Жамият | 11:35 / 26.07.2019
7734
3 дақиқада ўқилади

Фуқаролиги йўқ наманганлик мўйсафид орзусига эришди

KUN.UZ таҳририяти томонидан жорий йилнинг қиш кунларида наманганлик мўйсафид Маҳмуджон Юсупов ҳақида мақола тайёрланган эди. Унда бу инсон шу юртнинг фарзанди бўла туриб маълум бир хатоликлар туфайли паспортсиз қолганлиги ва ҳали-ҳанузгача бу муаммо ҳал этилмагани ҳақида сўз юритилган эди. Бу инсоннинг фуқаролик орзуи ниҳоят ушалди. Водийдаги мурожаатлар сабаб йўлимиз Наманган шаҳрига тушди ва Маҳмуджон ака билан яна бир бор учрашдик.

Янгилик билан табриклаб суҳбатимизни бошладик.

- Паспортларни олибсиз. Муборак бўлсин!..

- 30 йилдирки паспортсиз юрдим. Нега? Шу ерни одами бўлсам, тўғрими? Аллоҳга шукр, 30 йилдирки кутдик ва олдик. Ким бунга бош-қош бўлган бўлса, тан-у жони соғ бўлсин.

- Ҳозир энди тўлақонли фуқаро бўлдингиз, тўғрими?

- Аввал ҳам ҳуқуқларимиз бор эди. Фақат сайлана олмасдик, сайлай олмасдик. Мен учун бошқа нарсалар етарли эди. Ўзимнинг юртимда ким менга бир нарса дейди?! Лекин ўша паспортни қўлимизга бермасдан, бизга фуқаролиги йўқ деб айтишди-да, қаранг. Энди мана фуқароликка ҳам эга бўлдик. Энг асосийси, армон бўлиб қолмади. Шу ерда яшаб қанча қийинчиликлар бўлди. Бизни қийнаганни ўзи қийналсин. Ахир, 30 йил юрдик-ку паспортсиз. Бу нима деган гап?

- Бошқа фуқаролиги йўқ шахслар ҳақида нима дея оласиз?

- Жуда афсусдаман, армондаман. Нега деганда вақтида ўша нарсани бериб қўйса бўладиган нарса-ку. Нима қийинчилиги бор эди? Одам жуда ўксинади. Юрагининг бир четида доим доғ бўлиб қолади. Кимдан нима камим бор, деган хаёллар келади.

- Сайлаш ва сайланиш ҳақида айтиб ўтдингиз. Сайловларга номзодингизни қўйиш ниятингиз борми?

- Энди ёшим анча кексайиб қолди. 80 ёшга кирдим деярли. Лекин ўзимизнинг маҳалла раислигига сайлаймиз деб айтишяпти. Ким билади энди. Лекин асосийси бўлди.

Биз ушбу инсонни яна бир бор фуқаролик мақоми билан табриклаш баробарида бошқа бундай шахсларнинг ҳам энг оғриқли орзуси саналмиш фуқароликка эришишини тилаб қоламиз.

Мавзуга оид