Ўзбекистон | 10:31 / 23.05.2019
18512
4 дақиқада ўқилади

Ўзгидромет: «Ўтган асрнинг ўрталаридан Ўзбекистонда иқлим илиши тенденцияси кузатилмоқда»

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет) «Яшил иқлим жамғармаси билан ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусида матбуот анжумани ва давра суҳбати ўтказди.

Иқлим ўзгариши замонамизнинг асосий таҳдидларидан бирига айланган. Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра кузатувлар тарихидаги энг илиқ 20 йил сўнгги 22 йилга тўғри келган. Энг иссиқ тўрт йил эса охирги тўрт йилга тўғри келган. Иқлим ўзгаришининг бошқа яққол белгиларини ҳам кузатиш мумкин, булар — денгиз сатҳининг кўтарилиши, музликларнинг эриши, Ер куррасининг барча минтақаларида кузатилаётган экстремал метеорологик ҳодисалар (сув тошқинлари, қурғоқчилик ва бош.). Табиий офатлар хавфининг ортиши, ҳодисаларнинг мисли кўрилмаган кўлами ҳам бунга далилдир. Агар бугун қатъий чоралар кўрилмаса, иқлим ўзгаришига кейинги мослашиш катта сарф-харажат ва ҳаракатларни талаб қилиши мумкин. 

Фото: Ўзгидромет

Марказий Осиё ҳам иқлим ўзгарувчанлигининг жорий кучайиши билан боғлиқ, ҳам глобал иқлим ўзгаришининг узоқ муддатли таъсирига мойил минтақа ҳисобланади. Ўтган асрнинг ўрталаридан Ўзбекистонда иқлим илиши тенденцияси кузатиб келинмоқда ва ҳар 10 йилда ўртача йиллик ҳарорат 0,29 даражага ошиб бормоқда. Сўнгги ўн йилликлар давомида иқлим ўзгариши билан боғлиқ салбий ҳодисалар кўпроқ рўй бермоқда ва улар сув ресурслари танқислигининг кучайиши ва қурғоқчилик ҳодисаларининг тез-тез такрорланишига олиб келмоқда.

Шу муносабат билан иқлим ўзгариши олдини олиш ва унинг кузатилаётган оқибатларига мослашиш бўйича зарур чоралар ишлаб чиқиш ва амалиётда қўллаш катта аҳамият касб этади.

Яшил иқлим жамғармаси (ЯИЖ) глобал миқёсдаги ташаббус бўлиб, у кам-углеродли ва иқлимий барқарор ривожланишни молиялаштириш орқали иқлим ўзгариши масалаларини ҳал этишга қаратилган. Жамғарма ривожланаётган мамлакатларда иссиқхона газлари ажратмаларини қисқартиришга ҳамда ҳимояга муҳтож ҳамжамиятларнинг иқлим ўзгаришининг муқаррар оқибатларига мослашишига ёрдам бериш мақсадида 2010 йил Канкун шаҳрида 194 мамлакат ҳукуматлари томонидан ташкил қилинган. Бош қароргоҳи Жанубий Кореянинг Сонгдо шаҳрида жойлашган.

ЯИЖ иссиқхона газларини қисқартириш ёки уларни чиқаришнинг олдини олиш орқали иқлим ўзгариши оқибатларини енгиллаштириш ва унинг салбий таъсирларига мослашишга қаратилган лойиҳаларни кўриб чиқади ва молиялаштиради.

Ўзбекистонда ЯИЖ билан ишлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет) ваколатли орган ҳисобланади. У ваколатлари доирасида ЯИЖ билан ўзаро алоқаларни таъминлайди, хусусан тўғридан-тўғри молия олиш учун миллий ташкилотларни ЯИЖда аккредитациядан ўтказиш бўйича сўров юборади ҳамда ЯИЖга тақдим этиш учун давлат манфаатларига жавоб берадиган тўлиқ кўламли лойиҳавий таклифларни тайёрлаш юзасидан талабномаларни кўриб чиқади.

Ҳозирги вақтга келиб ЯИЖга тақдим этиш учун 3 та лойиҳа тайёрланди. Улар Миллий мослашиш режасини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалигини агрометеорологик таъминлаш ва иқлимга боғлиқ табиий офатлар хавфини камайтириш масалалари билан боғлиқ.

Тармоқларнинг иқлим ўзгаришига мослашиши бўйича миллий режаларни тайёрлаш соғлиқни сақлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги, табиий офатлар хавфини бошқариш ва уй-жой қурилиши энергия самарадорлиги борасидаги мослашиш чора ва ҳаракатларини ўз ичига олади.

Мавзуга оид