Жаҳон | 19:37 / 01.05.2025
6456
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг кекса аёл вафот этди

Гиннеснинг рекордлар китобига дунёдаги энг кекса аёл сифатида киритилган бразилиялик Ина Канабарру Лукас 116 ёшида вафот этди.

Фото: Getty images

Сайёрадаги энг кекса аёл — бразилиялик Ина Канабарру Лукас 116 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Гиннеснинг рекордлар китоби хабар берди.

Ина Канабарру Лукас 1908 йил 8 июнда дунёга келган. У 26 ёшида — Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари оралиғида роҳибалик йўлини танлаган. Ина Канабарру Лукасга Ердаги энг кекса аёл мақоми 2024 йил декабр ойида япониялик Томико Итооки вафот этганидан кейин берилганди — у ҳам 116 ёшида оламдан ўтган.

Америка геронтология тадқиқот гуруҳи ва дунёдаги энг кекса инсонлар ёшини текшириш билан шуғулланадиган LongeviQuest маълумотлар базасига кўра, эндиликда сайёранинг энг кекса аёли мақоми Буюк Британиянинг Суррей графлигида яшовчи Этел Катерҳэмга ўтади — у ҳозирда 115 ёшда.

Аввалроқ АҚШдаги қариялар уйида яшовчи аёл ўзининг 104 ёшга тўлган кунини Ню Йорк штатидаги қамоқхонада нишонлашни хоҳлагани, аёлнинг бу истагини амалга оширишда маҳаллий шериф ёрдам кўрсатгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид