Спорт | 11:20 / 23.06.2019
26406
7 дақиқада ўқилади

«Барселона», «Реал», «ПСЖ»? Неймар фаолиятини қаерда давом эттиради?

Фото AFP

Бразилиялик футболчи янги мавсумни «Барселона»да давом эттириши ҳақиқатга яқин, унда «Реал»га ўтиш варианти ҳам бор, шунингдек, «ПСЖ»да яна бир мавсум қолиши ҳам истисно этилмайди.

«ПСЖ»: Неймарни қўйиб юборишга тайёрмиз

27 ёшли футболчи трансфери бўйича навбатдаги хабарлар оқими Франциядаги L’Equipe нашрида ўтган ҳафтада «ПСЖ» Неймарни яхши нархга сотиш вариантларини кўриб чиқаётгани тўғрисида хабар берилиши ортидан бошланди. Кўп ўтмасдан ушбу футболчи барча спорт газеталари муқовасини безади.

Бу хабарлар ортидан «ПСЖ» президенти Носир Ал-Хелайфи муносабат билдирди.

«Жамоада клубга ва лойиҳага садоқатли футболчилар бўлишини истайман. Улар ўз мажбуриятларини аввалгидан ҳам кўпроқ масъулият билан бажаришлари керак. Уларнинг ишга муносабатлари мутлақо бошқача бўлиши зарур. Кўпроқ интилишсин, кўпроқ меҳнат қилишсин. Улар бу клубга вақтичоғлик қилиб юриш учун келишмаган. Агар бу фикрга қўшилишмаса, эшиклар очиқ. Чао! Мен суперюлдузларнинг ўзини бундай тутишларига ортиқ тоқат қилишни хоҳламайман.

Неймар? Уни ҳеч ким биз билан шартнома тузишга мажбурламаган. У бу лойиҳада иштирок этишни ўзи истаганди», – деган Ал-Хелайфи France Football нашрига берган интервьюсида.

Кўриниб турибдики, Неймар Парижда қолса, у ҳаёт тарзи ва хатти-ҳаракатларини ўзгартиришига тўғри келади. Қолаверса, у аввалги имтиёзларидан ҳам маҳрум қилиниши мумкин.

Айнан Ал-Хелайфининг баёнотидан кейин испан нашрлари бразилиялик футболчига «Барселона» ва «Реал» томонидан қизиқиш мавжудлигини бот-бот эсга сола бошлашди.

«Реал»: жуда қиммат

Аввалбошдан Мадрид варианти эҳтимоли кам эди. Ҳа, Испанияда ва бутун дунёда Флорентино Перес азалдан Неймарни жамоасида кўришни исташи ҳақида ёзишади. Аммо президентнинг истаги бошқа, бош мураббий Зинедин Зиданнинг истаги бошқа. Жамоага қайтган франциялик мутахассис жамоани қайтадан қурмоқда ва у бразилиялик футболчининг фанати эмас.

Аввалига ОАВда «Реал» ушбу футболчи учун 130 миллион евро ва Гарет Бэйл ёки Хамес Родригесдан бирини беришга тайёрлиги ҳақида ёзилди. Бу орада Неймарнинг «Реал» ҳужумчиси Карим Бензема билан бирга тушган суратини ижтимоий тармоқда эълон қилиши нимагадир ишорадек қабул қилинди. Кейин «ПСЖ» футболчи учун 300 миллион евролик нарх белгилаб қўйгани англашилди. Шундоғам ёзги трансферларда катта харажат қилиб қўйган мадридликлар эса бундай сумма тўлашга тайёр эмас - у жуда қимматлик қилади. Кейин эса футболчининг ўзи «Реал»га ўтишни истамаётгани, «Барселона»га - Месси ва Суареснинг ёнига қайтишга тайёрлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

«Барселона»: 200 миллион ва Неймар учун уч шарт

Воқеалар ривожига кўра Каталонияга қайтиш Неймар учун энг реал вариант бўлиб турибди. Аммо бу трансфер осонлик билан амалга ошмаслиги аниқ. Барча гап молиявий масалада.

