Ўзбекистон | 23:02 / 07.08.2019
57752
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида болаларни мактабларнинг 1-синфига қабул қилишда пул ундирилмайдиган бўлди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 августдаги «Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги №651-сонли қарори қабул қилинди.

Ҳукуматнинг ушбу қарорига кўра, 2019 йил 7 июндаги 469-сонли қарор билан тасдиқланган Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан Маъмурий регламентга қуйидагича ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган:

Асосий квота — туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан умумтаълим муассасаларига бириктирилган микроҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг мактаб ёшидаги фарзандлари, отаси ёки онаси I гуруҳ ногирони бўлган ҳамда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сонини инобатга олган ҳолда шакллантирилади.

Қўшимча квота — умумтаълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, тегишли микроҳудуд бўйича асосий квотага тушмаган болалар учун ажратилади.

Болаларни умумтаълим муассасаларига қабул қилишда давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Болаларни умумтаълим муассасаларига асосий квота бўйича қабул қилиш регламентнинг иловасида келтирилган схема бўйича амалга оширилади.

Болаларни умумтаълим муассасаларига қўшимча квота бўйича қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сонли қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим тўғрисидаги Низомга мувофиқ белгиланган умумий талаблар асосида тегишли умумтаълим муассасалари директорлари томонидан амалга оширилади.

Мавзуга оид