Жамият | 10:10 / 18.08.2019
112712
7 дақиқада ўқилади

Биз нега ошкоралик истаймиз?

Битта кўз яхшими, ўнтами?

Бирор нарсани назорат қилмоқчи бўлсангиз, кўзлар кўпроқ бўлгани яхши, дейсиз албатта. Гап бутун бошли жамият ичида кечаётган жараёнлар ҳақида кетаётган бўлса-чи? Унда кўзлар минг эмас ҳатто – миллионта бўлгани яхши.

Дарахтнинг бир нуқтасига касаллик тушиб, чирий бошлаганини ўз вақтида билиб қолган деҳқон –   унинг омади бор экан – ўз вақтида муаммони билиб қолди. Омадга суяниб қолишни хоҳламаган деҳқоннинг орзуси – дарахт устидан муттасил назорат ўрнатиш. Ундан ҳам ўтиб тушадиган орзуси – дарахтнинг ички муаммоларини ҳал қилиб турадиган восита бўлса-ю, деҳқоннинг ташвишини аритиб турса.

Аслида бундай восита бор, бу – дарахтнинг ички иммунитети. Айнан у сусайиб қолганда дарахтни касаллик ишғол этади ва деҳқон бошига ташвиш келтиради. Иммунитет қандай ишлайди?

Иммунитет бу бир тизим бўлиб, унинг кўп сонли – миллардлаб вакиллари бор. Мазкур вакиллар танадаги муаммоларни ўз вақтида пайқаб, бутун организмни бохабар қилади. Энг муҳими махсус – тананинг барча тизимларини ҳаракатга келтирувчи марказлар бохабар қилинади. Натижада бутун тананинг ички имкониятлари муаммога қарши ташланади ва айнан шу учун, масалан, ҳар биримизнинг организмимиз касаллик қўзғатувчи омилларга – муаммоларга доимий равишда курашиб туради. Бу тизим ишдан чиқса биз тезда ҳалок бўламиз...

Мазкур – муаммоларга қарши курашиш механизмини агарда биз жамиятга нисбатан қўллайдиган бўлсак, уни ижтимоий иммунитет деб атасак бўлади ва унинг асосий воситаси деб ошкораликни эътироф этишимиз лозим.

Миллионта кўз

Мамлакатни организм деб тасаввур этайлик. Унда тананинг таркибий бўлакчалари бўлмиш ҳужайраларни инсонлар деб олишимизга тўғри келади. Тана иммунитетини ташкил қилувчи миллардлаб махсус ҳужайраларни эса орамиздаги муаммоларга бефарқ бўлмаган миллионлаб кишиларга нисбат берамиз (бефарқ бўлмаган одамлар ичимизда кўплигига мен шахсан ишонаман).

Ошкоралик эса бу ерда иммунитет ишлашини – хавф ҳақидаги сигналлар тўсиқсиз тарқалишини таъминлаб турувчи умумий муҳит. Ошкорасизлик эса аксинча – сигналларни ўчирувчи муҳит.

Биз чорак аср мобайнида иммунитети сал кам ўлган жамият шароитида яшадик. Барча соҳаларнинг ачинарли аҳволга келгани, ҳамма ёқ муаммоларга ботиб қолгани ва нимасини яширамиз, мамлакат инқирозга яқинлашиб қолганининг асосий сабабларидан бири ҳам шунда – муаммоларни очиқлаш муҳити мавжуд бўлмаганида.

Яна бироз тасаввурга бериламиз – ҳеч бир ижтимоий (яъни, жамиятга алоқаси бор) муаммоси яширин қолмайдиган, муаммо янги урчиган пайтиданоқ ошкор этиладиган ва унга қарши чора кўриладиган жамиятни тасаввур этамиз. Бундай, миллионлаб бефарқ бўлмаган кўзлари бор, хавотир ташувчи сигналлар тўсиқсиз тарқаладиган жамиятда муаммоларга оператив (тезкор) ва интерактив (мунтазам мулоқот) режимида курашилади. Бу сизга соғлом организмни эслатмаяптими?

Ошкоралик мавжуд бўлмаган мамлакат бу – ичида нима бўлаётганини ўзи билмайдиган, натижада тизимлари ишдан чиққан, касалликларга асир бўлиб, бир кун инқирозга учрашга маҳкум бўлган организм.

