«Қурол тўғрисида»ги қонун: қўрқув ва хавотирлар асослими?
Бугун ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтараётган айрим фуқароларга, энг аввало, қонун билан яхшироқ ва яқинроқ танишиб чиқишни тавсия қилган бўлардик, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Раҳмонов.
Билдирилишича, қонунда фуқароларга ўқотар қуроллар сотиш, улардан бемалол фойдаланиш мумкинлиги ҳақида биронта банд йўқ. Аксинча, бундай фаолият янада қатъий назоратга олиняпти.
Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида “Қурол тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Табиийки, савол туғилади: мазкур қонун ўзи бизга керакми? Унда қандай нормалар белгиланмоқда? Кимлар қурол олиб юриш ҳуқуқига эга бўлади? Бу фаолиятни қайси орган назорат қилади? Депутат ана шу саволларга жавоб излаган.
Янги қонунга қандай эҳтиёж бор эди?
Маълумки, шу пайтгача Ўзбекистонда қурол билан боғлиқ қонун қабул қилинмаган эди. Бугунга қадар фуқаролик, хизмат ва жанговар қуролларга тегишли тартиб-қоидалар ўндан зиёд қонун ҳужжатлари асосида бошқариларди. Эндиликда “Қурол тўғрисида”ги янги қонун билан шу пайтгача мавжуд бўлган барча ҳужжатлар умумлаштирилиб, ягона мажмуа ҳолатига келтирилди.
Қайд этиш ўринли, қонунни ишлаб чиқишдан кўзланган мақсад амалдаги меъёрий-ҳуқуқий асосларнинг тўлиқ ва мукаммал эмаслиги, ягона механизм йўқлиги ва шу сабабли вужудга келаётган кўплаб ҳуқуқий англашилмовчиликлар ўрнини тўлдиришдир. Жумладан, қурол ва ўқ-дори каби тушунчаларнинг қонунчиликда акс эттирилмагани мавжуд турли қуролларга эга бўлиш, уларни олиб юриш ва сақлаш ҳолатларига тўғри ҳуқуқий баҳо беришда қийинчиликларни юзага келтираётганди.
Шунингдек, чет давлатлар ва республикамизда қуролнинг янги турлари, ўқ-дориларининг кенг айланиши шароитларида амалдаги қонун ҳужжатларида тегишли юридик тушунчалар мезони, уларни муомалага киритиш асослари, тактик-техник хусусиятлари ҳамда ижтимоий хавфлилиги даражасига кўра чекловлар белгиланмаган. Бу каби ҳолатлар қурол муомаласи ва қуролга эга бўлган ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш бўйича яхлит тизимни йўлга қўйишга тўсқинлик қилаётганди.
Эндиликда янги қонун билан қуролга эгалик қилиш, сотиш ва қуролдан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш тартибга солинади. Бунда қонунийлик, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш устуворлиги белгиланмоқда.
Қуролнинг қандай турлари тасниф этилмоқда?
Қонун бўйича қурол турлари уч таснифга бўлинади. Булар — фуқаровий қурол, хизмат қуроли ҳамда жанговар қуролдан иборат. Ўз навбатида, фуқаровий қурол ов қуроли, спорт қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш (газ баллончалари, механик тарқатувчилар ва аэрозол, электрошок ускуналари, учқун чиқарувчи қурилмалар) қуролига бўлинади.
Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни ҳимоя қилишга, табиатни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни, махсус хат-хабарларни муҳофаза қилишга доир вазифаларни бажариш чоғида юридик шахсларнинг ходимлари, шунингдек, мансабдор шахслар томонидан шахсий хавфсизликни таъминлаш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол хизмат қуроли жумласига киради.
Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа тузилмалар томонидан қўлланиладиган, жанговар ҳаракатларни олиб бориш ҳамда хизмат вазифаларини бажариш учун мўлжалланган қурол эса жанговар қурол саналади.
Кимлар қуролдан фойдаланиш ҳуқуқига эга?
Қонунда қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхати белгиланган. Махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар, махсус хизмат вазифаларига эга бўлган, қурол ишлаб чиқариш ва уни реализация қилиш, овчилик ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланадиган юридик шахслар, қуролни коллекциялаш ёки кўргазмага қўйиш билан шуғулланадиган юридик ва жисмоний шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ана шу рўйхатга киради.
