Энди Ўзбекистонда туман (шаҳар) ҳокимлари партия аъзоси ҳам, депутат ҳам бўлмайди
Ўзбекистонда туман (шаҳар) ҳокимларининг халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари раиси мақоми тез орада бекор қилинади. Бу ҳақда бугун, 11 июль куни Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси аъзолари иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Энди ҳоким партия аъзоси ҳам, депутат ҳам бўлмайди, сайловга аралашмайди. Шу билан биргаликда, депутатликка номзодини қўяётган одам: «Мен сайловда ютиб чиқсам, тўғридан-тўғри ижро ҳокимиятидан чиқиб кетаман», мазмунида тилхат ёзиб беради. Кўп чиғириқлардан ўтади. Давлат ташкилоти вакиллари депутат бўлолмайди», – деди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров.
Мадумаровнинг сўзларига кўра, мамлакатдаги мавжуд 213 та туман (шаҳар) кенгашлари депутатларининг ўртача 30 фоизи ойлик маош, автомашина ва алоҳида хона билан таъминланади. Шу тариқа, жами 1500дан ортиқ кенгаш депутатлари ишли бўлади.
«Кенгаш раиси жойида ўтириб, фақат ишлайди, бир соат ҳам бўш турмайди. Ҳар олти ойда мунтазам малака ошириб боради. Туман (шаҳар)даги тўртала сектор раҳбарлари билан доимий мулоқотда бўлиб, уларни эшитади, аҳоли муаммолари юзасидан бажараётган ишларини таҳлил қилади. Буни қуйидаги Сенат, деса ҳам бўлаверади», – деб таъкидлади сенатор.
Унинг қўшимча қилишича, айни ўзгаришларни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси тайёрлаб бўлинган.
«Партиялардаги гуруҳлар ҳам депутатларга ҳамоҳанг бўлиб ишлашади. Шу йил бўлиб ўтадиган сайловда республикадаги 6315 нафар туман (шаҳар) депутатлари қайта сайланиб, лойиқлари сараланади. Ушбу қонун лойиҳаси тайёрланиб, Адлия вазирлигига киритилган. Сайловга қадар президентимиз томонидан имзоланиши кутилмоқда», – деди Толибжон Мадумаров.
Маълум қилинишича, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимларининг халқ депутатлари кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш масаласини ўрганиш юзасидан Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарори билан алоҳида ишчи гуруҳ тузилган. Мазкур ишчи гуруҳ ва Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан ҳокимларнинг халқ депутатлари маҳаллий кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури ва Олий Мажлис палаталари кенгашларининг уни тасдиқлаш бўйича қўшма қарори қабул қилинган.
Қайд этилишича, шу йилнинг биринчи ярмида Комиссия томонидан ўтказилган 4 та мажлисда 12 та масала муҳокама қилинган. Сенатнинг ялпи мажлисларида эса Қашқадарё, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳокимларининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботлари эшитилган.
«Бу эса маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятида йўл қўйилаётган тизимли камчиликларни ўрганиш, уларни муҳокама қилиш ва бартараф этишнинг самарали чора-тадбирларини ишлаб чиқиш имконини яратди. Бунда асосан жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар, аҳолини электр энергияси, ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш каби ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилди. Комиссия томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигининг халқ депутатлари туман кенгашларида муҳокама қилиниши амалиёти мониторинг асосида ўрганилди», – деб қайд этилди матбуот анжуманида.
Анжуманда, шунингдек, келгусидаги режалар ҳақида ҳам сўз юритилди. Хусусан, Комиссия томонидан ҳудудларни ривожлантириш ҳамда маҳаллий кенгашлар фаолияти юзасидан Хоразм, Наманган, Навоий вилоятлари ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш, «Ҳокимларнинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари раиси мақомининг бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилиш каби тадбирлар белгиланганлиги қайд этилди.
Мавзуга оид
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
15:48 / 20.11.2024
Сенат қўмиталарига раислар сайланди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
12:40 / 19.11.2024