Жамият | 13:40 / 30.06.2019
14832
3 дақиқада ўқилади

Қудбиев: IT мутахассиси Power Point дастури нима учун кераклигини билмайди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев Фарғона вилоятида фуқароларнинг сайёр қабулини ўтказиш чоғида ёш мутахассислар, коллеж битирувчилари ўз мутахассисликлари бўйича малакали билимга эга эмаслигига яна бир бор амин бўлди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Фарғона вилоятида бўлиб ўтган сайёр қабулда 130дан ортиқ фуқаро қатнашган. Шундан 45 киши иш билан таъминлаш масаласида, 6 киши меҳнат ҳуқуқи бузилаётгани, 5 нафари оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалада мурожаат қилган. 

Таъкидланишича, сайёр қабул чоғида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишига ҳамда аҳоли билан ишлашда хатоликларга йўл қўйган бир неча бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари вазифасидан озод этилган. 

«Мурожаат қилаётганларнинг кўпчилиги аёлларни ташкил этмокда. Баъзилари жамоат ишида доимий ишлашни хоҳлашади. Айримлари эса, ўз соҳасида иш топиб беришни сўрашди. Баъзиларининг иш стажи бўлмаса ҳам, малакасини тасдиқловчи дипломи ҳам бор. Масалан, дипломида ахборот технологиялари бўйича мутахассис, деб ёзилган. Айнан шу соҳаларда мутахассислар етишмайди ўзимизда. 

Лекин, IT соҳаси бўйича мутахассис оддий Power Point дастури нима учун керак, деган саволга жавоб бера олмайди. Мен қандай қилиб қўлидаги дипломи билимига мос келмаган  мутахассисни иш берувчига тавсия қиламан? Мана шу каби номутаносибликлар меҳнат бозорида бугунги ишсизликни келтириб чиқараётган сабабларидан биттаси. Биздаги олий таълим сифати иш берувчи талабини қондира олмаяпти», - деган Шерзод Қудбиев Фарғона аҳолиси билан бўлиб ўтган мулоқот сўнгида.

Эслатиб ўтамиз, БваММВ раҳбари, ОАВ вакиллари билан ҳам учрашувда Ўзбекистонда 1 млн 400 минг ишсиз борлигини айтар экан, 100 мингга яқин иш ўрнига муносиб ишчини топилмаётганини билдирган эди. Вазир, мавжуд ишчи кучи иш берувчи талабига жавоб бермаётганини куйинчалик ва афсус билан тилга олганди. 

Мавзуга оид