Жаҳон | 01:00 / 15.08.2019
4529
2 дақиқада ўқилади

Дунёда 150 млндан кўпроқ бола мажбурий меҳнатга дучор қилинмоқда

Фото: Depositphotos

Бутун дунёда 150 млндан кўпроқ бола меҳнат қуллигида қолмоқда. Бу ҳақда БМТнинг қулликнинг замонавий шакллари масалалари бўйича махсус маърузачиси Урмила Бхоола маълум қилган. 

“Баҳолашларга кўра, бутун дунёда 152 млн бола (64 млн қиз ва 88 млн ўғил бола) мажбурий меҳнатга дучор қилинади. Бу деярли ҳар ўнинчи бола дегани”, дейилган БМТ маърузасида. 

Унинг таъкидлашича, болаларни эксплуатация қилиш шаклларига уларни гиёҳванд моддалар савдосида қўллаш ва мажбурий эрта никоҳлар ҳам киради. 

Бундан ташқари, энг кам ривожланган давлатларда 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган деярли ҳар тўртинчи бола ўз саломатлиги учун зарарли меҳнат билан шуғулланади. 

Бхооланинг таъкидлашича, Африка болалар меҳнати кўрсаткичлари энг юқорилиги бўйича Осиё-Тинч океанидан ўзиб кетган.

“Болалар қуллиги ночорлик, заиф саломатлик, саводсизлик ва нотавонлик доирасини чуқурлаштиради ва мустаҳкамлайди, болалар ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатади ва барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларга эришишда тўсқинлик қилади”, дейилган БМТда.

Халқаро ташкилотда бу муаммони ҳал қилиш учун “турли омилларнинг кенг спектрини ҳисобга олувчи ва болалар ҳамда оилалар ва жамоаларга қаратилган ёндашувларни қўллаш зарурлиги” таъкидлаб ўтилган. 

Мавзуга оид