Фуқаровий қуролларни сотиб олиш учун рухсатнома Миллий гвардия томонидан уч ой муддатга берилади. Бунда спорт қуроллари ва ўзини ўзи мудофаа қуролларини сотиб олиш ҳуқуқига 18 ёшдан ошган, фуқаровий ов қуроллари ва уларнинг ўқ-дориларни сотиб олиш ҳуқуқига эса 21 ёшдан ошган фуқаролар эга бўлади.
Кўриниб турибдики, фуқаровий қуролига эга бўлиш қатъий тартиб ва талаблардан иборат бўлиб, истаган киши уни сотиб олиш ва фойдаланиш имкониятига эга бўлмайди. Шунингдек, бировнинг номига олинган рухсатнома билан бошқа одам қурол ёки ўқ-дориларни сотиб ололмайди. Сотиб олинган қуроллар эса Миллий гвардия органларида 10 кун муддат ичида рўйхатга олинади ва шундан сўнг фуқарога уни сақлаш ва олиб юришга ижозат берилади.
Қандай ҳолларда улардан фойдаланиш мумкин?
Фуқаровий ва хизмат қуролларини сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган шахслар улардан фақатгина ўзи, бошқа фуқаролар ва мол-мулкларини ҳимоя қилиш зарурияти вужудга келганида ёки ўта зарур бўлган вақтлардагина қўллаши мумкин.
Қуролдан фойдаланишдан аввал бу ҳақда қурол қўлланилаётган шахс аниқ қилиб огоҳлантирилиши керак. Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилишига олиб келган ҳар бир ҳолат тўғрисида қурол эгаси қурол қўлланилган жойдаги ички ишлар органига дарҳол хабар қилиши, биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиши шарт. Фуқаровий қуролларни ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, вояга етмаганларга қарши қўллаш тақиқланади.
Фуқаровий ва хизмат қуролини сақлаш ҳамда олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар улардан хавфсиз фойдаланишга доир белгиланган қоидаларни бажариши шарт.
Қуролларни қаердан сотиб олиш мумкин?
Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилиш лицензия талаб қилинадиган фаолият турига киритилади. Ушбу тоифадаги қурол ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилувчи ташкилот қурол ҳамда унинг ўқ-дориларининг бут сақланишини, уларни сақлаш хавфсизлигини таъминлайди, харидордан муайян қурол турини олишга доир рухсатномани кўрсатишини талаб қилади.
Муайян қурол турини олишга доир рухсатномани тақдим этмаган жисмоний ва юридик шахсларга фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини, шунингдек, рақами ва ишлаб чиқарувчининг тамғаси мавжуд бўлмаган қуролни реализация қилиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи устидан давлат назорати Миллий гвардия органлари томонидан амалга оширилади.
Қўрқишга ҳожат йўқ!
Қонундаги асосий талаб ва механизмлар ҳақида юқорида қисқача маълумот берилди. Бугун ижтимоий тармоқларда тўппонча ва автоматларнинг расмини қўйиб, шов-шув кўтараётган айрим фуқароларга энг аввало, қонун билан яхшироқ ва яқинроқ танишиб чиқишни тавсия қилинган. Қонунда фуқароларга ўқотар қуроллар сотиш, улардан бемалол фойдаланиш мумкинлиги ҳақида биронта банд йўқ. Демак, хавотирлар ўринсиз. Зеро, шу вақтгача ҳам овчилар ва спортчилар бундай қуроллардан фойдаланарди, энди эса бу фаолият янада қатъий назоратга олиняпти. Ўзини ўзи ҳимоя қилишга мўлжалланган қуроллар ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач, кучга киради. Шуни унутмаслик лозимки, қонун ҳозирча парламентнинг юқори палатаси томонидан маъқулланди. Энди у президент томонидан имзоланиши ва расмий эълон қилиниши керак.
Мавзуга оид
11:37 / 15.11.2024
ЕИ биринчи марта қуролни биргаликда сотиб олишни молиялаштиради
09:59 / 13.11.2024
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун татбиқ этиладиган ташкилотлар рўйхати тасдиқланди
15:01 / 05.11.2024
Ню-Йоркда пиёдаларга йўлнинг исталган жойидан исталган вақтда кесиб ўтишга рухсат берилди
12:30 / 01.11.2024