Marca нашри маълумотига кўра, каталонияликлар бу футболчини сотиб олиб, у билан 5 йиллик шартнома тузишса, жами харажат миқдори 600 миллион еврога етади: трансфер учун 250 миллион ва футболчининг ўзига 350 миллион. «Барса» президенти Хосеп Бартомеу бунга тайёр эмас, клубда шунчаки бунча пул йўқ.

Тўғри, «Барселона» футболчини 200 миллион евро эвазига трансфер қилишга тайёр. Ўз-ўзидан тушунарли, футболчининг обрўси сўнгги вақтларда пасайгандан пасайиб бормоқда, тинимсиз жароҳатлар, дисквалификациялар ва шахсий ҳаётидаги можаролар унинг ўйинига ва трансфер нархига таъсир қилмай қолмайди. У «ПСЖ»да кутилган ишончни оқлай олмади - жамоа билан ЕЧЛда муваффақиятга эриша олмади, майдон ташқарисида ҳам ҳамиша муаммолар гирдобида қолмоқда.

«Барселона» 200 миллион еврони ҳам тўлиқ бермоқчи эмас - трансферга бошқа футболчиларини қўшмоқчи. Алмашиш вариантида рўйхатда биринчи навбатда бошқа бир бразилиялик Коутиньо турибди, каталонияликлар тарихидаги энг қимматбаҳо харид кутилган ўйинни намойиш эта олмади ва асосий таркибда ўрнашиб қололмади. «Барселона» катта трансферни амалга оширишда молиявий фейр-плейга риоя қилиш учун бир неча футболчисини сотиши ҳам талаб қилинади. Шундан кейингина Неймарни трансфер қилиш ҳақида ўйлаш мумкин бўлади.

Шу билан биргаликда, Sport нашри бразилиялик футболчи каталонияликлар клубига қайтиши аниқ эканини ёзмоқда. Бу газета ҳафта давомида ҳар куни муқовасини Неймарга бағишлади.

Душанба: «ПСЖ» музокараларга тайёр»

Сешанба: «Неймар «Барса»га қайтишни истамоқда»

Чоршанба: «Барселона» футболчилари Неймар қайтишига рози»

Пайшанба: «Неймар Парижга қайтмоқчи эмас ва трансфер қилинишини сўрамоқчи»

Жума: «ПСЖ» 300 миллион талаб қилмоқда, «Барса» 100 миллион ва Коутиньони таклиф қилмоқда»

Шанба: «Барса» Гризманн билан шартнома имзоламоқчи ва Неймарга шарт қўймоқчи»

Шанба кунги сонда нашр каталонияликларнинг Неймар рози бўлиши керак бўлган 3 шарти ҳақида ёзди: маоши камайишига рози бўлиши, аввал клубда ўйнаганида шартномани узайтиргани учун сўраган 26 миллион евро миқдоридаги бонусдан воз кечиши ва «Барселона»га қайтиш истаги ҳақида расман эълон қилиши.

Бразилиядаги UOL Esporte нашри маълумотига кўра, футболчига яқин одамлар айтишича, у барча шартларга рози. Унинг ўзи ҳозирча сукут сақламоқда - келажаги бўйича тарқалган хабарларни на рад этмоқда ва на тасдиқламоқда.

Фото: Google Maps

У Каталонияга қайтишга қарор қилса, Барселонадан янги уй излашига ҳожат йўқ - «Барселона»да ўйнаган вақти яшаган уй-жойи турибди. У бу уйни Месси ва Суарес яшайдиган жойдан узоқ бўлмаган ҳудуддан - Барселона ғарбидаги нуфузли туман Педральбесда 5 миллион еврога сотиб олганди. Бу уй майдони 1000 метр квадратни ташкил этади - улкан бассейн, автомобиллар учун гараж ва 5та ётоқхонани ўз ичига олган.

 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид