Жамият | 18:10 / 10.07.2019
33147
5 дақиқада ўқилади

Пора бериш «мумкин эмас» 

Баъзи давлат идораларига мурожаат билан борганда, асосли-асоссиз «мумкин эмас» иборасини қўллашади, бу «мумкин эмас»нинг сабаби, асоси кўрсатилмайди, деб ёзмоқда «Оила даврасида» мухбири Шерали Отабоев.

«Қайси ташкилотга эшик қоқиб бормайлик, «мумкин эмас» деган иборани эшитиш остонадан бошланади. «Кириш мумкин эмас». Халққа хизмат қилиши керак бўлган ташкилотнинг олдига қўйилган қўриқчи халқнинг ўзини «кириш мумкин эмас» деган ибора билан ортга қайтаради. Сабабини суриштирсангиз, «билмаймиз, юқорининг топшириғи», дея оғзингизга уради.

Бир амаллаб ичкарига киришга муваффақ бўласиз. Аммо ичкарида ҳам яна ўша гап: «мумкин эмас». Бу иборани бот-бот такрорлаётган мулозим нега мумкин эмаслигини ўзи ҳам билмайди. Қабулдаги инсоннинг саволларига берадиган 80 фоиз жавоби ҳам «мумкин эмас»  бўлади. Сабабини сўрасангиз, жавобнинг ўзи йўқ.

Бу навбатчи гап қаршимизда ҳар куни пайдо бўлиши шу даражада одатий ҳолга айланганки, мумкин эмас экан, деб кетаверишга одатланиб бўлганмиз. Аслида эса «мумкин эмас» деган ибора қонунга зид бўлган ҳаракатга нисбатан ишлатилиши керак.

Ҳар куни, ҳар соатда, ҳар дақиқада, ҳар жойда айтилаётган мана шу биргина «мумкин эмас» деган рад жавобининг сабабини қонуний асослаб беришини ҳар бир масъул шахсга мажбурият қилиб қўйиш керак.

Ушбу «сеҳрли» сўзни айтдими, унинг сабабини ҳам айтсин, агар қўлидан келса. Улар ўзининг илмсизлиги ва хатосини биргина «мумкин эмас»  деган навбатчи ибора билан яширишларига имкон бермаслигимиз лозим.

Ҳаётий тажрибага асосланиб, ҳисоб-китоб қилиб кўрсангиз, қайда коррупция илдиз отган бўлса, шу жойда мана шу «сеҳрли сўз» кўп ва хўп ишлатилади. «Мумкин эмас» қайдадир кўп ишлатиляптими, демак, шу жойда қандайдир ғирромликлар авж олган.

Озгина жиддийроқ ташкилотга киришингиз билан ичкаридаги махсус одамлар «тасвирга тушириш мумкин эмас», «телефон олиб кириш мумкин эмас» ва ҳоказо талабларни олдингизга қалаштириб қўйишади. Сабабини сўрасангиз, яна ўша гап, «айтиш мумкин эмас». Эътибор қилсангиз, бундай ташкилотларга ишга олинадиган ходимларнинг чеҳралари ҳам оғизларидан чиқадиган жавобларига хос ва мос.

Бир замонлар жамоат жойларида фақат «чекиш мумкин эмас» деган ёзувни кўрар эдик. Ана шу тақиқ белгисидан ўрнак олиб ўзбек тилидаги ҳар бир феъл билан бирга «мумкин эмас»  иборасини ишлатишни ўрганиб олдик. Мисол учун, кириш, чиқиш, тасвирга олиш, гапириш, сўраш, эшитиш, билиш, яшаш, ўлиш каби сўзлардан кейин «мумкин эмас» деган гапни қўйсак, ҳар қандай мураккаб саволнинг ҳам жавоби нақд бўлиб қолади.

Оддийгина шу гапга шунча хархашами, дейдиганлар ҳам топилиб қолар. Эътироз билдириш мумкин эмас, дея олмайман. Чунки менда бу иборани айтишга ваколат йўқ. Ваҳоланки, зарурат ҳам йўқ.

Эътибор берсангиз, тақиқ белгисини билдирувчи бу гап биргина жараёнда ишлатилмайди: «пора бериш мумкин эмас» . Муаммолар гирдобида бирон бир ташкилотга зарур иш билан борсак, негадир шу гапни ҳеч эшитмаймиз. Аслида эса, айни биз интиқ бўлиб кутганимиз шу бўлади.

Ислоҳотлар даврида бу «сеҳрли»  иборани ишлатиш анча камайганини сезиш қийин эмас. Ҳозир мана шу мавзуни оммага олиб чиқяпманми, демак, тақиқни билдирувчи бу мавҳум гап аниқ камайган. Акс ҳолда, бу мавзуда сўз юритишим мумкин эмасди...» — деб ёзади мухбир мақоласида.

Мавзуга оид