Жаҳон | 07:47 / 10.07.2019
8288
2 дақиқада ўқилади

Франциянинг собиқ президенти Олланд сўроққа чақиртирилди

Фото: Christophe Ena / AP

Франциянинг собиқ президенти Франсуа Олланд июль бошида гувоҳ сифатида сўроққа чақиртирилган. Терговчиларни сиёсатчининг Бразилия ҳукумати томонидан ҳарбий самолётларни сотиб олиш келишуви бўйича жавоблари қизиқтирган. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Сўроққа Олландгача президент бўлган Николя Саркози ҳам чақиртирилган, бироқ у саволларга жавоб беришдан бош тортган.

Бразилия 2013 йилда Швецияда ишлаб чиқарилган Gripen қирувчи самолётларини сотиб олган. Ўшанда SAAB швед компанияси самолётларни етказиб бериш ҳуқуқини қўлга киритиш учун курашда АҚШнинг Boeing ва Rafale самолётларини ишлаб чиқарувчи Dassault француз компаниясини ортда қолдирган. Бразилиянинг амалдаги ҳукумати ушбу битимга собиқ президент Луиш Инасио Лула да Силва таъсир кўрсатган, деб ҳисобламоқда. Таъкидланишича, у шартномани шведларга бериш учун ўз таъсиридан фойдаланган.

Саркози ва Олланд Бразилия ҳукумати билан ушбу битим бўйича музокараларда иштирок этган. Луланинг ҳимояси бу сиёсатчилар Rafale самолётларини етказиб бериш шартлари унча фойдали бўлмаганини ва шу сабабли битим коррупция характерига эга бўлмаганини исботлаб беришлари мумкин, деб ҳисобламоқда.

Лула да Силва айни вақтда турли коррупция ишлари бўйича қамоқ жазосини ўтамоқда.

Мавзуга оид