Ўзбекистон | 21:30 / 18.07.2019
39003
2 дақиқада ўқилади
2019–2023 йилларда автомобиль саноатини ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари белгиланди — Президент қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ҳақида»ги қарори қабул қилинди.
Президент қарори автомобиль саноати инвестицион жозибадорлигини ошириш ва жадал ривожлантириш, илғор хорижий тажрибалар асосида замонавий бозор механизмлари ва бошқарув усулларини жорий этиш, шунингдек, ички ва ташқи ишлаб чиқариш бозорларида рақобатбардош муҳитни ҳосил қилиш мақсадида қабул қилинган.
Унга кўра, 2019–2023 йилларда Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари қуйидагича белгиланмоқда:
- енгил автомобилларни ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 350 минг бирликкача ошириш;
- енгил автомобиллар локализацияси даражасини ўртача 60 фоизга етказиш;
- юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқариш ҳажмини 10 минг бирликка етказиш;
- автомобиллар экспорти йиллик ҳажмини 100 минг бирликка етказиш;
- корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари, шунингдек, «ERP» автоматлашган ҳисоблаш тизимини жорий этиш;
- автомобиллар моделлари қаторини янгилаш, жумладан, аҳолининг кенг қатламлари харид қилиш имкониятига эга бўлган янги ва замонавий енгил автомобиль ишлаб чиқариш;
- «Ўзавтосаноат» АЖ таркибига кирувчи иккитадан кам бўлмаган акциядорлик жамиятларининг акцияларини миллий ва халқаро фонд бозорларида дастлабки очиқ жойлаштириш (IPO) йўли билан инвесторларни жалб этиш.