Жаҳон | 09:58 / 25.06.2019
8111
2 дақиқада ўқилади

Халқаро коинот станциясидаги 3 фазогир Ерга қайтди

Фото: Сергей Мамонтов/POOL/ТАСС

Халқаро коинот станцияси экипажининг 3 аъзоси “Союз МС-11” фазовий кемаси қурилмасида Қозоғистон даштида, Жезқазған шаҳридан 145 км жануброқда қўнди. Бу ҳақда Москва вилоятидаги парвозларни бошқариш марказида маълум қилинди.   

Ерга Роскосмос фазогири Олег Кононенко, NASA ва Канада коинот агентлиги астронавтлари Энн Макклейн ва Давид Сен-Жак фазода 204 кун бўлгандан кейин қайтган.

Фото: Роскосмос

Кема ХКСдан 25 июнь Тошкент вақти билан соат 04:25 да ажралиб, 07:48да қўнишни амалга оширган. Таъкидланишича, фазогирлар ўзларини яхши ҳис қилмоқдалар.

Айни вақтда ХКСда россиялик Алексей Овчинин, америкалик Ник Хейг ва Кристина Кук ишни давом эттирмоқда.

Коинот станциясига кейинги экспедиция Бойқўнғир космодромидан 20 июлда “Союз МС-13” кемасида жўнатилади. Янги экипаж таркибига Роскосмос вакили Александр Скворцов, NASA ва Европа коинот агентлиги вакиллари Эндрю Морган ва Лука Пармитано (Италия) киради.

Мавзуга оид