Спорт | 13:40 / 09.06.2019
9364
2 дақиқада ўқилади

«Бухоро» тожикистонлик мутахассисни янги бош мураббий этиб тайинлади

«Бухоро» клуби тожикистонлик мутахассис Муҳсин Муҳаммадиевни бош мураббий қилиб тайинлайди. Бу ҳақда бухороликлар матбуот хизмати хабар бермоқда.

Аввалроқ, «Бухоро» бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов қониқарсиз натижалар туфайли истеъфога чиқарилган эди. Энди унинг ўрнини Муҳаммадиев эгаллаши кутилмоқда.

Муҳсин Муслимович Муҳаммадиев 1966 йилда туғилган. Тожикистон ва Россия фуқаролигига эга. Футболчилик фаолиятида Тожикистоннинг «Помир», Россиянинг «Локомотив», «Спартак», «Торпедо», Туркиянинг «Анқарагучу», Австриянинг «Аустрия», Ўзбекистоннинг «Бухоро» ва «Самарқанд» клубларида ўйнаган.

Мураббийлик фаолиятида Россиянинг «Витязь», «Рубин», Қозоғистоннинг «Ордабаси», Тожикистоннинг «Истиқлол» клубларида, шунингдек Тожикистон миллий жамоасида ишлаган. 2016 – 2017 йилларда «Истиқлол» билан Тожикистон чемпиони бўлган.

«Бухоро» клуби Суперлиганинг бу йилги мавсумида 10 турдан кейин 7 очко билан 13-ўринни эгаллаб турибди.

Ашурматов 8-турдан кейин истеъфога чиқарилганди. У бухороликлар бошқарувидаги 8та ўйинда фақат бир бор ғалаба қозониб, уч бор дуранг ўйнаб, тўртта ўйинда ютқазганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид