Жамият | 20:20 / 05.07.2019
33188
4 дақиқада ўқилади

Савол ҳамон очиқ: Арнасой воқеасида ким шантажчи?

2 июль куни Kun.uz сайтида Жиззах вилояти Арнасой тумани ИИБ раҳбар ходимлари ғалла ўримини назорат қилиш чоғида фермерлардан бирининг отасини ургани, жабрдийда туман Марказий шифохонаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимида экани ҳақида мақола берилганди.

4 июль куни Ички ишлар вазирлиги бу мавзу юзасидан расмий муносабат билдирди. Унда журналист масалани чуқур ўрганмасдан, нохолис фаолият олиб боришда айбланган. Бошқа нашрларда ҳам бу раддия «Ким кимни шантаж қиляпти?..» сарлавҳаси остида нашр қилинди.

Авваламбор, ушбу ҳолатга ИИБ ходимларининг мутлақо айбсиз эканлиги ва фуқаро «шантаж» қилаётгани ҳақида изоҳ берилишига анча эрта, деб ҳисоблаймиз. Сабаби ушбу ҳодиса юзасидан Арнасой туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу ҳолат бўйича прокуратуранинг қонуний қарори қабул қилингани ва ҳодиса иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилгани йўқ.

Бундан ташқари, мухбир Арнасой туманига фермернинг давлатга ғалла топшириш режасини бажаргани ёки бажармаганини аниқлаш учун эмас, балки айнан Kun.uz таҳририятига қилинган мурожаат бўйича ҳолатни ўрганиш учун келган эди. 

Иккинчидан, Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Арнасой туман ИИБнинг эшиги олдида сал кам 3 соат кутиб ўтирди. Бироқ айнан мақолада номлари тилга олинган ИИБ раҳбарлари (ҳодиса иштирокчилари)дан изоҳ олишнинг имкони бўлмаган.

Учинчидан, фермер хўжалигининг имтиёзли кредитдан қарздорлигини сўндириш билан қачондан буён туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари шуғулланадиган бўлиб қолди?.. Кредит қарздорлиги масаласига чуқурроқ тўхталадиган бўлсак, бу масалани ҳал этишнинг қонуний йўли мавжуд эмасми?

Фуқаронинг тан жароҳати олгани ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган. Ҳодиса юзасидан Арнасой туман прокуратураси шуғулланмоқда ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 329-моддаси талабига мувофиқ қонуний қарор қабул қилиниши лозим. Табиийки тан жароҳати олгани гумон қилинаётган шахсга нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланиши шарт.

Муносабатдаги, «тиббий текширув пайтида Маматқул Аҳмедовнинг танасида қизариш, кўкариш, шишиш, йиртилиш аниқланмади. Агарда унга зарба берилганида ушбу белгилардан бири танада кўринарди. Маматқул Аҳмедовнинг териси оқ бўлгани боис ҳар қандай ўзгариш сезилмасдан қолмасди. Шу сабабли унга ҳеч қандай тан жароҳати етказилмагани аниқ», дея узил-кесил хулоса қилиниши ҳам айнан бир тарафлама фикр юритилгани далилидир.

Чунки, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалининг 02.07.2019 йилдаги 5284-сонли маълумотномасида фуқаро Маматқул Аҳмедовга «Бел соҳаси юмшоқ тўқимасининг лат ейиши, Th 12 кўкрак умуртқасининг компрессион синиши» ташхиси қўйилган.

Ушбу ташхисни яна бир мустақил текширув натижаси ҳам исботлаб турибди. «O‘RDA» соғломлаштириш марказида ўтказилган магнит-томографик текширув хулосасида ҳам юқоридаги ташхис тасдиқланган.

Фуқаро М.Аҳмедовнинг таҳририятга телефон орқали маълум қилишича, ниҳоят иш ўзларига тескари кета бошлагач, бугун туман фаоллари ва маҳалла оқсоқолларидан вакиллар, ишни ёпди-ёпди қилишга уриниш учун унинг ёнига келишган.

Бу масалага Арнасой туман прокуратураси томонидан қонуний қарор қабул қилинганидан сўнг яна қайтамиз.

Kun.uz таҳририяти

Мавзуга оид