Ўзбекистон | 09:00 / 18.05.2019
37420
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тоҳир Малик вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Шавкат Мирзиёев ва ҳукумат аъзолари Тоҳир Малик вафоти муносабати билан таъзия билдирди. Унинг матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, таниқли публицист ва таржимон Тоҳир Малик – Тоҳир Абдумаликович Ҳобилов 2019 йил 16 май куни оғир хасталикдан сўнг 73 ёшида вафот этди.

Тоҳир Малик 1946 йил 27 декабрда Тошкент шаҳрида зиёли оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)да таҳсил олди.

Бўлғуси адиб ўз меҳнат фаолиятини Тошкент қурилиш-монтаж бошқармасида оддий ғишт терувчи сифатида бошлади. Бадиий ижодга, сўз санъатига бўлган кучли интилиши туфайли кейинчалик юртимиздаги бир қатор оммавий ахборот воситаларида, жумладан, “Тонг юлдузи” газетасида, Ўзбекистон радиосида, Чўлпон, Ғафур Ғулом номидаги нашриётларда, “Гулистон”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида турли вазифаларда самарали хизмат қилди.

Катта ҳаёт ва ижод тажрибасига эга бўлган Тоҳир Малик Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ҳам бирмунча вақт фаолият кўрсатиб, миллий адабиётимизни ривожлантириш, истеъдодли ёш ёзувчи ва шоирларни қўллаб-қувватлаш бўйича қизғин иш олиб борди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Давлат мукофотлари қўмитаси масъул котиби сифатида ижодкор зиёлиларнинг меҳнатини моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришда иштирок этди.

Ёрқин истеъдод эгаси ўзидан бой ва бетакрор ижодий мерос қолдирди. Унинг Ватанимиз ва халқимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғулари маҳорат билан тараннум этилган бадиий асарлари, киносценарийлари, долзарб мавзулардаги публицистик мақолалари эл-юртимиз қалбидан чуқур жой олди.

Тоҳир Малик ўзбек адабиётида бадиий фантастика, саргузашт жанрларининг ривожига катта ҳисса қўшди. “Озод инсон ҳақида қўшиқ”, “Сўнгги ўқ”, “Шайтанат”, “Меҳмон туйғулар”, “Одамийлик мулки” каби кўплаб асарлари миллий адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.

Халқимиз тарихининг энг оғир даврларини бадиий йўл билан тасвирлаш ва жамоатчиликка етказишда ҳам адиб ибрат кўрсатди. Айниқса, унинг ўзбек маърифатпарвар зиёлиларининг мураккаб ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тарихий асарлари катта тарбиявий аҳамиятга эгадир.

Тоҳир Малик етук таржимон сифатида жаҳон адабиётининг сара намуналарини она тилимизга маҳорат билан ўгириб, китобхонларимизни улардан баҳраманд қилиш борасида ҳам самарали меҳнат қилди.

Эл суйган адиб жонкуяр ташкилотчи сифатида жамоат ишларида, маданий ва маърифий жараёнларда фаол иштирок этди. Умрининг охирига қадар Ички ишлар вазирлиги академиясида ўзбек тили, маънавият асосларидан сабоқ бериб, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатди.

Заҳматкаш адибнинг ўзбек адабиёти ва маданиятини ривожлантириш йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” фахрий унвони, “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотланган эди.

Атоқли адиб, меҳрибон устоз, камтарин инсон Тоҳир Маликнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Ж.Ортиқхўжаев, С.Саидов

Мавзуга оид