Ўзбекистон | 07:34 / 17.08.2019
27774
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги жамғарма ташкил этилди 

Фото: Ўз ССП матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат ЎзА томонидан эълон қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

2019-2021 йилларда қоракўл зотли қўйлар бош сони, жун ва қоракўл тери ишлаб чиқаришни кўпайтиришнинг прогноз параметрлари;

қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этувчи корхоналар рўйхати;

қоракўлчилик соҳасида экспортбоп қоракўлча тери етиштириш ва тиббиёт учун ноёб доривор воситалар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган қоракўлчилик хом ашёси етказиб бериш корхоналари рўйхати;

яйловлар ҳосилдорлигини ошириш мақсадида чўл яйлов ўсимликлари уруғчилиги майдонларини кенгайтириш параметрлари;

наслчилик қоракўлчилик хўжаликларига кучли озуқалар етиштириш мақсадида талаб этиладиган суғориладиган ер майдонларини ажратиш параметрлари;

ўрмон хўжалиги ташкилотларига қарашли узоқ чўл ҳудудларидаги наслчилик қоракўлчилик хўжаликларининг сув чиқариш иншоотлари жойлашган наслчилик қоракўлчилик хўжаликларига ажратиладиган яйлов ер майдонлари тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси, “Халқ банки” АТБ билан биргаликда мазкур қарорга мувофиқ белгиланган прогноз параметрлар ижросини таъминлаш юзасидан туманлар ва қоракўлчилик субъектлари кесимида манзилли чора-тадбирларни тасдиқлайди ҳамда уларнинг самарали ва тўлиқ ижроси юзасидан тизимли мониторинг ўрнатади.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда назарда тутилган ўрмон билан қопланмаган яйлов ер майдонларини хатловдан ўтказиб, уларнинг ўрмон хўжалиги ташкилотларидан наслчилик қоракўлчилик хўжаликларига ажратиб берилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси, Навоий ва Қашқадарё вилояти ҳокимликларининг Навоий вилоятида қоракўл зотли қўйларнинг сур ранги бўйича, Қашқадарё вилоятида қора ва кўк ранги бўйича юқори элита синфли наслдор қоракўл қўйлар етиштиришга ихтисослаштирилган Илмий-наслчилик тажриба станцияларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қуйидагилар Илмий-наслчилик тажриба станцияларининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

юқори наслдор элита синфига мансуб сур, қора ва кўк рангли қоракўл зотли қўйлар отарларини илмий асосда ташкил этиш;

отарларда наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини тизимли ташкил этиш, бунда ранглар бўйича қимматли экспортбоп ярим доира қаламгул, қовурғасимон ва ясси гул типидаги қоракўл қўйлар селекциясига алоҳида эътибор қаратиш;

серпушт қоракўл қўйларни ўзаро жуфтлаш орқали жаҳон мўйна бозорлари талабидан келиб чиқиб, қоракўл терининг рақобатбардош турларини яратиш;

етиштирилган юқори маҳсулдор қоракўл қўй ва қўчқорларни аҳоли хонадонларига, деҳқон ҳамда фермер хўжаликларига тизимли равишда етказиб беришни йўлга қўйиш.

Ушбу станцияларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Белгиланишича, 2019-2023 йилларда қоракўлчилик хўжаликларига етиштириб экспортга сотилган ҳар бир дона қоракўл териси учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 50 минг сўмдан ва ҳар бир дона қоракўлча териси учун 75 минг сўмдан субсидиялар ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда қоракўлчилик субъектларига субсидия бериш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқлайди.

Республикада қоракўлчилик соҳасида наслчилик селекция ишларини такомиллаштириш, жаҳон бозори талабларига мос бўлган рақобатбардош қоракўл териси ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлашни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси ҳузурида Қоракўлчиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг манбалари этиб белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан фоиз тўловларисиз қайтариш шарти билан 7 йил муддатга 2019-2020 йилларда ажратиладиган 50 миллиард сўм;

Республика “Қоракўлчилик” уюшмасига аъзо ташкилотларнинг ҳамда бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий ажратмалари;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари ва кредитлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгиланишича, Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга ишлатилади:

наслчилик-селекция ишларини илмий асосда ташкил этиш ва уни такомиллаштириш;

қоракўлчилик соҳасида экспортбоп қоракўл ва қоракўлча тери етиштириш;

қоракўлчилик маҳсулотларини чуқур қайта ишловчи корхоналарни ташкил этиш;

соҳада ресурс тежамкор ускуналар сотиб олиш ва озуқа цехлари (гранулятор)ни ташкил этиш ҳамда қоракўлчилик субъектлари томонидан қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатларини сотиб олишни молиялаштириш;

узоқ чўл ҳудудларида сув чиқариш иншоотларини барпо этиш ҳамда мавжудларини таъмирлаш ва модернизация қилиш;

соҳага янги замонавий технологиялар, инновацион ғоялар ва ишланмаларни олиб келиш ҳамда жорий этиш;

мутахассисларнинг халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этиши, соҳадаги кадрлар малакасини ошириш, шу жумладан, ёш мутахассисларнинг хорижда ўқиши, стажировка ўташи, хорижий мутахассис ва маслаҳатчиларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

Республика “Қоракўлчилик” уюшмасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ишчи ходимларни моддий ва ижтимоий рағбатлантириш;

Республика “Қоракўлчилик” уюшмасига юклатилган бошқа вазифалар ижросини таъминлаш.

Мавзуга оид