Иқтисодиёт | 13:00 / 30.06.2019
17679
4 дақиқада ўқилади

Фермерлар ҚҚС тўловчиси бўлса, нима ўзгаради?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармонига мувофиқ, эндиликда ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкин.

Кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган ушбу масала юзасидан айрим ҳақли саволлар пайдо бўляпти. Масалан, 2019 йил 1 августдан бошлаб ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишини қандай қабул қилиш лозим? Нега ихтиёрийлик асосида ва фермерлар кўзланган ислоҳотни англайдими?

Бугунги кунда барча қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари, яъни фермер хўжаликлари, амалдаги солиқ қонунчилигига кўра фойдаланилишидаги ер майдонлари учун соддалаштирилган тартибда ягона ер солиғини тўловчилари ҳисобланадилар. Уларга бошқа солиқ солиш режимини танлаш, яъни умумбелгиланган солиқ солиш тартибини қўллаш ҳуқуқи чекланган эди.

Фармонга мувофиқ, фермер белгиланган тартибда солиқ органига мурожаат қилиб ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиши ва 1 августдан бошлаб харидорга тақдим этадиган ҳисобварақ-фактурага ҚҚС суммасини алоҳида ажратиб кўрсатиши мумкин.

Бу имконият, айниқса, маҳсулоти таннархида минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш ва механизация хизматлари каби моддий харажатлар сезиларли улушга эга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи корхоналар учун муҳим ҳисобланади. Фермердан товар сотиб олувчи, занжирнинг давомчиси ҳам ҚҚС тўловчиси бўлса илгари маҳсулот таннархига киритилган ҚҚСни ажратиш ҳисобига товар нархи арзонлашади.

Бу омил қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналар учун жуда муҳим. Улар энди фермерлар билан ҚҚС занжирини ташкил қилишдан манфаатдор бўлади.

Бунинг мазмуни, қисқа қилиб айтганда, ихтиёрий равишда ҚҚСни тўламоқчи бўлган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари сотиб олган товарлари ва хизматлари учун тўлаган ва таннархга киритган ҚҚСни эндиликда таннархдан ажратиши ва шу миқдорга сотишдан олган ҚҚСни камайтириши ҳисобига маҳсулотининг нархи арзонлашади ва харидор топиши осонлашади.

Таъкидланишича, давлат бюджети ҳисобидан ташкил этилган бухгалтерия хизматларини бепул кўрсатувчи марказлар томонидан фермерларга ҚҚС ҳисобини юритиш ва тўлаш бўйича семинарлар ташкил этилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатдаги 85 минг нафар фермерларнинг атиги 1316 нафари 1 миллиард сўмдан ортиқ умумий пул айланмасига эга. Улар ҳам ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олиниши кутилмоқда.

Бундан ташқари, 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари айланиши кутилмоқда. Ўзбекистонда 27 минг фермер ёхуд жами фермерларнинг 32 фоизи 50 гектардан ортиқ ер майдонидан фойдаланади. Бундан асосий кўзланган мақсад — пахтасанот ва мева-сабзавот ишлаб чиқарувчилари учун хомашё етказиб берувчи фермерларни ҚҚС занжирига қамраб олиш. Бунинг эвазига бозорда ва ишлаб чиқариш босқичларида барқарор нарх сиёсатига эришишдир.

Алишер Рўзиохунов

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид