Спорт | 11:00 / 20.05.2019
14890
7 дақиқада ўқилади

Мадрид «Барса»га пастдан туриб қарайди. Ла Лигада мавсум якунлари

Испания Ла Лигасида 88-мавсум тарихга айланди. 

Испания чемпионати. 38-тур
«Эйбар» - «Барселона» - 2:2
 (2:2)
Голлар: Кукурелья, 20 (1:0). Месси, 31 (1:1). Месси, 32 (1:2). Де Бласис, 45 (2:2).
«Эйбар»: Дмитрович, Рамис (Альварес, 77), Хосе Анхель, Оливейра, Кукурелья, Хоан Хордан, Эскаланте, Орельяна, Серхио Энрич (Кике, 66), Шарлес (Кардона, 85), Де Бласис.
«Барселона»: Силлессен, Пике, Жорди Альба, Сержи Роберто, Семеду (Ваге, 46), Лангле, Ракитич, Видаль, Бускетс (Аленья, 65), Месси, Малком (Перес, 73).
Огоҳлантиришлар: Рамис, 33. Семеду, 42. Де Бласис, 44. Хосе Анхель, 80. Жорди Альба, 83. Эскаланте, 83.
Ҳакам: Мунуэра Монтеро (Испания).
19 май. Эйбар. «Ипуруа» стадиони.

Бир йил муқаддам кўпчилик янги мавсум «Атлетико»ники бўлиши ҳақида тахмин қилаётган, чунки Европа Лигасида ғолибликни қўлга киритган «матрасчилар» Симеоне ва Гризманни таркибда сақлаб қолишгач, УЕФА Суперкубоги учун баҳсда «Реал»ни яксон этишганди (4:2). «Қироллик клуби» Лопетеги бошчилигида қайта қуриш даврини бошдан кечириши, Римда катта муваффақиятсизликка учраган Вальверде бошчилигидаги «Барселона»да эса тушкунлик кузатилиши кутилганди.

«Реал»да чиндан ҳам қайта қуриш даври бошланди. Аммо Переснинг сабрсизлиги туфайли аввалига биринчи архитектор, кейин иккинчиси ишдан бўшатилди. Шундан сўнг, клуб тарихидаги энг муваффақиятли мураббий ишга қайтарилди - аммо Зидан ҳам мадридликларни қўрқинчи тушдан олиб чиқолмади. Якшанба куни мавсумнинг охирги тури доирасида «Сантяго Бернабеу»да «Бетис»дан учралган мағлубият - мавсум учун ҳақиқий баҳо бўлди. «Реал» мавсумда барча турнирлар доирасида 18 бор мағлуб бўлди (клуб тарихидаги энг ёмон иккинчи кўрсаткич, охирги марта бундай кўрсаткич 1994/95 йилги мавсумда қайд этилган, клуб тарихидаги энг ёмон натижа эса 1984/85 йилги мавсумда кузатилган - 19 мағлубият), Ла Лигадаги 38 учрашувдан 12тасида ютқазди (сўнгги 20 йилликдаги антирекорд), 5 бор дуранг ўйнади, 21 ғалабага эришди ва 68 очко (сўнгги 17 йил ичидаги энг ёмон натижа) билан учинчи ўринда қолди - мадридликлар турнир жадвали пешқадами «Барселона»дан 19 очко ортда қолишди (Бу ҳам антирекорд. Аввалги антирекорд ўтган йили қайд этилган - 17 очко).

«Барселона» мавсум учун асосий мақсад сифатида Чемпионлар лигаси ғолиблигини белгилаганди, аммо жамоа яримфиналда муваффақиятсизликка учради («Ливерпуль»га қарши 3:0, 0:4),аммо Вальверде ўз жамоаси билан қаторасига иккинчи мавсумда ҳам Испания чемпионлигига эришди - кўк-анорранглилар «қаймоқранглилар» инқирозидан ва «матрасчилар»нинг беқарорлигидан унумли фойдаланди. Симеоне жамоаси асосий рақиблар билан учрашувларда бирорта ҳам ғалабага эриша олмади ва бу сафар ҳам чемпионлик пойгасини эрта тарк этишди.

