Ўзбекистоннинг 3 аэропорти бошқаруви хорижий компанияга берилмоқда – сабаб? Транспорт вазирлиги баёноти
Ўзбекистоннинг Самарқанд, Наманган ва Урганч аэропортлари бошқаруви «Новапорт» компаниясига ўтиши тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлиб, меморандум имзолангани ҳақидаги ахборотлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга ва турли-туман фикрларга сабаб бўлди. Республика Транспорт вазирлиги шу муносабат билан қарашини ҳамда аэропортларнинг нима учун айни компанияга берилишига доир қарашларини маълум қилди.
Транспорт вазирлиги баёнотида айтилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаро авиациясини ривожлантириш, ҳаво кемалари паркини босқичма-босқич янгилаш, парвозларнинг юқори даражадаги хавфсизлигини таъминлаш, аэропортлар инфратузилмасини, ҳаводаги ҳаракатни бошқариш тизимини ва малакали мутахассислар тайёрлашни такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Шунга қарамай, мамлакат фуқаро авиациясининг жаҳон авиаташишлар бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш ва ушбу тармоққа инвестицияларни фаол жалб қилиш, соҳанинг тармоқ корхоналари молиявий барқарорлиги ва рентабеллигини таъминлаш имконини берувчи менежментнинг замонавий тизимини жорий этиш масалаларида қатор тизимли камчиликлар сақланиб турибди.
Шу билан бирга, аэропортлар эксплуатацияси ва иш фаолиятини таъминлаш доимий равишда катта миқдордаги инвестициялар киритилишини талаб этади. Аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан йўловчи терминаллари, учиш – қўниш йўлакларини қуриш ва реконструкция қилиш, ёритиш ва сигнал чироқлари қурилмаларини модернизация қилиш, махсус техникаларни харид қилиш, ҳаво кемалари, йўловчилар ва юкларга хизмат кўрсатиш жараёнига замонавий ахборот технологияларини тадбиқ этиш катта сарф-харажатларни талаб этади.
Ҳозирги кунда фуқаро авиацияси бошқарув тизими, шу жумладан ердаги инфратузилмадан фойдаланиш хизмат кўрсатишнинг жаҳон стандартларига жавоб бермаслиги, рейсларга кўрсатилаётган хизматларнинг етарли даражада эмаслиги, асосий ишлаб чиқариш фаолиятидан тушадиган даромадларнинг пастлиги мамлакатимиздаги айрим аэропортларнинг норентабеллигига сабаб бўлмоқда. Бу каби аэропортларнинг иш фаолиятини таъминлаш давлат бюджетидан катта миқдордаги маблағ ажратилишини талаб этмоқда.
Жаҳон Банки экспертлар гуруҳининг фикрича аэропортлар ўтказувчанлик қобилиятининг чекланганлиги ва инфратузилма сарф-харажатларининг юқорилиги парвозлар нархининг қимматлашувига сабаб бўлмоқда, бу эса ўз навбатида хорижий авиаташувчиларнинг Ўзбекистон авиабозорига кириш имкониятларини чекламоқда.
Жумладан, Термиз халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлагининг халқаро талабларга мутлақо жавоб бермаслиги хорижий авиакомпанияларнинг мазкур аэропортга парвозларни амалга оширишига тўсиқ бўлмоқда.
Бундан ташқари, бугунги кунда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Андижон халқаро аэропортларининг учиш-қўниш йўлаклари таъмирталаб аҳволда. Шунингдек, Тошкент, Наманган, Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Андижон халқаро аэропортлари терминалининг кичиклиги уларнинг ўтказувчанлик қуввати паст кўрсаткичда қолишига сабаб бўляпти.
Бу каби салбий ҳолатлар айрим йўловчилар парвозларни қўшни давлатларнинг Ўш, Чимкент каби шаҳарлари орқали амалга оширишига олиб келмоқда. Етакчи халқаро экспертларнинг фикрича халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатишни таъминлаш учун аэропортлардан фойдаланиш ва уларни ривожлантиришга хусусий секторни жалб этиш мавжуд муаммоларнинг ечими бўлиб ҳисобланади.
Авиаташувлар бозорида рақобат муҳитини яратиш ва соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни фаол жалб этишнинг дастлабки натижаси Самарқанд, Наманган ва Урганч шаҳарлари аэропортлари бошқарувининг концессия келишуви асосида Россия Федерациясининг тўлиқ ёки қисман давлат-хусусий шериклиги бошқаруви асосида компаниясига берилиши мазкур йўналишдаги дастлабки қадамдир.
Келишувга кўра «Новапорт» компанияси ўз сармоялари ҳисобидан юқоридаги аэропортларни модернизация қилиш ва ривожлантиришга қаратилган “Лойиҳалаш, Қурилиш, Эксплуатация, Топшириш” (DBOT) модели асосида ишларни бажариш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Эксплуатация даврида «Новапорт» компанияси давлатга концессия йиғимларини тўлаб боради.
Фуқаро авиацияси соҳасида бошқарувнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этишни жадаллаштириш, соҳа корхоналарини халқаро тенденция ва стандартларга мувофиқ қайта ташкил этиш ҳукуматнинг авиация соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишдаги асосий мақсадидир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мавжуд қонунчиликка кўра аэродром инфратузилмаси объектлари, жумладан ҳаво кемалари учун мўлжалланган учиш-қўниш ва қўшимча харакатланиш йўлакларини хусусий шерикка фақат бошқарув учун берилиши мумкин. Ушбу объектлар стратегик аҳамиятга эга бўлгани боис мулк ҳуқуқи давлатда қолади. Қолаверса, давлат-хусусий шериклигининг ҳар қандай шакли ва усулларида асосий бошқарув ва назорат воситалари давлатда бўлади.
Самарқанд, Наманган ва Урганч аэропортларини модернизация қилиш ва ривожлантиришга қаратилган лойиҳани амалга ошириш юзасидан «Новапорт» компанияси ўз таклифларини ишлаб чиқмоқда. Ушбу таклифлар мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан ўрганиб чиқилгандан сўнг якуний қарор қабул қилинади.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш аэропортлар инфратузилмасини ривожлантириш ва кенгайтириш, самарали ишлаш ва техник хизмат кўрсатишни таъминлаш, йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, парвозлар географиясини кенгайтириш, йўловчи ташиш ҳажмини кўпайтириш каби ижобий натижаларга эришиш имконини беради.
Авиация соҳасини тубдан такомиллаштириш мақсадида, республиканинг қолган аэропортларини давлат-хусусий шериклиги шартлари асосида инвесторлар бошқарувига топшириш масалалари ўрганиб чиқилмоқда.
Халқаро амалиётга назар солинса, бугунги кунда Санкт-Петербург, Деҳли, Афина, Истанбул, Токио, Нагоя, Гонконг, Доха, Лондон, Цюрих, Франкфурт, Амстердам каби йирик аэропортлар тўлиқ ёки қисман давлат-хусусий шериклиги бошқаруви асосида фаолият юритмоқда.
Маълумот учун: «Новапорт» компанияси Россиянинг AEON корпорацияси таркибига киради. Компания Чита, Челябинск, Томск, Астрахань, Волгоград, Новосибирск, Тюмень, Мурманск, Пермь, Кемерово, Минерал Сувлар, Калининград, Улан-Удэ, Владикавказ халқаро аэропортлари ҳамда Барнаул ва Ставрополь аэропортларини бошқаради.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
21:47 / 18.10.2024