Иқтисодиёт | 11:08 / 28.07.2019
12121
4 дақиқада ўқилади

Чорвачиликни ривожлантириш учун зарур техникалар ҳамон импорт қилинмоқда

Ўзбекистон маҳаллий паррандачилик соҳаси учун зарур бўлган озуқа маҳсулотларининг 85 фоизини импорт қилиб, соя ва кунгабоқар шроти, маккажўхори четдан олиб келинмоқда. Бу ҳақда чорвачилик, паррандачилик, қоракўлчилик, қуёнчилик, балиқчилик ва асаларичилик соҳаларини ривожлантиришга бағишланган семинар-йиғилишда маълум қилинди. 

Таъкидланишича, «бугунги кунда қорамолнинг 94 фоизи, қўй ва эчкининг 84 фоизи, парранданинг 58 фоизи аҳоли хонадонларида боқилади. Шу боис, чорва, парранда ва балиқ учун узлуксиз равишда сифатли озуқа маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш долзарб масалалардан биридир. Импортни камайтириш, маҳаллий шароитда юқори қувватли озуқа ем ишлаб чиқаришни ривожлантириш зарур. Паррандачиликда озуқанинг 85 фоизи импорт қилиниб, ҳалигача кўп миқдорда соя ва кунгабоқар шроти, маккажўхори четдан олиб келинади». 

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобиловнинг сўзларига кўра, 6 минг 500 чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигида 2023 йилгача махсус наслчилик тармоқлари ташкил этилади. Сунъий уруғлантириш орқали қорамолларнинг сут ва гўшт маҳсулдорлигини ошириш мумкин. Шу боис, сентябрь ойидан Самарқанд ветеринария медицинаси институтида сунъий уруғлантириш билан шуғулланувчи мутахассисларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилиши режалаштирилган.

Тери, гўшт ва момиқ жун олиш учун боқилаётган қуёнчилик йўналишлари ҳам ривожланмоқда. Жумладан, бугунги кунда аҳоли хонадонлари ва қуёнчилик хўжаликларида 112 минг 600 дан зиёд қуён боқилмоқда. Уларнинг 66 мингдан ортиғи зотдор қуён ҳисобланади. Шу сабабли, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимидаги Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти ҳузурида “Қуёнчилик селекцияси ва генетика маркази” ташкил этилади. 

“Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси раиси Шерали Суярқулов таъкидлашича, 2019 йил учун республикада асаларичилик соҳасини стратегик ривожлантириш йўналиши белгиланиб, бунда қишлоқ хўжалиги экинлари ва боғларни асаларилар билан чанглатиш агротехникаси амалиётда қўлланила бошланган. Самарқанд вилоятининг Жомбой ва Булунғур туманларида 1 минг 500 гектар майдондаги мевали ўсимликлар 7 минг 500 дан зиёд асалари оиласи орқали чанглатилди.

Мазкур агротехниканинг қўлланилиши натижасида фақатгина 90 гектар ерга экилган гилос боғининг ҳар бир гектаридан камида 10 тоннадан ҳосил олинишига эришилди.

Семинар чоғида маҳсулот ишлаб чиқарувчи, қайта ишловчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасида кооперация муносабатларини йўлга қўйиш, ташқи бозордан технология излаш билан кифояланмай, Ўзбекистонда маҳаллий инфратузилмани биргаликда ривожлантириш пайти келгани алоҳида таъкидланди.

Шунга кўра, тармоқларда ишлатиладиган техника ва ускуналарни хорижий давлатлардан импорт қилишни камайтириш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш пайти келгани таъкидланди. Қайд этилишича, бугунги кунда чорвадорлар учун зарур ҳисобланган сомон ва пичанни ўрувчи, тўпловчи оддий ускуналар ҳам четдан келтирилади. Ҳолбуки, уларни маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, уларнинг нархи арзонлашган, солиқ базаси ортган, асосийси, янги иш ўринлари яратилган бўлар эди.

Семинарда иштирок этган соҳа мутасаддиларининг билдиришича, яқин келажакда фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжи учун ерларни ўғитловчи, озуқа ўсимликларини прессловчи ва ер майдонларини юмшатувчи техникалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Мавзуга оид