Ўзбекистон | 15:00 / 19.05.2019
9317
2 дақиқада ўқилади

«Газпромбанк» вице-президенти Ўзбекистонга облигацияларини еврода эмас, рублда қилишни таклиф этди

Москва халқаро муносабатлар давлат институти битирувчиларининг V форумида иштирок этаётган «Газпромбанк» АЖнинг биринчи вице-президенти Денис Шулаков Ўзбекистон пойтахтида минтақанинг молиявий маркази бўлиш учун етарлича имконият борлигини қайд этди.

Шулаковнинг таъкидлашича, Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи ёшлар эканлиги инвесторлар томонидан афзаллик, ютуқ дея баҳоланмоқда.

«Ўзбекистон жуда катта салоҳиятга эга. Мамлакат астойдил истасагина бу салоҳиятдан фойдаланиши мумкин. Мисол учун, циркулнинг бир учини Тошкентга қўйиб, иккинчи учи билан атрофни максимал даражада айлантириб чиқадиган бўлсак, 3 млрд.дан зиёд аҳолини қамраб олувчи бозор ҳосил бўлади. Бу бозорда ишлаб қолиш керак. Сўнгги вақтларда мамлакат импорти ички ҳолатни тўлиқ модернизация қилишга йўналтирилган. Ва бу тўғри йўналиш. Рақобатбардош корхоналар ҳосил қилаётган валюта билан тўласангиз, инвесторни жалб қила олишингиз мумкин.

Россия ва Ўзбекистон бир-бирининг бозоридан фойдаланиш имкониятлари ҳақида ўйлаши керак. Агар Россия Ўзбекистон бозорида ишлай олса, ўз навбатида, Ўзбекистон Хитой, Туркия ва қўшни мамлакатлар бозорига чиқиши учун шароит ҳосил бўлади», ─ дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.  

«Газпромбанк» вице-президенти Тошкентнинг минтақадаги мақомига ҳам тўхталиб ўтган.

«Тошкент ўзини бемалол минтақанинг молиявий маркази сифатида тасаввур қилиши мумкин. Бунинг учун барча имкониятлар бор. Ҳатто хитойликлар янги концепция ишлаб чиқишди: Янги ипак йўли. Нега айнан ипак йўли? Демак, эски Буюк ипак йўли билан қандайдир боғлиқлик бор. Буюк ипак йўлининг маркази эса ҳеч шубҳасиз Тошкентдир», ─ дея таъкидлаган у.

Денис Шулаков ўз нутқи сўнгида Ўзбекистонни Россиянинг асосий ҳамкорларидан бири сифатида эътироф этар экан, Ўзбекистоннинг облигацияларини еврода эмас, рублда қилишга чақирди.

Мавзуга оид