Ўзбекистон | 09:49 / 01.08.2019
13008
4 дақиқада ўқилади

Эксперт: “Ўзбекистонда полигонлар йўқ, чиқинди уюмлари бор холос”

"Ўзбекистонда чиқинди полигонлари мавжуд эмас. Шунчаки йиғиб қўйилган чиқинди уюмлари бор холос", - дейди "Айкан инвест" консалтинг компанияси раҳбари, мустақил эксперт Гулчеҳра Насирлаева. Эксперт Ўзбекистонда чиқиндини утилизация қилиш тизимининг қониқарсиз аҳволдалиги, мавжуд полигонлар талабга жавоб бермаслиги хусусида ўз фикрларини Kun.uz'га баён қилди.

Гулчеҳра Насирлаева

─ Ўзбекистон утилизация тизими борасида жаҳон стандартларига етишига ҳали анча бор. Полигон белгиланган тартибда ўраб олинган бўлиши, тарозилар ўрнатилиши, чиқиндини утилизация қилиш тизими, ерости сувларининг ҳолатини аниқлаш бўйича фильтрация тизими йўлга қўйилган бўлиши керак. Лекин ҳудудлардаги чиқинди полигонлари мутлақо талабга жавоб бермайди. Улар жуда ҳам ёмон аҳволда. Полигон учун белгиланган санитар меъёрлар мавжуд, ҳар қандай чиқиндихонани ҳам полигон деб айтиш тўғри эмас. Биздагилар эса шунчаки чиқинди уюми холос. Минг афсуски, улар турли касалликларни тарқатувчи манба бўлиб хизмат қилмоқда, — дейди у.

Гулчеҳра Насирлаевага кўра, чиқиндига нафақат экологик муаммо сифатида ёндашиш, балки улардан тижорий мақсадларда ҳам фойдаланиш мумкин.

— Ҳозирда маиший чиқиндилар таркибида чиримайдиган чиқиндилар ҳиссаси ортиб боряпти. Чиримайдиган чиқиндилар атроф-муҳитни зарарлайди, ўзидан метан газини чиқаради. Бу эса, ўз навбатида, иқлим ўзгаришларига туртки беради. Бошқа томондан, бу чиқиндиларга тижорий нуқтаи назардан ҳам ёндашиш, уни қайта ишлаб, сотиш ҳам мумкин. Давлат, хусусан, экология қўмитаси бу йўналишга кўпроқ хусусий сектор вакилларини жалб қилиши лозим.

Германияда пластик ва шиша идишларни қабул қилиб оладиган автоматлар мавжуд. Улар олган баклажкаси эвазига белгиланган миқдорда чек беради. Бу чек орқали дўконларда ўша қийматда харидни амалга оширишингиз мумкин. Бизнинг аҳолимиз учун ҳам шунга ўхшаш хизматлар йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чиқинди утилизацияси фойдали йўналишга айланиб улгурган. Хусусий корхоналар утилизация билан шуғулланиб, қандай фойда олиши, бу фаолиятни бошлаш учун қандай имтиёзларга эга бўлишини билса, утилизация масаласини ҳал этишда ҳукуматга ёрдам бериши мумкин.

“2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси" қабул қилинган бўлиб, унда чиқиндини йиғиб олиш, саралаш, қайта ишлаш йўналишида вазифалар белгиланган.

Экспертнинг фикрича, стратегияда муҳим вазифалар кўрсатилган, лекин уларни бажариш бўйича аниқ механизмлар мавжуд эмас.

— Мақсадлар бор, вазифалар белгиланган, фақат уларни бажариш босқичига келганда муаммо туғилади. Бундай муаммолар энг қуйи бўғиндан тортиб, идора ва вазирликлар даражасида ҳам учрайди. Зарарли чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича жуда кўп гапирилади. Аммо катта зарар манбаи бўлган электр чиқиндилар, мисол учун, батарейкаларни йиғиб олишнинг аниқ механизми мавжуд эмас. Батарейкаларни кундалик ҳаётимизда жуда кўп ишлатамиз. Улар Ўзбекистон ҳудудига кўп олиб кирилади. Батарейканинг ҳар бир донаси тупроққа катта зарар келтиради, у ўзида оғир металларни сақлайди. Бу мавзу кўп кўтарилган, уни ҳал қилиш кераклигини ҳамма билади. Лекин айнан қандай ҳал қилиш бўйича механизм йўқ. Ҳал қилувчи воситаларни тўғри татбиқ қилишни йўлга қўйиш керак, балки бунинг учун хорижий экспертларни жалб қилиш керакдир. Стратегияда жуда фойдали пунктлар келтирилган. Лекин бу ишларни қандай, қай йўналишда амалга оширишни ўйлаб кўриш керак, − дейди у.  

Мавзуга оид