Ўзбекистон делегацияси Гаага конференциясининг дипломатик йиғилишида иштирок этмоқда
Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Гаага (Нидерландия) шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясининг йигирма иккинчи дипломатик сессиясида кузатувчи сифатида иштирок этмоқда. Сессия 24 июнга қадар давом этади.
Адлия вазирлигининг билдиришича, Ўзбекистон делегацияси таркибига, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий суд, Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тошкент халқаро арбитраж маркази вакиллари ҳам кирган.
Сессия 2019 йилги Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясининг Фуқаролик ва тижорат масалалари бўйича суд қарорларини эътироф этиш ва ижрога йўналтириш тўғрисидаги Конвенцияга доир музокараларни якунлаш ва уни қабул қилишга қаратилган.
Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси (ХХҲГК) халқаро хусусий ҳуқуқни ривожлантириш соҳасидаги нуфузли халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланади. ХХҲГК халқаро шахсий ҳуқуқ соҳасидаги халқаро муносабатларни кодлаш ва унификация қилиш, шунингдек миллий қонунлар, маъмурий ҳамкорлик, юрисдикция ва амалдаги ҳуқуққа доир низолар, хизмат кўрсатиш, фуқаролик мавқеи, болаларни ҳимоя қилиш ва халқаро фарзандликка олишга доир масалалар билан шуғулланади. Гаага конференцияси доирасида 38 та конвенция қабул қилинган. Ҳозирги вақтда Гаага конференциясида 83та, жумладан 82 давлат ва якка иштирокчи сифатида ЕИ аъзо.
Ўзбекистон ташкилот аъзоси ҳисобланмайди, бироқ ХХҲГК конвенциясини имзоловчи мамлакатлар сирасига киради.
Гаагага ташриф доирасида Ўзбекистон делегациясининг Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси ва Ҳақамлик суди доимий палатаси раҳбарияти билан учрашуви режалаштирилган.
Ҳакамлик суди доимий палатаси (ҲСДП) халқаро ҳамжамиятга баҳсларни ҳал қилишда кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. ҲСДП иштирокчи давлатлар ўртасидаги муносабатларда кучга таяниб иш кўришнинг олдини олиш орқали тинчликни сақлашга қаратилган икки ҳужжат – 1899 ва 1907 йилларда қабул қилинган Халқаро баҳсларни тинч йўл билан ҳал қилиш тўғрисидаги конвенциялар асосида иш юритади.
Учрашувлар чоғида Ўзбекистон Республикасининг юқорида қайд этилган нуфузли халқаро ташкилотлар билан халқаро хусусий ҳуқуқни ривожлантириш, халқаро стандартларга мувофиқ юридик кадрлар тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш каби соҳалардаги ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинади.