Жамият | 17:50 / 01.06.2019
55959
5 дақиқада ўқилади

«Командир, фараларни ёқиб олайлик!». Қоидалар фақат оддий одамлар учунми?

Фото: Видеодан кадр

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазирлиги ходимларига алоқадор икки видео тарқалди ва бу фойдаланувчилар томонидан кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Биринчи видеода йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчи ва унинг шериги ҳозирги кунда қаттиқ танқид остига олинган кундузи чироқларни ёқиб юриш билан боғлиқ ҳолат бўйича ички ишлар йўл патрул пост хизмати ходимларига қарашли автоуловни суратга олган. Унда чироқларни ёқиб юриш мажбурияти фақат оддий халққа тегишлилиги ва видеодаги йўл патрул ходими машинасининг чироқларини ёқмагани танқид остига олинган. Шундан сўнг, ҳайдовчилар ва ходимлар ўртасида ҳаракатланиш чоғида даҳанаки суҳбат бўлиб ўтган.

Ҳайдовчи: Командир, фараларни ёқиб олайлик

ППХ ходими: Ўзингиз ёқиб олаверинг

Ҳайдовчи: Нима, сизга ёқиш мумкин эмасми?

ППХ ходими: Менга мумкин эмас. Нима дейсан? Ол, чеккага!

Ҳайдовчи: Нега оламан?

ППХ ходими: Ол!

Шундан сўнг, ҳайдовчи машинасини тўхтатган. Ички ишлар ходими келиб ҳайдовчи томонидан берилган саволларга: «Сенинг нима ишинг бор. Сен «ГАИ» ходимимисан. Сенга эмас қонунни назорат қилиш. Сени ҳам, мени ҳам тўхтатадиган ички ишлар ходими бор. Бўлдими? Менга мумкин эмас. Соғ бўл!», деб жавоб қайтарган. Шундан сўнг томонлар хайрлашган.

Жамоатчиликда ўз-ўзидан саволлар пайдо бўлади. Қонун фақат оддий одамлар учунми? Ички ишлар ходими ўз касб этикасига амал қилмайдими? Қонунни назорат қилиш ички ишлар вазирлигида экан, ходимлари биринчи навбатда унга амал қилиб намуна бўлиши керак эмасми? Нега ҳамма учун тенг бўлган қонун унинг ҳимоячиларига эслатилса, дағдаға билан жавоб берилади? Бундай ходимларга хизмат текшируви ўтказилмайдими? Чора кўрилмайдими?

Президент  Шавкат Мирзиёев бир неча марта давлат амалдорлари халққа хизмат қилиши ва халқ уларни ўз ҳимоячиси сифатида кўриши лозимлигини айтмоқда. Аслида ҳам улар шундай бўлиши керак эмасми?

Иккинчи видео ҳақида гапирадиган бўлсак, унда пиёдалар ўтиш жойида пиёдага йўл бермаган велосипед ҳайдовчиси тўхтатилган. Инспектор томонидан унга белгиланган қонунни бузгани сабаб қилиб кўрсатилиб, маъмурий баённома расмийлаштирилган. Бу видео ҳам жуда кўп фойдаланувчиларнинг баҳсига сабаб бўлмоқда. Халқдан жарималар ундириш кўпайиб кетаётгани айтилмоқда. Бу ҳолат қонунчилигимизда қандай белгиланган?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 138-моддасида пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, уларнинг йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши, пиёдалар йўлнинг қатнов қисмида, шу жумладан пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланаётганда телефондан фойдаланиши, китобларни ёки даврий нашрларни ўқиши, видеоматериалларни томоша қилиши ҳамда аудиоматериалларни эшитиши, шунингдек эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиши, шунингдек мопед ва велосипед ҳайдовчиларининг, уловли аравани бошқариб борувчи ва йўлдан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади дейилган.

Демак, бу ҳолатда «ГАИ» ходими қонунга кўра, ўз хизмат вазифасини тўғри амалга оширган. Лекин айрим шахслар бунинг моҳиятини англамай, ички ишлар ходимини кескин танқид қилмоқда. Бу нотўғри.

Мен бундай самарасиз тактикадан кўра бошқа тарафга диққатни қаратган бўлардим. Бу талаб Европа ва бошқа ривожланган давлатларда ҳам йўлга қўйилган. Лекин уларда велосипедлар учун алоҳида йўлаклар барпо этилган. Ҳа, улар аввалига етарли шароит қилишади, кейин талаблар белгилайди. Нега бизда Европадан талабларни оламиз-у, бироқ у ердаги шароитларни ўзимизда ҳам қилиб қўймаймиз? Кўчирсак бундай лойиҳаларни тўлиқ ўзлаштирайлик. Давлат хазинасига хизмат қиладиган қисмини эмас.

Бу ҳолатга ҳам тегишли қонунчилик ташаббусига эга ва йўллар қурилишини назорат қилувчи ташкилотлар диққатини қаратишини хоҳлар эдик. Чунки бизнинг йўллар Европа стандартларига жавоб бермайди. Улардан қонунларнигина кўчириш мантиққа тўғри келмайди.

Зафарбек Солижонов, журналист

Мавзуга оид