“Ҳарбий-тиббий эстафета” халқаро мусобақасига старт берилди
Бугун, 4 август куни “Фориш” тоғ полигонида V Халқаро армия ўйинлари доираси Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилаёган “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ҳамда унинг ўринбосарлари, округ қўмондонлари, Россия мудофаа вазири ўринбосари армия-генерали Тимур Иванов, турли давлатлардан келган ҳарбий атташелар, ОАВ вакиллари ҳамда эстрада юлдузлари иштирок этди.
Баҳодир Қурбонов биринчи бор Ўзбекистонда ўтказилаётган “Ҳарбий-тиббий эстафета” танловини очиб берди ва мусобақа иштирокчиларига муваффақият тилаб, энг кучли жамоа ғолиб чиқишига тилак билдирди:
“Авваламбор азиз меҳмонларимиз, ҳарбий-тиббий эстафетаси қатнашчиларини бизнинг меҳмондўст диёримиз ва серқуёш юртимиз — Ўзбекистонда самимий қутламоқчиман. Бугун биз ўз маҳоратини, ҳарбий хизматга зарур бўлган энг олий сифатларини: малака, қатъий характер, профессионаллик ва интизом, уйғунликда ва аниқ ҳаракатлана олиш ҳамда ҳақиқий жанговар вазиятда нафақат муваффақият, балки биринчи навбатда инсонларнинг ҳаёти ва соғлигини белгиловчи тезда қарор қабул қилиш қобилиятини намоён этадиган ҳарбий-тиббиёт профессионаллари беллашувига старт бермоқдамиз.
Шубҳасиз, барча қатнашувчилар муносиб тарзда синовлардан ўтиб, ўзларининг юқори профессионал мутахассислар эканликларини яна бир бор тасдиқлайдилар.
Ижозатингиз билан Ўзбекистон Республикасида ўтказилаётган АрМИ—2019 Ҳарбий-тиббий эстафетасига “старт” бериб, уни очиқ деб эълон қиламан!”
Дастлаб Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган ҳарбий қўшиқлардан иборат дефиле тантанали маросимни очиб берди. Кўргазмали чиқишлар ва концерт дастурлари маросимга ўзгача кайфият бахш этди.
Жорий йилги “АрМИ–2019” мусобақалари рекорд даражадаги иштирокчиларни – 36 давлатдан 217 та жамоанинг 5 мингдан зиёд ҳарбийларини ўз ичига қамраб олди. Дебютант мамлакатлар сифатида бу гал майдонларда Иордания, Камбоджа, Конго ва Мали республикалари, Куба ва Шри-Ланкадан келган ҳарбийлар куч синашади.
НАТО мамлакатлари ҳам “АрМИ” ўйинларига катта қизиқиш билдирган бўлиб, жорий йилда АҚШ, Франция, Туркия ва Словакия каби давлатлар вакиллари кузатувчи мақомида қатнашади.
“АрМИ – 2019” ўйинлари жами 31 та танловдан иборат бўлиб, улардан 16 таси Россияда, тўрттаси Хитойда, учтаси Қозоғистонда, Беларусь ва Эронда иккитадан ҳамда Арманистон, Озарбайжон, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Ўзбекистонда биттадан танловлар ўтказилади.
Мавзуга оид
20:51 / 18.11.2024
“Қуроллар қанчалик замонавий бўлмасин, миллий ғурурсиз иш битмайди” — мактабларга ҳарбий дарслар нега керак?
18:23 / 07.11.2024
Чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтади
17:21 / 14.09.2024
Ўзбекистонлик ҳарбийлар Жанубий Кореяда ўтказилган халқаро мусобақада 1-ўринни қўлга киритди
17:54 / 31.08.2024