Ўз-ўзини тузатиб турувчи тизим

Рақамли қурилмаларимизни бошқарувчи Microsoft Windows, MacOS, Linux, ANDROID каби оператив тизимлар устида ишлаётган мутахассисларнинг мақсадларидан бири – оператив равишда ўз-ўзини тузатиб турадиган ақлли тизимни яратиш. Бунга эришган компания мазкур бозорда устунликка эга бўлади зеро.

Жамиятлар ҳам шу – ўз муаммоларини оператив равишда ҳал қила оладиган жамият бошқалардан ўзиб кетади, муваффақият қозонади, оёғида мустаҳкам туради, келажагига ишонч билан қарайди. Бунга эса ошкоралик билан эришилади. Камчиликларини ошкор этиш тизими бўлмаган, шу аснода ўзини-ўзи тузата олмайдиган жамият эса, ҳали айтганимиздек, муаммолар ботқоғига ботиб қолади.  

«Бир калладан минг калла...»

Демократиянинг энг асосий унсурларидан бири – ошкоралик. Ошкораликсиз демократияни тасаввур этиб бўлмайди. Ошкораликнинг шаксиз фойдаларидан бири – жамиятнинг ақлий салоҳиятидек бебаҳо неъматдан унумли фойдаланиш.

Тасаввур этинг-а, жамият ичида нодир интеллект эгалари бўлса-ю, жамият улардан фойдаланмаса! Бундай ачинарли «натижа»га қандай «эришилади»? Ошкорасизлик билан! Билим ва интеллект эгалари ўз имкониятларини рўёбга чиқаролмайдиган жамият – ютқазувчи жамият. Бу тоифа одамлар жамият ишларида иштирок этмаса, жамият ишларига ким «суқилиб» киради? Жавоб: моддий манфаатини устун қўйган тубан одамлар жамоат ишларида «фаоллашади» ва охир-оқибат ўшалар барча поғоналарни эгаллашади. Чунки уларда андиша бўлмайди – ошкорасизлик муҳитида айнан шуларнинг иши юришади.

Давлат идораларини тубан одамлар эгаллаб олган мамлакатни энди тасаввур этаверинг! Келажаги борми унинг?

Ислоҳотларнинг дўсти ким?

Юқоридагидан маълум бўлиб турибдики, ислоҳотларнинг, ислоҳотчи президентнинг дўсти камчиликларни яширишга уринаётган, ошкораликка тўсқинлик қилаётган кучлар эмас, балки айнан муаммоларни ошкор қилишга уринаётганлардир. Шулар ислоҳотчи президентнинг ишини осон қилади, жамият ижтимоий иммунитети юзага келишига, мамлакат ўз-ўзини тузатувчи тизимга айланишига ҳизмат қилади, ижтимоий лейкоцитлар (иммунитет ҳужайралари) вазифасини ўтаб беришади.

Камчиликлар ошкор бўлишини ёмон кўрадиган, ОАВга ола қарайдиган мансабдорлар – жамият ислоҳи эртага уларнинг ҳам зурриёти учун фойда эканлигини тушунмайдиган, бир қадам нарёқни кўра олмайдиган савиясиз қатлам бўлиб, улардан давлат идораларини тозалаш мамлакат раҳбариятининг энг муҳим вазифаларидандир. 

Биз нега ошкоралик истаймиз?

Ривожланган мамлакатларга назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг ривожланишида ҳал қилувчи ролни айнан ошкоралик муҳити ўйнаётганини кўрамиз. Ушбу жамиятларда камчиликлар фаровон ҳаётга тўсқинлик деб қабул қилинганидан ташқари, бу камчиликларга кўпчилик бўлиб, омматан курашиш кераклигига қарор қилишган – ҳамма, бирлашиб, камчиликларни «кўргани кўзлари йўқ» уларнинг. Кимдир автомашина деразасидан чиқиндини йўлга ташласа, буни кўриб қолган, орқада кетаётган бошқа биров дарров полицияга хабар беради. Нега? Чақимчиликми? Йўқ! Минг машаққат билан қурилган тартибли жамиятларига путур етишига тўсқинлик қилиш учун – «бугун биттаси йўлга чиқинди ташлайди, эртага, индамаса, ўнтаси». Улар шу аснода фарзандлари ҳам тартибли жамиятда яшашларини таъминлашади.

Ошкоралик муаммоларнинг душмани, муаммоларни чиркин манфаат топиш манбаи қилиб олганларнинг, муаммоларга ботган муҳитни «ёғли ҳаёт» манбаи қилиб олганларнинг душмани, халқ ризқини панада ўғирлайдиганларнинг душмани, қоронғиликни ёруғликдан афзал биладиганларнинг душмани.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид