Иқтисодиёт | 19:02 / 09.08.2019
75554
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк ички валюта бозоридаги вазиятга изоҳ берди

Фото: Марказий банк

Марказий банк АҚШ долларининг расмий курси кескин кўтарилгани ва ички валюта бозоридаги вазият бўйича расмий изоҳ билан чиқди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг июль ойи иккинчи ярмидан бошлаб, айниқса сўнгги ҳафтада, ички валюта бозорида хорижий валютанинг миллий валютага нисбатан курси ўсиш суръатларининг тезлашиши кузатилди.

Ушбу ҳолатнинг шаклланишига қатор ташқи ва ички омиллар таъсир кўрсатди, дейилади изоҳда.

Ташқи омиллар. Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб, Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари бўлган баъзи мамлакатларда (шу жумладан Россия, Қозоғистон ва Хитой) миллий валюталарнинг қадрсизланиши тенденцияси ривожланмоқда, бу маълум даражада валюта бозори иштирокчилари томонидан валюта курслари ва қарорларни қабул қилиш жараёнига таъсир қилади.

Ички омиллар асосан хўжалик юритувчи субъектлар - импорт қилувчилар томонидан чет эл валютасига талабнинг ортиб бориши билан боғлиқ.

Ички валюта бозорида талаб ва таклифнинг нисбий барқарорлиги шароитида Марказий банкнинг асосий мақсади ишлаб чиқарувчилардан монетар олтинни сотиб олиш натижасида юзага келган ортиқча ликвидликни стерилизациялаш бўлиб, бунда ички валюта бозорида қисқа муддатли курс ўзгаришини юмшатиш учун восита сифатида ишлатилади.

Шу билан бирга, ички валюта бозоридаги мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Марказий банк валюта интервенцияларини амалга оширишда кунлик ўзгаришларнинг янада кенгроқ йўлагига ўтмоқда.

Марказий банк қисқа муддатли ўзгарувчанликни давом эттириш ва фундаментал трендга қайтишни давом эттириш билан курсни маълум бир даражада тартибга солишни истисно этмайди. 

Мавзуга оид