўз, бемалол гапиринг, танқид қилинг, қўрқманг, лекин ҳар бир гапингизга масъулиятни ҳис қилинг. Бутун жаҳонда шундай», дея Комил Алламжоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид