Протекционизм — Ўзбекистон учун керакми?
Сўнгги пайтларда иқтисодчилар ва тадбиркорлар ўртасида давлатимизнинг иқтисодий сиёсатида импорт чекловларини қўллаш бўйича тортишувлар авж олмоқда. Бу баҳслар ижтимоий тармоқларга ҳам кўчиб, турлича популистик фикрлар илгари сурилмоқда. Бу эса ўз навбатида, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш муҳитига ўз таъсирини ўтказиши табиий, албатта.
Масала нимада?
Ишлаб чиқаришни эндигина йўлга қўйган тадбиркорлар импорт божларини ошириш орқали давлат томонидан ҳимоя чоралари қўлланишини сўрамоқда. Маълумки, иқтисодиёт назариясида
бу ҳолат протекционизм деб аталади ва бу жараёнда мамлакат ёки бир нечта мамлакатлардан иборат блоклар ўз иқтисодиётини ҳимоя қилиш мақсадида ташқи савдо операцияларига чекловлар (асосан импорт божлари) киритади.
Ҳозирги кунда, протекционизмнинг тарифлар, квоталар, субсидиялар, сертификатлаш, миллий маҳсулотлардан фойдаланиш талабларини жорий қилиш, маъмурий тўсиқлар, антидемпинг ва валюта курсларини бошқариш каби усуллари кенг қўлланади.
Мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиш жараёнлари секинлашган ҳолларда протекционизм сиёсатининг жозибадорлиги ошади. 2009 йилнинг иқтисодий кризиси охирги 30 йил ичида халқаро ташқи савдони либераллаштириш йўлида қилинган барча ишларни йўққа чиқарди. Айниқса, иқтисодий фаоллик пасайиши оқибатида давлат молиясининг кучсизлангани ҳолатида импорт божларини ошириш бюджет тақчиллигини камайтиришга қаратилган осон усуллардан ҳисобланади.
Тарих нима дейди?
АҚШда (1930 й.) Smoot-Hawley тарифларининг жорий қилиниши тарихда қўлланган энг катта протекционистик қадамлардан ҳисобланади. Бунда протекционизм тарафдорлари иқтисодиётнинг «гўдак» секторларини ҳимоя қилиш, маҳаллий иш ўринларини яратиш, миллий хавфсизлик билан боғлиқ секторларни сақлаб қолиш, истеъмолчиларни ҳимоя қилиш каби важлар билан қонун лойиҳасини оммага олиб чиқишган.
Шунда ўша даврнинг энг атоқли иқтисодчиларини ўз ичига олган 1028 нафар олимдан иборат жамоа президент Ҳерберт Ҳуверга ушбу тарифларнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида петиция юборишади. Протекционизм ҳаракатига қарши томонлар юқори тарифлар туфайли истеъмолчилар танлов доирасининг қисқариши ва инфляциянинг ошиши, «гўдак» секторлар эса барибир ривожланмаслиги, бунинг устига, бошқа мамлакатларнинг қарши протекционистик жавоб ҳаракатлари орқали савдо урушлари келиб чиқиши каби оқибатларни кўрсатган ҳолда бу ҳаракатга қарши чиқишади.
Президент Ҳувер ўзи ҳам қарши бўлишига қарамай турли бизнес доиралари ва ўз партияси томонидан бўлган босимлар остида қонунни вето ҳуқуқини қўлламасдан тасдиқлайди. Кўп ўтмай, Канадада ҳам юқори импорт божларини эълон қилган ҳолда савдо урушлари авж ола бошлайди, бу эса иқтисодий депрессия янада чуқурлашишига олиб келади.
Ўша даврдан бошлаб жаҳон иқтисодиётида ташқи савдони либераллаштиришга йўналтирилган ҳаракатлар авж олади ва иқтисодиётда савдо қилиш савдо қилмасликдан афзал (trade is better than no trade) принципи остида ташқи савдо концепциялари шаклланади, халқаро савдо ташкилоти ташкил этилади ва турли шартномалар имзоланади. Айниқса, иккинчи жаҳон урушидан кейин Ғарб мамлакатлари ўртасида эркин иқтисодий савдо умумэътироф этилган иқтисодий принцип сифатида тан олинди ва савдо тўсиқлари минималлашишига олиб келди.
Эркин ташқи савдо ғоялари 300 йил олдинги Давид Рикардонинг солиштирма афзаллик назарияси устига қурилган бўлиб, унга кўра, халқаро миқёсда барча ишлаб чиқариш ресурсларининг эркин (чекловларсиз) ҳаракатланиши иқтисодий самарадорликни ўстиради ва ресурслар ўзидан максимал манфаат келтирган ҳолда аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қилади.
Агар ишлаб чиқариш ресурсларининг мамлакатлар ўртасидаги эркин ҳаракати бўлмаса, бу ғояларнинг амалий натижаларини кўриш имконсиздир. Солиштирма афзаллик принциплари асосида ихтисослашувнинг энг юқори формасини колониал даврда кўришимиз мумкин. У даврда барча ривожланаётган мамлакатлар ўзларининг солиштирма афзалликларидан келиб чиқиб, хом ашё етиштириб беришга, ривожланган мамлакатлар эса ундан саноат ёки юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашди.
Нима учун давлатлар протекционист сиёсатни қўллайди?
Иқтисодий назария тарафидан қарайдиган бўлсак, солиштирма афзаллик ҳам бир оптимал ҳолат, лекин ривожланишга интилувчи давлатлар ҳар доим ўзида юқори қийматли маҳсулот ишлаб чиқарувчи секторларни қўллаб-қувватлаш ёки структуравий ўзгаришларни амалга ошириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишга ҳаракат қилади. Бу жараённи амалга оширишда давлат айрим протекционистик йўллардан фойдаланишга мажбур.
Эркин савдонинг реал даромадлар ўсишига олиб келиши инкор қилиб бўлмайдиган факт бўлгани каби маҳаллий ўзини-ўзи таъминлаш даражасини сақлаб қолишдан ҳам мамлакат фаровонлиги учун реал фойда мавжуд.
Шу ўринда иқтисодчилар томонидан кўп қўлланадиган Кейнс сўзларини келтириш мақсадга мувофиқдир: «Мен халқлар ўртасида иқтисодий тўсиқларни энг юқори даражага кўтарадиганларга эмас, балки энг кам даражага туширадиган инсонларга хайрихоҳлик билдираман. Фикрлар, билимлар, санъат, меҳмондўстлик, саёҳатлар - бу табиатан халқаро бўлиши керак бўлган нарсалардир. Бироқ товарлар ишлаб чиқариш мантиқан асосланган даражада маҳаллий бўлиши лозим. Ва энг муҳими, молиялаш биринчи навбатда маҳаллий бўлиши лозим».
ХХ асрда иқтисодий ривожланиш назариясида протекционизмнинг бошқа усуллари, яъни импорт ўрнини босувчи саноатлаштириш (import subsitution and industrialization) усуллари қўллана бошлади. Ушбу усул ХХ аср ўрталарида оммалашган бўлсада, аслида бу ХVIII асрнинг бошларида немис иқтисодчиси Фридрих Лист томонидан ўртага ташланган ғоя эди. Унинг фикрига кўра, импорт божлари бу мамлакатнинг келажакдаги самарадорлигини оширишга бўлган инвестициядир.
Америка асосчиларидан бўлган Александр Ҳамилтон эса турли импорт божларини қўллаш орқали АҚШнинг илк ривожланиш даврида йирик давлат харажатларини муваффақиятли молиялаштирган. Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банки 80-90 йилларда ривожланаётган мамлакатларга структуравий мослашиш (Structural adjustment programs (SAPs)) қарзларини беришда импорт ўрнини босувчи саноатлаштириш дастурлари тугатилишини талаб қилади ва кўпгина ривожланаётган мамлакатлардаги ушбу ривожланиш дастурлари муддатидан олдин тўхтатилади.
Импорт ўрнини босувчи саноатлаштириш ҳам ўз даврида мамлакат иқтисодиётини структуравий ўзгартиришга йўналтирилган жозибадор йўналишлардан бири эди. Бу сиёсатни илмий жиҳатдан таҳлил этган тадқиқотларга мисол сифатида 1991 йилдаги Жаҳон банки катта иқтисодчиси Дипак Маздумарнинг «Импорт ўрнини босувчи саноатлаштириш ва кичик миқёсли протекционизм: Ҳиндистон тўқимачилик саноати тажрибаси» мақоласини келтириш мумкин. Унга кўра, Ҳиндистонда ҳам ривожланишнинг илк даврларида саноатни ривожлантириш сиёсати ташқи савдо сиёсати билан чамбарчас боғлиқликда олиб борилган бўлиб, давлат томонидан айниқса тўқимачилик саноати қаттиқ ҳимоя қилинган.
1950-60 йилларда Кореядаги тўқимачилик саноатини ҳимоя қилишга қаратилган юқори протекционистик чоралар ушбу мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришдаги муҳим қадамлар бўлиб ҳисобланади. Ўтган асрнинг 60-йиллари ўрталарида Корея давлати томонидан фақатгина экспорт қилувчиларга эркин импорт қилиш имкониятлари очиб берилди. Валюта курсларини давлат томонидан инфляция даражасига нисбатан қадрсизлантириб бориш сиёсати эса экспорт қилувчиларга нархлар ўсишидан келадиган зарарларни компенсация қилиб, уларнинг имкониятларини кенгайтирди.
