Спорт | 15:07 / 23.05.2019
12020
6 дақиқада ўқилади

Сала жўнатган овозли хабар эълон қилинди. У «Кардифф»га ўтишни хоҳламаган

Франциянинг L'Equipe нашри аргентиналик марҳум ҳужумчи Эмилиано Салага тегишли аудиоёзувни эълон қилди.

Сала WhatsApp мессенжерида қариндошига йўллаган аудиода «Нант»дан «Кардифф»га ўтишни истамагани ҳақида гапирган.

«Мейсса (Саланинг агенти – таҳр.) менга қўнғироқ қилиб, Франк Кита («Нант» хўжайинининг ўғли – таҳр.) билан гаплашганини айтди. Улар мени сотиб юборишмоқчи экан. «Кардифф»дан таклиф тушибди. Улар кўп пул ишлаб олиш мақсадида музокаралар ўтказишган. Мени ўша клубга ўтказишмоқчи.

Тўғри, шартнома ёмон эмас, лекин футбол нуқтайи назаридан менга қизиқ эмас. Улар мени қандай қилиб бўлса ҳам шу клубга ўтишга кўндиришга уринишяпти.

Мен у жамоага ўтишдан қўрқаётганим йўқ, чунки фаолиятим давомида курашиб келдим;  у ерга бориб, рақобатга киришишдан ҳайиқиш менда йўқ. Аксинча, бунинг тескариси.

Лекин Мейсса трансфер ойнаси ёпилгунга қадар менга бундан яхшироқ бошқа бирор клуб топиши керакмикин, деб ўйлаяпман. У «Кардифф»га йўқ деб жавоб берган, чунки у бу клубга ўтишимни хоҳламаяпти.

Мен ҳам шартнома, ҳам футбол томондан яхшироқ таклиф бўлишини истаяпман, лекин ҳар доим ҳам иккаласи бирга бўлавермайди.

Бошқа томондан, Кита билан гаплашгим келмаяпти, чунки жаҳлим чиқишини хоҳламайман. Биз юзма-юз кўришиб қолсак, унинг нафрати қўзийди. Энди мени «Кардифф»га сотиб юбормоқчи, чунки музокаралар билан баланд нархга келишиб олган. У ўзи хоҳлаган пулни олади, у ерга кетишимни истайди, лекин мен нимани хоҳлашим ҳақида сўраб ҳам кўргани йўқ. Унга фақат пул керак.

Мана шунақа гаплар – турган-битган чалкашлик. Нима қилишни билмаяпман. Ҳеч ким мен билан, ички оламим ва нималарни бошдан кечираётганим билан қизиқмаяпти. Ўзини менинг ўрнимга қўйиб кўра оладиган одамлар кўп эмаслигини ҳис қиляпман ва бу жуда оғир», – деган Сала.

Ўз навбатида, «Нант» президенти Вальдемар Кита мазкур аудиога қуйидагича муносабат билдирди.

«Буни эшитиб ҳайрон қолдим. Мен одамларга қўлимдан келганича муомалада бўламан. Тан олишим керакки, бошқалар буни бошқача тушуниши мумкин.

Афсуски, мана шу аҳмоқона воқеа содир бўлди. Агар вафот этмаганида, аминманки, ҳозир жуда бахтли бўлган бўларди.

Бу сўзларни худди у айтмагандек туюляпти менга», – деди «Нант» раҳбари.

Клуб президенти аргентиналик футболчини сотиш асносида фақат пул ҳақида ўйлаганини инкор этди.

«Мен ҳақиқатан ҳам пул ишлаб олишни ўйлаганимда, ниятимни бу тарзда амалга оширмаган бўлардим. Қолаверса, тарқатиб чиқиладиган комиссион тўловлардан кейин кўп пул қолмасди.

Энди эса бу пулларни хоҳламайман ҳам. Ҳеч қачон қўл теккизмаслигим ҳам мумкин. Фожиавий тарзда ҳалок бўлган инсон орқасидан пул ишлашни истамайман. Бу пуллар энди менга керак эмас. Бу ишга аралашмайман, ҳаммасини ҳуқуқшунослар қилишади. «Кардифф» мен билан бирор марта алоқага чиқмади, буни исташмайди ҳам.

Шу нарса очиқ-ойдин бўлиши керакки, ҳамма нарса имзоланиб бўлган экан, мен футболчи учун ортиқ масъул эмасман. У хайрлашиш учун келганида жуда бахтли эди. Мен бунинг учун «Кардифф»ни жавобгар деб биламан», – деди у.

Вальдемар Кита Сала билан муносабати яхши бўлмагани ҳақида гапирар экан, унга маошини ошириб тўлагани, аммо бунинг учун футболчи миннатдорчилик билдирмаганини айтди.

«Мен ҳар ой 30 минг евро кўпроқ маош тўлардим, лекин бунинг эвазига раҳмат эшитганим йўқ. У билан гаплашиш осон эмасди. Ёки ниманидир унутдиммикан? Бу ҳақда ўйлаб кўришим керак.

Мен бир инсонга олти ой мобайнида қўшимча 30 минг евро ҳақ бериб келдим, лекин раҳмат эшитмадим. Шунга тушуна олмайман. Уни руҳлантириш учун шундай қилиб келгандим, лекин кейин у клубдан кетишни истаётганини айтди.

Саланинг онаси билан кўришганимизда менга нисбатан ғазабнок муносабатда бўлганини тушунаман. Унга самимий таъзия билдириб, ёрдамга тайёр эканимни айтдим», - деди «Нант» президенти.

Эслатиб ўтамиз, 28 ёшда бўлган Сала тўрт мавсумдан буён «Нант» таркибида ўйнаб келаётганди. У 19 январь куни «Кардифф Сити» билан шартнома имзолаган, унинг трансфер қиймати Уэльс жамоаси учун рекорд миқдор – 15 млн еврони ташкил этганди.

21 январда у «Нант»даги жамоадошлари билан хайрлашиб, «Кардифф»га йўл олди, бироқ у бўлган самолёт Ла-Манш бўғозида ҳалокатга учради. Ҳужумчининг жасади ватани Аргентинада дафн этилди, самолёт учувчисининг танаси эса ҳозирча топилгани йўқ. BBC`нинг аниқлашича, учувчи далтоник экани сабаб кечаси парвозни амалга оширишга ҳуқуқсиз бўлган.

Маълумотларга кўра, «Кардифф» Салага тижорий парвоз ташкил қилиб беришни таклиф қилган, аммо футболчи бунга қадар ўзи бошқа самолётни буюртма қилиб бўлганини айтган.

Аввалроқ Уэльс клуби ушбу трансфер учун бир цент ҳам тўламоқчи эмаслиги маълум бўлганди.

Ҳозирда авиаҳалокат юзасидан тергов давом этмоқда, клублар эса трансфер пули масаласида келишувга эриша олишмаяпти.

Мавзуга оид