Натижада бу мавсумда Мадриднинг асосий қаҳрамонлари «Атлетико» ҳам, «Реал» ҳам эмас, «Хетафе» бўлди. Пойтахтликларнинг кумуш ва бронза медаллари ҳеч кимни ҳайратлантирмайди, Мадрид атрофидаги кичик жамоа охирига қадар ЕЧЛ йўлланмаси учун курашди ва «Севилья», «Эспаньол», «Атлетик» клубларини ортда қолдирган ҳолда бешинчи ўринни эгаллади ҳамда кейинги мавсумда еврокубокларда Мадриддан уч жамоа бўлади - «Хетафе» Европа Лигасига йўлланма олди. Бу жамоага евромайдондаги дебютида олтинчи ўрин эгаси «Севилья» ҳамроҳлик қилади.

Бу кичик жамоа охирги турга қадар «Валенсия» ва «Севилья» билан биргаликда тўртинчи ўрин учун рақобат қилди. Аммо охирги тур натижаларига кўра, мавсум бошида 15 турдан кейин 15-ўринда бўлган «кўршапалаклар» жамоаси қиш ва баҳорда кўрсатган ўйинлари эвазига ЕЧЛ йўллланмасига эга чиқди - жамоа охирги турларда узлуксиз ғалаба қозонди.

Турнир жадвалининг қуйи қисмида ҳам кураш кескин кечди, охирги турларда «Райо Вальекано» ва «Уэска»нинг асаблари дош бермади ва бу жамоалар муддатидан олдин лигани тарк этиши маълум бўлди. 37-турдан кейин бу кампанияга «Жирона» ҳам қўшилди. «Сельта» ҳам охирги турларга қадар «хавфли зона»да эди, аммо жамоани жароҳатидан тузалиб қайтган асосий юлдузи Аспас қутқариб қолди - икки ярим ой давомида майдонда бўлмаган футболчи март ойида сафга қайтди ва 9 ўйинда 10 гол урди (мавсум бошидан буён 20 гол). Агар «мавсум қаҳрамони»ни аниқлаш учун сўровнома ўтказилса, ушбу ҳужумчи катта фарқ билан ғалаба қозонса керак.

Мессига эса бу мавсумда ҳеч ким рақобат қила олмади, Роналду «Ювентус»га кетганидан кейин унга рақиблик қилувчи номзоднинг ўзи қолмаганди. Охирги турда аргентиналик ҳужумчи дубль қайд этди ва «Олтин бутса» учун пойгада Килиан Мбаппе билан орадаги фарқни янада йириклаштирди: Мессида энди 36 гол, франциялик ҳужумчида эса «ПСЖ»нинг «Реймс»га қарши захира ўйини арафасида 32 гол бор. Агар жаҳон чемпиони бу захира ўйинида қаҳрамонлик кўрсатмаса, каталонияликлар ҳужумчиси олтинчи марта ушбу мукофотни қўлга киритади.

Лионель Месси Испания чемпионатининг энг яхши тўпурарига айланди. У 36 гол билан 6-марта Ла Лига тўпурари бўлди ва бу борада Тельмо Сарранинг рекордини такрорлади. «Атлетик» афсонаси 1944/45, 1945/46, 1946/47, 1949/50, 1950/51, 1952/53 йилги мавсумларда Испания чемпионати тўпурари бўлган.

Бундан ташқари Месси тўртинчи марта бир мавсумда ҳам Ла Лигада чемпион бўлди, ҳам чемпионат тўпурарига айланди ҳамда бу борада «Реал» футболчиси Уго Санчеснинг натижасини такрорлади.

Турнинг барча ўйинлари

Турнир жадвалидаги якуний ҳолат

Турнир тўпурарлари

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид