Ўзбекистон | 16:47 / 23.05.2019
7559
2 дақиқада ўқилади

ИҲТТ вакили: «Прокуратура органларининг суд ҳокимияти фаолиятига аралашувини чеклаш керак» 

Ўзбекистонда суд соҳасида антикоррупцион муҳитни ҳосил қилиш учун аҳамият қаратиш лозим бўлган омиллар маълум қилинди. 23 май куни Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларида коррупцияга қарши кураш тармоғи котибияти коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракатлар режаси доирасида Ўзбекистонда олиб борилган тўртинчи мониторинг якунларини маълум қилди.

«Суд ҳокимияти вакилларининг нафақат умумий, балки алоҳида, индивидуал мустақиллиги таъминланиши лозим.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳалигача прокуратура органларининг суд жараёнига аралашуви мавжуд бўлиб қолмоқда. Буни чеклаш керак» , – дейди ИҲҲТ вакили Ирина Цакадзе.

ИҲҲТ эксперти М.Калугиннинг қайд этишича, коррупцияга чек қўйишнинг муҳим қадамларидан бири давлат хизматчиларининг мақомини аниқ белгилаб бериш ҳисобланади.

– Ўзбекистонда антикоррупцион руҳда кўплаб ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиляпти, аммо улар шунчаки ташаббус бўлиб қолмаслиги, амалиётга татбиқ қилиниши ва реал натижа бериши назорат қилиниши керак. Коррупцияга қарши кураш бўйича идоралараро комиссияси фаолиятининг натижадорлигини таъминлаш учун кадрларнинг шу йўналишда қайта тайёрланишини йўлга қўйиш керак, – дея таъкидлади ИҲҲТ котибияти вакили Татьяна Хаванська.

Маълумот учун, Истанбул ҳаракатлар режаси 2003 йилда тузилган бўлиб, Ўзбекистон унга 2010 йилда қўшилган. Унга кўра, ҳаракатлар режасига қўшилган мамлакатлар бир-биридаги миллий антикоррупцион тизимни баҳолаш, коррупцияга қарши самарали кураш механизмларини яратиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишлари назарда тутилади.

Мавзуга оид