Ўзбекистон | 15:21 / 16.12.2021
19170
3 дақиқада ўқилади

Айдар-Арнасой кўллар тизими экологик фожиа ёқасида. Ҳукуматга парламент сўрови юборилди

Сенат мажлисида ҳукуматга шўрланиш, балиқларнинг камайиб кетаётгани ва бошқа муаммоларни ҳал қилиш бўйича парламент сўрови юборилди.

Фото: Sangzor.uz

Сенатор Рисқул Сиддиқов ялпи мажлисда Айдар-Арнасой кўллар тизимида юзага келаётган экологик муаммолар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласини кўтарди.

Сенаторнинг маълум қилишича, кўллар тизимининг сув ҳажми 1994–2000 йилларда 44 млрд кубометр бўлиб, ҳудуднинг умумий майдони 350 минг гектарга, узунлиги 250 километрга етган бўлса, «Чордара» сув омборидан 2013-2021 йилларда кўллар тизимига сув ташланмагани боис сув ҳажми қарийб 34 млрд кубометрга тушиб қолган. Натижада кўллар тизимидаги сув сатҳи 2 метрга пасайиб, минераллашганлик даражаси сўнгги 10 йилда сезиларли даражада ошган. Бу эса балиқларнинг урчишига тўсқинлик қилмоқда. Йиллик сувларнинг парланиши 10 фоизни ташкил этмоқда.

«Сув сатҳи пасайиши ва сув таркиби шўрланиши натижасида айрим қирғоқ бўйлари 15-50 метрга ортга чекиниб, 15–20 см.гача туз қатлами ҳосил бўлган. Бу эса кучли шамол вақтида тузли чангларга сабаб бўлмоқда, қишлоқ хўжалиги ерлари экин майдонларига ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда», дейди Рисқул Сиддиқов.

Сенаторнинг қўшимча қилишича, ҳудудда балиқ захираларини сақлаб қолиш ва ҳимоя қилиш бўйича назорат тизими тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари учрамоқда. Белгиланган меъёрлар асосида балиқлантириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, экотуризмни ривожлантириш, сувнинг шўрланиш даражасини юмшатиш ишлари тизимли ташкил этилмаган.

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ҳам вазият жиддий эканини таъкидлади.

«Масала ҳозир айтилганидан ҳам оғирроқ», дейди вилоят ҳокими.

У муаммодан шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам хабари борлиги ва шу бўйича президент иштирокида селектор ўтказилганини, айни дамда президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилган.

Ялпи мажлис якунида ҳукуматдан санаб ўтилган муаммоларни бартараф қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тушунтириш беришни сўраб парламент сўрови юборилди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг октябрида Шавкат Мирзиёев Жиззахдаги сайловолди ташвиқотида Айдар-Арнасой кўллари ҳудудида экологик барқарорликни сақлаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилишини айтиб ўтганди

Мавзуга оид