Спорт | 23:48 / 17.06.2019
17330
2 дақиқада ўқилади

Никимбаев: «ПФЛнинг янги раҳбари Даврон Шоқурбонов ноҳақ айбланган ва кейинчалик оқланган» 

Алишер Никимбаев

Машҳур футбол мутахассиси Алишер Никимбаев «Бунёдкор» спорт директори Даврон Шоқурбоновнинг ПФЛга вақтинчалик янги раҳбар қилиб тайинланганига изоҳ берди.

Аввалроқ, Шоқурбонов ва Равшан Эрматовнинг отаси Сайфиддин Эрматовнинг келишилган ўйинларда иштирок этганликда айбланиб, 2007 йилда футболдан четлатилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Даврон Шоқурбонов

«Шоқурбоновнинг тайинланиши билан боғлиқ баъзи хабарларга изоҳ беришни истайман.

1. Ҳа, бундай қарор қабул қилинган. Аммо тез орада бекор қилинган. Рўйхатдаги деярли барча инсонлар якунда оқланган. Энг ёрқин мисол – Жаҳонгир Саидов, у 2018 йили жаҳон чемпионатида ҳам ишлади.

2. Федерацияда ишлайдиган ходимларнинг айтишича, бу қарор машҳур шахс ташаббуси билан қабул қилинган. У «Қурувчи»га қарши ўйинда «Пахтакор» дарвозасига пенальти белгилаган Равшан Эрматовни жазоламоқчи бўлган. Аммо Равшан Эрматов Канадада ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига чақирув олгани боис, жазодан қутулиб қолган. Бироқ унинг яқин дўстлари ва отаси эса рўйхатга киритилган. Мираброр Усмонов тезда вазиятга тўғри баҳо бериб, бу қарорни бекор қилган. Оқланганларнинг деярли барчаси яна ҳакамликка қайтган, фақат Шоқурбонов «Бунёдкор» клубига ишга ўтиб кетган.

Демак бу мақолани ёзган журналист ёлғон маълумот бермаган. Аммо ҳақиқатни ҳам тўлиқ ёритмаган.

Шоқурбонов ҳақида гапирадиган бўлсам, унда нафақат ҳакамлик тажрибаси бор, балки «Бунёдкор» клуби, Тошкент шаҳар Футбол Федерацияси ва Республика олий спорт маҳорати мактабида ҳам ишлаган. Менимча у ПФЛни бошқаришга лойиқ», - деб ёзди Никимбаев.

Мавзуга оид