Жамият | 15:00 / 02.06.2019
8111
3 дақиқада ўқилади

Шофирконда зиёратчилар учун илк меҳмонхона ишга тушди

Бугун Бухорода етти пирнинг муқаддас қадамжоларини янада обод қилишга қаратилган ишлар авжида. Уларнинг мақбаралари қайта таъмирланиб, атрофи кўкаламзорлаштириляпти. Сайёҳлар учун мазкур ҳудудларда меҳмонхоналар, чойхоналар, савдо мажмуалари, автотураргоҳлар барпо этиляпти.

Зиёратгоҳларни ўзаро боғлайдиган йўллар реконструкция қилиниб, замонавий инфратузилма шакллантириш, муҳташам маданий объектлар қурилиб, транспорт-логистика, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш устида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Шофиркон туманида жойлашган Хожа Ориф Ревгарий мажмуаси таркибига кирувчи «Poykent Bukhara» меҳмонхонаси ана шундай объектлардан биридир, деб хабар беради Kun.uz’га Бухоро вилоят ҳокимлиги аппарати матбуот хизмати.

Замонавий ва миллий меъморчилик андозалари асосида бунёд этилган меҳмонхона ҳалқимизнинг бунёдкорлик ва яратувчанлик салоҳиятидан далолат беради. Умумий қиймати 4,5 млрд сўмга тенг янги мажмуа тадбиркор Комил Рўзиев ташаббуси билан бунёд этилган иншоотларнинг тўртинчиси саналади. У ўзига хос дизайни, қулай шароит ва имкониятлари билан ташриф буюрувчиларга манзур бўлмоқда.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Меҳмонхона бир вақтнинг ўзида 68 кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Шунингдек, бу ерда китоб дўкони, ҳунармандчилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдо қилувчи супермаркет, мажлислар зали сингари иншоотларга ҳам алоҳида ўрин ажратилган.

Меҳмонхонанинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоят ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, нуронийлар, сайёҳлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Унда сўз олган вилоят ҳокими Ў.Барноев мамлакатимизда сайёҳлик саноати субъектлари фаолияти учун қулай шароитлар яратилаётганини, тармоқнинг янги салоҳиятли турлари, хусусан, зиёрат туризмини ривожлантиришга эътибор кучайганини алоҳида таъкидлади. Бухородаги етти пир зиёратгоҳларини обод этиш бўйича бажарилаётган ишлар бу қадимий маконда туризм индустриясини ривожлантиришга йўл очишини қайд этди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, шу куни меҳмонхонага ёндош ҳудудда 200 ўринли «Нуронийлар чойхонаси» ҳам фаолият бошлади. Шунингдек, Вобкент туманидаги Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳида ҳам янги меҳмонхона фойдаланишга топширилди.

Мавзуга оид