МҲОдаги махсус операция кучлари бўлинмалари жанговар тайёргарликнинг янгича усулларини намойиш этди
Марказий ҳарбий округ (МҲО) жанговар тайёргарлик бошқармаси ҳамда Махсус операция кучлари бўлими томонидан Мудофаа вазирлиги қўшинларида жанговар тайёргарликнинг оддий ва самарали усулларини қўллаш бўйича бир нечта усул ва методлар ишлаб чиқилди. Бу ҳақда МҲО матбуот хизмати маълум қилди.
Жиззах гарнизонидаги Махсус операция кучлари жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан янгича ёндашувдаги ушбу машқлар ҳарбий эстафета мусобақаси кўринишида кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон Қуролли Кучларини қудратини оширишда бевосита жанговар тайёргарлик машғулотларининг ўрни катта. Шу сабабли ҳозирги вақтда оддий, лекин самарали усул ва методлар ўйлаб топилмоқда.
МҲО қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Пўлат Сотиволдиев томонидан тавсия қилинаётган амалий машқ усуллари ва унга керак бўладиган ўқув моддий база оддийлиги билан фарқланади. Кам вақт сарфлаб, қўлбола воситалардан фойдаланган ҳолда яратилган “машқ майдончаси” ҳарбий хизматчиларнинг бўлинма ва якка тартибда жисмоний қобилиятлари ва билимларини оширишга хизмат қилади.
Жумладан, жамоавий комплекс ўқитиш, кўз боғланган ҳолда қуролни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, жанг майдонида ҳар усулларда отиш ҳолатини эгаллаш, комплекс шуғулланиш, жанг майдонидан ярадорларни олиб чиқиш, ўқ-дори етказиш, тўсин билан жамоавий шуғулланиш ва бошқа машқлар ҳарбий жамоалар ўртасидаги соғлом рақобат муҳитини яратиб, ҳарбий хизматчиларнинг эпчиллик ва чаққонлик фазилатларини янада ривожлантиради.
Мисол учун, “Аскарлар ёпинчиғи” методида айлана шаклда ўқ-отар қуроллар намуналари қўйилади. Ҳарбий хизматчилар эса қуроллардан бир қадам узоқликда туришади. Команда берилгандан сўнг, ҳаракат соат йўналиши ёки қарама қарши йўналиш бўйлаб алмашган ҳолда давом эттирилади. Бунда бўлинмаларнинг барча таркибдаги қуролларни нотўлиқ қисмларга ажратиш-йиғиш билим ва малакаси оширилади.
Шунингдек, ҳарбий округда инновацион ёндашувлар асосидаги ихтирочилик ишлари йўлга қўйилган бўлиб, ишланмалар ҳарбий ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Мавзуга оид
09:24 / 02.11.2024
Қозоғистонда ўзини ўзи мудофаа қилиш ва кўнгиллилар тузилмалари пайдо бўлади
15:30 / 29.10.2024
РФ Мудофаа вазирлиги алоқа бошқармаси собиқ бошлиғи пора учун ҳибсга олинди
08:40 / 29.10.2024
Литвадаги сайловлар ғолиби мудофаа харажатларини оширмоқчи
15:30 / 22.10.2024