Хулоса қилиб айтганда, эркин савдо иқтисодчилар томонидан энг кўп қўллаб-қувватланадиган ёндашув бўлишига қарамай, давлатларнинг барчасига бирдек мос келадиган ташқи савдо сиёсати мавжуд эмас. Жаҳон савдо ташкилоти ташкил бўлганидан сўнг тариф ва квоталар орқали ташқи савдо операцияларини назорат қилиш имкониятлари чекланган бўлса-да, уларнинг ўрнига мураккаб ҳимоя усуллари ишлаб чиқилди.
Масалан, стандартлаштириш, сертификатлаш, антидемпинг ва антисубсидиялаш каби ички бозорни ҳимоялашнинг янги усуллари қўллана бошланди. Шу сабабли, тараққий этаётган давлатларнинг иқтисодий сиёсатлари бетакрор, умумқабул қилинган назарий қарашларга мос келмаслиги ва баъзи ҳолларда ҳатто қарама-қарши ҳам бўлиши мумкин.
Қайси йўлни танлаш лозим?
Протекционистик сиёсат амалга оширилаётганда «ютувчи тарафларнинг фойдаси ютқизувчи тарафларнинг зараридан кўп ва шу билан жамият учун нафли», деган қараш билан протекционистик сиёсатни оқлаб бўлмайди.
Биринчи навбатда давлат томонидан ютувчилар фойдаси ҳисобига ютқазувчилар зарарини қоплаш механизмлари жорий этилиши орқали протекционистик сиёсат амалга оширилишини асослаш мумкин бўлади.
Протекционизм иқтисодий ривожланиш босқичида қўлланиши мумкин бўлган турли иқтисодий усуллардан бири сифатида яшаш хуқуқига эга ва унинг самарали бўлиши учун қуйидаги шароитлар бўлиши шарт:
- Ҳимояга олинаётган секторларнинг технологик жиҳатдан ривожланиши учун шарт-шароитлар мавжудлиги. Масалан, Хитойдан телевизор ишлаб чиқаришни Ўзбекистонга кўчириб келганимиз билан технологик жиҳатдан ривожланиш бўлмас экан, биз Хитойдан арзон телевизор ишлаб чиқара олмаймиз ва улар билан рақобат қила олмаймиз. Ҳимоя қилинаётган секторларни ривожлантириш учун мутахассислар ва илмий салоҳиятни кучайтириш лозим.
- Ушбу секторларнинг узоқ муддатли стратегик ривожланиш ва инвестиция дастурлари мавжудлиги. Ушбу дастурлар рақобатбардошликни босқичма-босқич ошириш чора-тадбирларини ўзида мужассамлаштириши лозим.
- Ҳимоя усулларини босқичма-босқич камайтириб бориш орқали ишлаб чиқарувчиларни эркин рақобатга тайёрлаб бориш ёндашуви мавжудлиги. Афсуки, жаҳон тажрибасида ҳимоя қилишнинг оптимал даврини аниқлаш бўйича яхши тажрибаларни топиш мушкул.
Масалан, Малайзияда 1985 йилда ташкил қилинган автомобиль саноати юқори тарифлар ҳисобига ҳимоя қилинган бўлса-да, ҳозиргача ҳам ўз рақобатбардош маҳсулотини ишлаб чиқара олмади.
Даниэл Борер (Daniel Borer 2018) тадқиқотида ички автомобиль саноатини ҳимоялаш эвазига йўқотилган фаровонликнинг юқорилиги туфайли ушбу саноатни сақлаб қолиш ўзини оқламаслиги тўғрисида хулоса қилинган ва рақобатбардошликни ошириш учун импорт чекловларини пасайтириш тавсиялари берилган.
Хулоса ўрнида
Хулоса якунида шуни айтиш жоизки, ушбу баҳсли саволларга жавоб топишда энг муҳим аҳамият касб этувчи омил – бу мазкур соҳадаги чуқур илмий тадқиқотлар амалга оширилишидир.
Илмий изланишлар ва замонавий методологиялар орқали олинган мураккаб ҳисоб-китоблар асосидагина мамлакатимиз фаровонлигини ошириш учун оптимал иқтисодий сиёсат йўли танланиши лозим.
Ҳар қандай популистик, ижтимоий тармоқларда шаклланаётган оқимлар ва ҳаракатлар босимининг иқтисодий сиёсатга бўлган таъсирини минималлаштириш ҳам барқарор ривожланишнинг муҳим омилидир.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими Х. Обидов
Мавзуга оид
20:33 / 07.09.2024
BYD Seagull Ўзбекистонда Хитойдаги нархидан 4300 доллар қиммат сотилади
14:29 / 20.08.2024
«Бундан буён ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмайди» – президент тенг рақобат ва ЖСТга кириш ҳақида
21:12 / 19.08.2024
Нотариф чекловлар фонида: Маиший техника импорти кескин қисқарди
16:12 / 02.08.2024