Ўзбекистон | 10:00 / 16.05.2019
6229
3 дақиқада ўқилади

Томчилатиб суғориш ишларининг кечиктирилгани депутатлар танқидига сабаб бўлди

Фото: parliament.gov.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежовчи илғор технологиялардан кенг фойдаланиш ва қулай шарт-шароитлар яратиш” юзасидан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарларининг ахбороти эшитилди.

Тадбир давомида депутатлар томонидан пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш масалалари билан боғлиқ юзага келаётган муаммолар ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. 

2019 йилда томчилатиб суғориш тизимларини қуриш ишлари кўзда тутилган умумий 12121 га майдондан бор-йўғи 4 минг гектарида бажарилган бўлиб, асосан Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Шу билан бир қаторда, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий ва Наманган вилоятларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ишлари кечиктирилгани депутатларнинг танқидига сабаб бўлди.

Йиғилишда айтиб ўтилганидек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари Сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳларининг ишчи органи сифатида ўзларига юклатилган асосий вазифаларни тўла ва етарли даражада амалга оширилмаган. Натижада, Қашқадарё вилоятининг Нишон, Ғузор, Наманган вилоятининг Чуст туманларида давлат бюджетидан пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун пахта хомашёси экиладиган майдоннинг ҳар бир гектарига ажратиладиган субсидияларни ўз вақтида берилиши кечиккан.

Шунингдек, «Ўзбекэнерго» АЖ ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчиларни пахтани етиштириш даврида белгиланган тартибда кафолатли ва узлуксиз электр энергияси билан билан таъминлаш масалаларидаги камчиликлар фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ишларини ўз вақтида бажарилмаслигига сабаб бўлмоқда.

Тадбирда депутатлар томонидан юқори ҳосилдорликка ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга эришишни таъминлайдиган, республиканинг тупроқ-иқлим ва бошқа шароитларни ҳисобга олган ҳолда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилишнинг илмий асосланган агротехника қоидаларини ишлаб чиқиш каби бир қатор таклифлари берилди. 

Томчилатиб суғориш тизимларига сервис хизматларини кўрсатиш зарурлиги ҳамда мавсум давомида тизимли равишда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича олим ва мутахассислар масъулияти ошириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Мавзуга оид